Ўзбекистондаги инфратузилма транзит ҳаби бўлиш учун қанчалик тайёр? Азиз Абдуҳакимов жавоб берди

Ўзбекистон 15:30 / 19.02.2020 2191

Тошкент шаҳрида «Uzbekistan Airports, Aviation&Logistics Forum» (UAALF-2020) халқаро авиация форуми давом этмоқда. Форумнинг 1-сессиясидан кейин бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов Kun.uz мухбирига интервью берди.

Бугуни кунда Ўзбекистон Марказий Осиёда транзит ҳаб сифатида қай даражада рақобатбардош бўлиши мумкин?

– Биринчидан, шуни айтиш керакки, Ўзбекистон кўп мамлакатлар билан визасиз режимга эга. 101та мамлакат фуқароларига нисбатан Ўзбекистонда 5 сутка бўлиш режими амал қилади. Бу ҳам бизнинг транзит салоҳиятимиз саналади.

Ўзбекистон географик нуқтайи назардан жуда қулай жойлашган. Жануби-шарқий Осиёдан Яқин Шарқ, Европага деярли барча рейслар Ўзбекистонни кесиб ўтади. Бундай қулай жойлашув, қулай иқлим шароитларидан самарали фойдаланишимиз мумкин.

Бундан ташқари, биз авиакеросин бўйича қулай шароитлар яратиш ва аэропортларда хизмат кўрсатиш нархлари бўйича иш олиб боряпмиз. Ўзбекистоннинг ҳудудий аэропортларида нархлар камида 30 фоизга пасайтирилади. Бу ҳам инвестицион ва транзит жозибадорликни оширади.

Ҳаво макони, кўп сонли авиакомпаниялар парвозлари вақтида Ўзбекистонга келиши – бу ҳам биз учун муҳим йўналиш. Бунинг учун янги тизим яратиляпти. У хорижий авиакомпанияларга Ўзбекистон ҳудудидан учиб ўтишга тезда рухсат олиш имконини беради.

Умуман олганда, Ўзбекистон ҳам тарихий, ҳам географик, ҳам иқлим жиҳатидан минтақада транзит ҳаб бўлиш энг жозибадор шароитларга эга.

Транзит ҳаби сифатида қайси йўналишларга эътибор кучайтирилади? Жануби-шарқий Осиёгами?

– Табиийки, парвозлар нуқтайи назаридан, энг катта оқимлар асосан Жануби-шарқий Осиё ва Европа ҳамда Яқин Шарқ йўналишлари. Бу ерда биз ана шу парвозлар учун транзит пунктга айланишни режалаштиряпмиз.

Ўзбекистондаги инфратузилма бунга қай даражада тайёр ва бу қачон амалга оширилади?

– Бир қатор аэропортлар реконструкция қилинди. Энди самолётларнинг барча турларини қабул қилиш мумкин. Бундан ташқари, ҳозирда бир қатор минтақавий аэропортларнинг даражасини ошириш бўйича режалар бор. Самарқанд аэропорти бўйича катта режалар мавжуд. Термизда катта ишлар олиб борилди. У ерда учиш-қўниш йўлаги бўйича ишлар охирига етказилмоқда.

Биласизки, Тошкентда ҳам иккинчи аэропортни ишга тушириш бўйича ишлар олиб бориляпти. Навоий юк аэропортида ҳам катта ишлар амалга оширилди. Афсуски, унинг транзит имкониятларидан тўлиқ фойдаланилмаган. Инфратузилма нуқтайи назаридан бизда ҳамма нарса бор, барчаси тайёр. Биз уларни максимал даражада рақобатбардош қилиш устида ишлашиимиз керак.

Биринчи навбатда, аэропортлар томонидан кўрсатилаётган хизматлар нархлари бошқа рақобатчи аэропортларга қараганда жозибадор ва қулай бўлиши керак. Иккинчидан, бу керосин нархи. Бу авиакомпанияларининг транзит пункти сифатидаги танловига таъсир кўрсатади.

Кўпроқ янгиликлар