Яшнободда ерусти метроси қурилиши сабаб ошхонаси бузилган тадбиркор ва ҳокимлик келишиб олишди

Жамият 20:27 / 14.02.2020 4025

Kun.uz 13 февраль куни «Тошкентда метро қурилиши сабаб биноси бузилган тадбиркорга нега компенсация тўланмади?» сарлавҳали мақола эълон қилган эди.

Унда Яшнобод туманида ерусти метро қурилиши сабаб «Бахромхон» МЧЖга тегишли ошхона бузилгани, тадбиркор ва ҳокимлик ўртасида компенсация масаласи ҳал этилмагани кўрсатилган эди.

Шундан сўнг Тошкент шаҳар ҳокимиятида ҳокимлик, тадбиркор ва Kun.uz вакили иштирокида масалага ойдинлик киритилди.

Унга кўра, тадбиркорга амалда ижара шартларида фойдаланиб келган 18 сотих ердаги ошхонаси ўрнига компенсация тариқасида худди шунча сотихли жойни ижарага олиб, белгиланган миқдордаги компенсация пулини олиш ёки бўлмаса доимий фойдаланиш учун 12 сотих ер майдони ажратиб берилиши таклиф қилинган.

Тадбиркор ошхонаси бузилгани сабабли компенсация эвазига 12 сотихли ерни доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан олишга розилик билдирган. Шу тариқа Яшнобод туман ҳокимлиги ва тадбиркор ўртасида келишувга эришилди.

Эндиликда тадбиркор ўзига ажратилган ерда ўз тадбиркорлигини давом эттириши ва қурилиш ишларини бошлаши мумкин.

Кўпроқ янгиликлар