Улуғбек Мустафоев: «Свет» ҳар ўчганда бизни қандай эслашларини жуда яхши биламан

Ўзбекистон 22:02 / 14.02.2020 26891

Тадбирда берилган маълумотларга қараганда «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ таркибида 16та электр таъминоти корхонаси, шундан 0,4-6-10-35-110 кВ кучланишли электр тармоқларини эксплуатация, шунингдек, мазкур объектларнинг ривожланиши доирасида янги қурилиш, реконструкция, капитал ва жорий таъмирлаш ишларини амалга оширувчи 14та ҳудудий электр тармоқлари корхонаси фаолияти йўлга қўйилган.

2019 йилда истеъмолчиларга 52 095,9 млн кВт соат электр энергияси етказиб берилган. Ўртача бир кунлик эҳтиёж куз-қиш мавсумида 149,4 млн кВт соатни ташкил қилган (шундан, 47,9 млн кВт с аҳоли учун), ёз кунлари кунлик истеъмол 162,7 млн кВт соатга тенг бўлган (аҳоли учун 29,2 кВт с).

«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ раиси Улуғбек Мустафоев аҳоли орасида «свет» ўчиши билан боғлиқ эътирозлар юзасидан вазиятни изоҳлади.

«Кўпчилик «нега сайлов кунлари, байрам кунлари чироқ ўчмайди, кейин яна ўчишни бошлайди?» деб эътироз билдиради, бунга халқимиз ҳақли албатта. Мен ўзим ҳам қишлоқда яшаганман, аҳволдан бохабарман, ҳар «свет» ўчишида бизни қандай эслашларини жуда яхши биламан.

Айнан сайлов ва байрам кунлари бизда бир киловатт электр энергиясининг таннархи 9-10 центга чиқиб кетади. Чунки ўша кунлари тиғиз тартибда ишлаймиз ва вазиятдан чиқиш учун мазут ёқамиз. Аммо биз ҳар доим ҳам мазут ёқа олмаймиз, ҳам танқис маҳсулот, ҳам жуда қимматга тушади. Ўшандай кунлари, таннарх 9-10 центга чиққанда ҳам аҳоли учун нарх ўзгармайди – 295 сўм, бу 3 цент атрофида дегани.

Агар биз етказиб берилган электр энергияси учун баҳони 5-6 центга кўтарганимизда эди, инвесторлар жуда кўпаяр, ишлаб чиқариш ҳажми ошарди. Бу босқичма-босқич бажариладиган иш, аҳолининг турмуш даражаси, даромадлари ошиши билан амалга оширамиз», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

 

Кўпроқ янгиликлар