Илҳом Неъматов Ўзбекистонни урушдан кейинги Германия билан таққослади

Ўзбекистон 21:50 / 14.02.2020 11444

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов мамлакатнинг жорий сиёсатини Германиянинг урушдан кейинги даври сиёсати билан таққослади.

Неъматовнинг сўзларига кўра, Германиянинг очиқлиги мамлакатга инвестицияларни жалб этиш ва иқтисодиётни қайта тиклаш имконини берган. У Ўзбекистон ўзининг хорижий ҳамкорлари билан очиқлик сиёсатини олиб бориш истагида эканини таъкидлади.

«Бирор-бир давлат чет эл сармояларисиз ривожланмаган, ривожланмайди ҳам. Масалан, Германияни мисол келтираман. Иккинчи жаҳон урушидан кейин мутлақо вайронага айланган. Мен ўз дипломатик карьерамни ана шу мамлакатда бошлаганман ва айтишим мумкинки, иккинчи жаҳон урушидан кейин Германия барча эшикларини очган ва ҳозирги кунда мана шундай ривожланишга келган. Ўзбекистон ҳам барча мамлакатлар билан худди ана шу очиқлик сиёсатини олиб боряпти», дея Илҳом Неъматовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Неъматов чет эл сармояларини олиб келиш, экспортни кучайтириш, Ўзбекистонга келувчи туристлар сонини ошириш, инсон ҳуқуқини таъминлаш учун ана шу очиқлик сиёсати жорий йилда ҳам давом эттирилишини қайд этди. 

«Сўнгги йилларда сиёсий ва иқтисодий изоляциядан тўлиқ озод бўлдик. Президентимиз аввалроқ Марказий Осиё давлатлари билан 25 йил давомида ўртамизда пайдо бўлган катта музни эритиш учун ҳали кўп иш қилишимиз кераклигини айтгандилар. Бу ҳақиқатан ҳам амалга оширилди – муз эритилди. Бугунги кунда Марказий Осиё давлатлари билан муносабатларда катта бурилиш бўлди, алоқалар юқори поғонага чиқди», деди Неъматов.

Кўпроқ янгиликлар