Тошкентда метро қурилиши сабаб биноси бузилган тадбиркорга нега компенсация тўланмади?

Жамият 21:52 / 13.02.2020 14366

2017 йил Тошкентда электрлаштирилган халқа темирйўл линияси қурилиши бошланган эди. Шу сабабли президент ва шаҳар ҳокимининг тегишли қарорларига асосан, қатор ҳудудлардаги иморатлар бузилишга тушган.

Таҳририятимизга «Баҳромхон» МЧЖдан шикоят келиб тушди. Тадбиркорнинг айтишича, ерусти метроси қурилиши туфайли «снос»га тушган мол-мулки учун белгиланган тартибда компенсация берилмаган.

Мурожаатни ўрганиш мақсадида Яшнобод тумани Оҳангарон шоҳ кўчаси 1-уйда бўлиб, жамиятнинг иш бошқарувчиси Баҳром Розиқов билан суҳбатлашдик.

«Метро қурилиши муносабати билан ошхонамиз бузилди. Омборхоналар очиқ қолди. Ҳозир нарсаларимизни қўшнимизникига қўйиб турибмиз. Бир йил ҳам ўтиб кетди. Ҳалигача ижарачиларга ўхшаб юрибмиз.

Ошхонамизнинг жойи 1900 кв метрга яқин эди. Ҳозир бизга ўшани ярмича жой беришди. Қурилишга ҳамма нарсамиз тайёр. Фақат маблағ масаласи муаммо туғдиряпти.

Бузилган ошхонамиз жойига тенг жой беришмаяпти. Берамиз, деб ваъда қилишади. Лекин қачон бериши номаълум.

Биз лойиҳани 1849 м.кв. жойга мослаб тайёрлаганмиз. Ўша жойни берса, кейин қурилиш ишларини бошлар эдик.

Компенсация пулини ҳам беришмади. Биз ҳаммасини ҳисоблаб қўйганмиз. Ҳокимиятга экспертизадан ўтказилиб, хулосаси олинган 1,6 млрд сўмлик қиймат баҳосини ҳам берганмиз. Лекин ҳалигача жавоб олмадик» – дейди Розиқов.

Шундан сўнг Яшнобод туман ҳокимлигида бўлдик. Айни шу куни ҳокимликда бу вазият бўйича изоҳ бера оладиган бирор мансабдор билан учрашишнинг имкони бўлмаган бўлса-да, масала юзасидан ёзма равишда муносабат билдирилиши маълум қилинди.

Ваъда қилинганидек, масала юзасидан ҳокимлик позицияси ёзма равишда тақдим этилди.

Унга кўра, «Баҳромхон» МЧЖга Яшнобод туманидаги давлат захирасидаги бўш ер майдонлари таклиф қилинган, лекин ташкилот раҳбарияти ушбу кўрсатилган жойларни маъқулламасдан, балки «Роҳат» айланаси атрофида ўз мижозларига эгалиги, бошқа жойдан ер олиб қурган тақдирда мижозларини йўқотиши мумкинлигини таъкидлаб, Тошкент шаҳар ҳокимлигига мурожаат қилган ва аризаси қаноатлантирилган.

Тадбиркорга «Роҳат» автосалони орқасидан 0,12 гектарли ер майдони ажратиб бериш тўғрисида шаҳар ҳокимининг қарори қабул қилинган.

Суриштирувимиз давомида МЧЖга тааллуқли ҳужжатлар билан танишиб чиқдик. МЧЖга тегишли ошхона бузилишидан олдин, 2018 йил 3 декабрда Яшнобод туман ҳокими вазифасини бажарувчиси Х.Тиллашайхов имзоси билан берилган кафолат хатида «туман ҳокимияти қошида тузилган комиссия хулосасига асосан бузилаётган мулкингиз қийматидан кам бўлмаган компенсация тури ажратилиши кафолатланади» деб ваъда берилган.

Лекин ҳокимлик берган маълумотномада компенсация пули ҳақида эса ҳеч нарса дейилмаган.

Кўчмас мулк объектига кадастр иши ҳужжатига кўра, МЧЖга тегишли ер майдони бузилишдан олдин 1849 м.кв. бўлган. Яъни 18 сотихли ошхона бузилиб, ўрнига компенсация тариқасида 12 сотихли ер майдони берилган.

Ажабланарлиси шуки, ҳокимлик қайси қонун ҳужжатларига асосан тадбиркор йўқотган 18 сотихли ер майдони ўрнига 12 сотих ажратиб қутулмоқчи?

Ахир қонунда, фуқаролар томонидан умрбод эгалик қилиш учун мерос қилиб қолдириш ҳуқуқи билан фойдаланиладиган ер участкалари олиб қўйилган тақдирда уларга умрбод эгалик қилиш учун мерос қилиб қолдириш ҳуқуқи билан тенг қийматли янги ер участкаси берилиши қатъий белгилаб қўйилган эмасми?

Бундан ташқари, тадбиркорнинг кўчмас мулк объектлари бузилиши билан боғлиқ ҳолда кўрган зарари ҳам қоплаб берилмаган.

Ваҳоланки, ер участкаларини олиб қўйиш – бузилаётган иморатлар ва дарахтлар қийматини фуқароларга тўлаш, ер участкасини олиб қўйиш муносабати билан мулкдорларга етказилган зарарларни қоплаш орқали амалга оширилиши керак.

Кўпроқ янгиликлар