Трампдан яна бир миграцион чеклов: навбат талабаларга

Жаҳон 08:05 / 08.02.2020 34905

Forbes`нинг ёзишича, бу – талабанинг ўқиш давомида Қўшма Штатларда бўлиши муддатини қисқартирадиган янги қоида жорий этилаётган билан боғлиқ.

Амалдаги тартибга биноан, талаба АҚШ ҳудудига келганидан кейин то ўқишини тугатгунча ундан ҳеч қанақа қўшимча рухсатнома талаб қилинмайди.

Кўриб чиқилаётган таклифга асосан эса, талабанинг АҚШда қолиши учун максимум муддат қонуний тарзда белгилаб қўйилади.

Максимум муддатнинг белгилаб қўйилиши талабалар учун ноаниқликларни кўпайтиради. Энди улар ўқишнинг бошқа босқичига ўтишса, айтайлик, бакалавриатдан магистратурага ўтишгани учун янги рухсатнома олишларига тўғри келади.

Ёки ўқув йили кутилганидан узоқроқ чўзилиб кетса ҳам, рухсатномани янгилашга тўғри келади.

Таълим ташкилотларидан олинган сўров натижаларига кўра, АҚШда қолиш муддатини чўздириш талабага ҳар сафар ортиқча 1 500 доллар ёки ундан кўпроққа тушиши мумкин.

Қўшимчасига, талабалар USCIS (АҚШ Фуқаролик ва миграция хизматлари ташкилоти) томонидан қолиш муддатини чўзишга доир талабларининг рад этилиши ҳолатларига ҳам дуч келишлари мумкин.

Масалан, ҳозир айнан шу муаммо H-1B визасига эга хорижликлар билан тез-тез кузатиляпти. Бу виза АҚШда 3 йил ишлаш ҳуқуқини беради ва унинг муддатини яна 3йилга чўздириш мумкин. Аммо муддатни чўздириш учун берилган аризаларнинг рад этилиши ҳолатлари кўпайиб боряпти.

Ўз навбатида, таълим ташкилотлари ва таҳлилчилар охирги пайтларда Қўшма Штатларда халқаро талабалар фоизининг камайгани учун миграцияни чеклаш сиёсатини юритаётган Трампни айблашяпти. Чунки янги қоидалар талабалар учун харажатларни кўпайтиради, бу эса ўз навбатидан хориждан Америкага студентлар оқимини пасайтиради.

Боз устига, USCIS ҳам жуда кўп талабанинг қолиш муддатини чўздириш талабини бирдай қондира олмаслиги эҳтимолдан йироқ эмас. Натижада талаба муддатни узайтириш учун ҳатто бир йил олдиндан ҳаракат бошлашига тўғри келиши мумкин.

Агар талаба муддатни узайтириш аризасини тўлдирса-ю, бироқ USCIS уни вақтида кўриб чиқишга улгурмаса, унда талаба то давлатни тарк этгунича яна қатор муаммоларга йўлиқиши мумкин.

«Агар мен ариза топширган бўлсам-у, лекин ташкилот уни ўз вақтида кўриб чиқишга улгурмаса, нима бўлади?» дея берилган саволга USCIS қуйидагича жавоб қайтарган: унда Ички ишлар вазирлиги (DHS) сени давлатдан чиқариб юбориш учун қонуний чора қўллаши мумкин.

Америкада ўқиш нархлари ошиб, турли ноаниқликлар пайдо бўлаётган бир пайтда бошқа давлатларда чет эллик талабалар фоизи ортиб боряпти. Масалан, Канада ва Австралияда бу борада ўсиш кузатилмоқда. Шундай шароитда, Трампнинг миграцияни чеклаш сиёсати хорижлик ёшларнинг АҚШда ўқишга бўлган қизиқишини сусайтириши эҳтимоли йўқ эмас.

Кўпроқ янгиликлар