Грипп: Аломатлар, олдини олиш ва даволаш усуллари

Kun.uz light 16:43 / 02.02.2020 37263

Клиник кўринишлари

Грипп кескин бошланади: бир неча соат ичида беморда иситма, йўтал (одатда қуруқ), бош оғриғи, мушаклар ва бўғимларда оғриқ, заифлик, томоқ яллиғланиши ва бурун оқиши пайдо бўлади. Ушбу аломатларнинг баъзилари мавжуд бўлмаслиги мумкин, аммо юқори иситма ва кескин бошланиш касалликнинг классик белгиларидир. Бошқача қилиб айтганда, агар сиз бир неча кун давомида бетоблик ҳис қилиб юриб, кейин «йиқилиб» қолсангиз, унда бу грипп эмас, балки ўткир респиратор вирусли инфекция яъни томоқ оғриғидир.  

Аксарият одамлар бир ҳафта ичида даволанмасдан тузалиб кетишади. Аммо хавф гуруҳи остидаги грипп жиддий оқибатларга ва ўлимга олиб келиши мумкин.

Хавф гуруҳлари:

  • икки ёшгача бўлган болалар; 
  • 65 ёшдан катта қариялар;
  • ҳомиладор аёллар;
  • ҳар қандай ёшдаги сурункали юрак, ўпка, буйрак, жигар, қон касалликлари,   шунингдек қандли диабетдан азият чекувчилар; 
  • иммунитети пасайган беморлар (масалан, ОИВ билан касалланганлар).
Фото: parents.com

Вирус юқтириш йўллари

Вирус ҳаво томчилари орқали қийинчиликсиз юқади ва айнан шу сабабли мактаб, болалар боғчаси, офис ва бошқа одам гавжум жойларга тез фурсатларда тарқалади. Кўпинча бу касаллик бемор йўталиши ёки аксириши орқали юқади, аммо қўл билан саломлашишда ҳам вирус ўтиши мумкин (масалан, агар бемор йўталаётганда оғзини қўли билан ёпса, сўнг айнан шу қўлида соғлом киши билан саломлашса ва у бу қўл билан бурнини ушласа). Шунинг учун вирус тарқалиши олдини олишнинг асосий чоралари — ниқоб кийиш (соғлом одам эмас, бетоблар) ва қўлни совун билан мунтазам ювиб туриш.  

Юқумли касалликнинг яширин даври (бетоб билан алоқа қилишдан касаллик белгилари пайдо бўлишигача бўлган вақт) — 2 кун.  

Мавсумий грипп эпидемиялари

Мавсумий грипп эпидемиялари кўпинча декабрдан мартгача кузатилади (бир йил кўтарилиш декабрда кузатилса, бошқасида — февралда). Ҳар йили катталарнинг 5-10 фоизи ва болаларнинг 20-30 фоизи гриппга чалинади. Аксарият инсонлар касалликка дош беришга қодир, аммо йилига 3-5 миллион одам гриппнинг оғир турини бошдан кечиради, бу эса 250-500 минг, баъзида эса 1 миллионгача кишининг ўлимига олиб келади.  

Профилактика

Гриппнинг олдини олишнинг бир неча йўли мавжуд:  

  • Касал одамлар билан алоқа қилишдан сақланинг.  
  • Агар ўзингизни ёмон ҳис қилсангиз, ишга борманг.  
  • Бетоблик тугаб, касалликнинг ҳар қандай аломати йўқолгандан кейин камида бир кун уйда қолинг.
  • Агар касал бўлсангиз, иложи борича бошқа одамлар билан алоқа қилишдан сақланинг.
  • Аксириш ва йўталаётганда оғзингиз ва бурнингизни албатта рўмолча (бир марта ишлатиладиган қоғоз) билан ёпинг. 
  • Қўлларингизни иложи борича тез-тез совун билан ювинг. Агар бунинг имкони бўлмаса, антисептик геллардан (санитария воситаларидан) фойдаланинг.  
  • Кўз, бурун ва оғзингизга тегманг, айниқса жамоат жойларига борганда.

Аммо профилактиканинг энг самарали усули вакцинациядир. Гриппга қарши эмлаш самарали ва хавфсиздир; 60 йилдан ортиқ вақт давомида кўплаб мамлакатларда қўлланишда. Катта ёшдаги аҳолини эмлаш касаллик, ишдан маҳрум бўлиш ва яқинларга юқтиришдан сақланиш учун тавсия этилиши мумкин. Аммо эмланиши жуда зарур бўлган аҳоли гуруҳлари мавжудки, уларда асоратлар ривожланиши таҳликаси ёки юқтириш хавфи жуда юқори. 

ЖССТ гриппга қарши ҳар йили эмланишни қуйидагиларга қатъий равишда тавсия қилади:

  • ҳомиладорликнинг ҳар қандай босқичидаги ҳомиладор аёллар; 
  • 6 ойликдан 5 ёшгача бўлган болалар; 
  • кекса одамлар (65 ёш ва ундан катта); 
  • сурункали касалликларга чалинган беморлар;
  • соғлиқни сақлаш соҳаси ходимлари.  

Ўзбекистонда гриппга қарши бепул вакцинация эпидемиологик кўрсатмаларга асосан амалга оширилади. Бюджет ҳисобидан харид қилинган вакциналар асосан оғир юрак-қон-томир касаллигига чалинган ва тез-тез касал бўладиган болаларга берилади. Эпидемиологик вазиятга қараб одамлар билан кўп мулоқотда бўладиган касб эгалари ҳам бепул эмланади.

Грипп вирусининг 3 тури мавжуд: A, B ва C. A типидаги вируслар сиртки оқсил бирикмаларига қараб қуйи турларга бўлинади. Грипп вирусларининг хилма-хиллиги орасида A (H1N1) ва A (H3Н2) кичик типлари энг кўп тарқалган вируслардир. Вируснинг доминант турларини/кичик турларини билиш грипп эпидемияси бошланишидан олдин вакцинани танлаш учун муҳимдир. 

Фото: express-careclinic.com

Эмлаш мумкин бўлмаган ҳолатлар ҳам мавжуд, аммо улар кўп эмас:  
6 ойликдан кичик чақалоқлар.  
Олдинги вакцина ёки унинг таркибий қисмларига нисбатан кучли аллергик реакциялар (агар сизда бирор-бир дори ёки озиқ-овқат маҳсулотига қаттиқ аллергик реакция юзага келган бўлса, вакцинани танлашда шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг).
Ҳар қандай касалликнинг оғир босқичида эмлаш тикланишгача қолдирилиши керак, аммо бекор қилинмайди. 

Сурункали касалланиш мавжуд бўлса, эмлаш ўтказиш имконияти ҳақида шифокорга мурожаат қилинг. 

Эътибор беринг, ҳомиладорлик ва лактация даври эмлаш ман қилинган ҳолат ҳисобланмайди. Замонавий вакциналар таркибида ҳомиладорлик пайтида ҳомилага ёки лактация даврида болага зарар етказувчи вируслар мавжуд эмас. Аксинча, ҳомиладорлик пайтида оғир турдаги касалланиш ёки янги туғилган чақалоққа юқишининг олдини олиш учун онани ҳимоялаш муҳимдир.

Фото: alluremedia.com.au

Даволаш

Аксарият ҳолларда махсус даволаш талаб этилмайди. Гриппда сувсизланишдан сақланиш учун кўп суюқлик ичиш жуда муҳим (ва кўп ҳолларда бу асосий даволаш усулидир). Бошқа чора-тадбирлар касаллик аломатларини енгиллаштирадиган дориларни (ҳарорат туширувчилар, бурун томчилари/спрейлари ва бошқалар) ўз ичига олади.

Вирусга қарши дорилар мавжуд, аммо уларни фақат шифокор кўрсатмаси бўйича олиш керак. Самарадорликка даволаш бошланишида касаллик белгилари пайдо бўлгандан кейинги дастлабки 48 соатда эришилади.

Шуни ёдда тутиш керакки, грипп вирусининг ушбу дориларга нисбатан қаршилиги аллақачон мавжуд ва шунинг учун уни даволашдан кўра касалликнинг олдини олиш билан шуғулланиш яхшироқдир. 

Ҳеч қандай «иммуностимулятор» ва «иммуномодулятор»нинг гриппни даволаш билан алоқаси йўқ. Уларнинг на самарадорлиги, на хавфсизлиги тегишли тадқиқотларда исботланган. Антибиотиклардан эса асоратланмаган гриппни даволашда фойдаланмаслик керак (чунки антибиотиклар вирус билан эмас, балки бактериялар билан курашади).

Кўпроқ янгиликлар