Коронавирус тарқалиши: Хитойликлар ниқоблар сотиб олишмоқда, аммо улар инфекциядан сақланишга ёрдам бера оладими?

Жаҳон 10:30 / 26.01.2020 30220

Бу, айниқса, янги коронавирус кенг тарқалган Хитойда сезилмоқда. Хитойнинг баъзи шаҳарларида, шу жумладан Шанхайда ниқобларга шу қадар катта талаб юзага келдики, етишмовчилик кузатила бошлади.

Бундан ташқари, хитойликлар ниқобларни ҳаво ифлосланишидан ҳимоя сифатида ҳам кийишади. 

Маскалар тўғридан-тўғри алоқа орқали юқтириладиган вируслардан ҳимоя қилиши мумкинлиги ҳақида далиллар мавжуд бўлса-да, шифокорлар унинг ҳаво томчилари орқали тарқаладиган вируслардан асраш қобилиятига жуда шубҳа билан қарашади. 

Жарроҳлик ниқоблари биринчи марта XVIII асрнинг охирларида касалхоналарда қўллана бошланган, аммо 1919 йилда 50 миллиондан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлган испанка (грипп касалининг оғир тури) авж олганидан кейин одамлар ундан кенг кўламда фойдалана бошлади. 

«Оддий жарроҳлик ниқоблари инсонларни ҳаво томчилари орқали юқадиган вирус ёки бактериялардан ҳимоя қилишнинг самарали воситаси бўла олмайди», – дейди Лондон Университети қошидаги Сент-Жорж касалхонаси доктори Девид Каррингтон. Унинг сўзларига кўра, бу турдаги маскалар махсус фильтрга эга эмас, юзга маҳкам ўрнашмайди ва кўзларни ҳимоясиз қолдиради.

Шунга қарамай, улар ҳаво-томчи ва маиший алоқа орқали инфекция юқтириш хавфини камайтиради.

2016 йил Австралиянинг Янги Жанубий Уэльс штатида ўтказилган тадқиқотга кўра, одам соатига ўртача 23 марта юзига тегинади.

«Касалхона шароитида ўтказилган пухта тиббий текширувлардан бирида тиббиёт ниқоби вирусли инфекциядан профессионал респиратор сифатида ҳимоя қилишда жуда самарали бўлди», – деб таъкидлайди Ноттингем университетининг молекуляр вирусология профессори Жонатан Болл.

Респираторлар махсус ҳаво фильтри билан жиҳозланган ва ҳаводаги хавфли зарралардан ҳимоя қилишга махсус мўлжалланган. 

«Аммо аҳоли учун ниқобларнинг самарадорлиги ҳақида гап кетганда, статистик маълумотлар унчалик ишончли эмас, чунки узоқ вақт давомида ниқобда бўлиш жуда қийин», – дейди профессор Болл. 

«Оддий гигиена қоидаларига амал қилиш» самаралироқ эканлигига Белфастдаги Квинс университети экспериментал тиббиёт институти доктори Коннор Бэмфорд ҳам қўшилади.

«Агар сиз аксириш пайтида бурун ва оғзингизни ёпсангиз, қўлларингизни ювсангиз, ювилмаган қўлларингизни оғзингизга ёпмасангиз, унда нафас олиш йўллари вирусини юқтириш эҳтимоли камаяди», – деб таъкидлайди у. 

Тиббиёт ходимлари ўзингизни инфекциядан қандай ҳимоя қилиш бўйича бир неча маслаҳатларни беради: 

  • Қўлингизни мунтазам равишда совун ва илиқ сув билан ювинг;
  • Иложи борича кўз ва бурнингизга тегмасликка ҳаракат қилинг;
  • Соғлом турмуш тарзи ва жисмоний машқлар билан шуғулланинг.

«Жарроҳлик ниқоби фойдали бўлиши мумкинлиги ҳақида тасаввурга эга бўлишига қарамай, унинг шифохоналардан ташқарида фойдаси ҳақида жуда кам маълумотлар мавжуд», – дейди Public Health England ташкилоти вакили доктор Жейк Даннинг.

Унинг сўзларига кўра, ниқобдан максимал даражада фойда олиш учун уни тўғри кийиш, тез-тез янгилаш ва хавфсиз тарзда чиқариб ташлаш керак. «Умуман олганда, одамлар ниқобларга эмас, балки шахсий гигиенага кўпроқ эътибор беришлари зарур, бошланишига қўлларни тез-тез ювиб туриш муҳим», дейди мутахассис.

Кўпроқ янгиликлар