Помпео январь ойи охирида Украинага келади, унинг Ўзбекистонга қачон келиши номаълум

Ўзбекистон 11:48 / 23.01.2020 8045

АҚШ Давлат департаменти раҳбари Майкл Помпео 31 январь куни Украинага ташриф буюради. Бу ҳақда департаментдаги манбага асосланган ҳолда BuzzFeed нашри хабар тарқатган.

Маълум қилинишича, ташриф давомида Помпео Украина президенти Владимир Зеленский билан учрашишни режалаштирган. Қайд этилишича, бу Дональд Трампга қарши импичмент жараёни бошланганидан буён АҚШ президенти маъмурияти вакилининг Украина президенти билан илк учрашуви бўлади.

Помеонинг ўзи ҳам Bloomberg TV учун берган интервьюсида яқин вақтлар ичида Украинага ташриф буюриши ҳақидаги маълумотни тасдиқлаган.

«Ҳа, мен у ерга боришга (Украина) отланганман. Мен буни аввалроққа режалаштиргандим. Аммо Яқин Шарқда муаммолар чиқди ва бу билан шуғулланишимга тўғри келди. Гарчи бу муаммолар тўла ҳал қилинмаган ва олдинда ҳали иш кўп бўлсада, мен тез орада Украинага боришни мўлжалламоқдаман», деган у.

АҚШ Давлат котиби «Украина Европанинг шарқий чеккасида, демократия ва тирания ўртасида жойлашгани»ни қайд этган. Унинг айтишича, АҚШ ушбу давлат суверенитети хавфсизлигини таъминлаш учун ёрдам кўрсатишда масъулиятни зиммасига олган.

«Биз ҳаммаёқда демократия билан шуғулланамиз. Улар АҚШнинг йирик савдо ҳамкорлари, Америка Украинада қатор манфаатларга эга.

Биз уларга ҳимоялана олиши учун қуроллар етказиб берамиз. Биз украинларнинг янги етакчисини - Владимир Зеленскийнинг коррупция йўқотилиши ва демократия мустаҳкамланишига қаратилган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаймиз», дея қўшимча қилган Помпео.

ОАВ маълумотига кўра, АҚШ расмийси Киевга келишидан олдин 29-30 январь кунларида Лондонда бўлади, Беларусь ТИВ расмийси хабарига кўра, у Украинадан кейин 1 февраль куни Минскка ташриф буюради.

Эслатиб ўтамиз, Помпео Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйлаб турнеси доирасида 5-6 январь кунларида Тошкентга ташриф буюришни режалаштирганди, аммо Яқин Шарқда Эрон билан юз берган можаролар туфайли бу ташриф номаълум муддатга қолдирилганди. Ҳозирча унинг Ўзбекистонга қачон келиши ҳақида маълумот йўқ.

Кўпроқ янгиликлар