Ҳам уй, ҳам ишхона, ҳам мактаб – Вьетнамдаги ноёб ресторанлар ҳақида эшитганмисиз?

Lifestyle 17:17 / 22.01.2020 17338

Вьетнам – Осиё жануби-шарқидаги энг яхши туристик йўналишлардан бири. Биргина 2019 йилнинг биринчи чорагида пойтахт Ханойга 7,5 миллиондан ортиқ сайёҳ келган. Мамлакат диққатга сазовор манзиллари, бетакрор маданияти ва мазали таомлари билан сайёҳларни ўзига жалб этади.

Вьетнамга борганимда ажойиб ресторанга кириб қолгандим. Эътиборлиси шундаки, у оддий тамаддихона эмас, балки ижтимоий компания экан.

Рестораннинг кириш қисми

Аввало, ижтимой корхона (social enterprise) нималигига изоҳ берсам. Эгасига даромад келтириш учун эмас, балки қандайдир ижтимоий муаммони ҳал этиш ёки жамиятга фойда келтириш йўлида фаолият олиб борувчи корхона ижтимоий корхона дейилади.

Мен ҳикоя қилмоқчи бўлган KOTO (Know One, Teach One) ресторанлар тармоғи – Вьетнамдаги биринчи ижтимоий компания ҳисобланади. Компания номи ўзбекчага таржима қилганда «Бирни билиш ва уни бошқаларга ўргатиш» дегани маънони англатади.

Ресторан 1999 йилда, ўша вақтлари оддий гид сифатида ишлаган Жимми Фам томонидан очилган. Рестораннинг пайдо бўлиш тарихи қуйидагича: Жимми Ханойда австралиялик меҳмонларга таржимон бўлиб юрган кезларида бир гуруҳ уйсиз болаларга тўқнаш келади. «Ҳаётда ўз йўлимизни топиб кетишимиз учун қўлимизда бирор-бир ҳунаримиз бўлса кифоя эди», – дейишади болалар Жимми билан суҳбатда.

«Мен нима қилиш кераклигини билмасдим, лекин нимадир қилишимни сезардим», дейди ресторан асосчиси ўз интервьюларидан бирида. Шу тариқа, KOTO сендвич тайёрловчи кичик дўкон сифатида 1999 йилдан иш бошлаган.

Жимми Фам, КОТО тренинг ресторани асосчиси

Бу ерда кам таъминланган оилаларда яшовчи ва ҳаёти хавф остида бўлган 16 ёшдан 22 ёшгача бўлган ёшлар фаолият олиб боради. Ресторан уларни иш ўрнидан ташқари, бепул бошпана билан ҳам таъминлаб, уларга ошпазликнинг энг зарур сир-асрорларини ўргатади.

Тайёрлов курси икки йил давом этади. Якунда ёшлар меҳнат қилиш учун тайёр кадр бўлиб етишишади. КОТОнинг кўплаб ўқувчилари ҳозирда Вьетнамнинг нуфузли меҳмонхона, ресторан, кафе ва кўнгилочар масканларида ишлашмоқда. Улар орасида ўз бизнесини бошлаганлари ҳам бор.

Ханойдаги КОТО ресторани менежери Нгуеннинг айтишича, очилганига 20 йилдан ошган курс битирувчилари 700 нафардан ортиқни ташкил этади.

«KOTO – маданий-тренинг ресторан бўлиб, бу ерда Вьетнам бўйлаб кам таъминланган ўқувчиларга малака ошириш курслари тақдим этилади. Улар етим фарзандлар ёки мактаб, университетларда ўқишини давом эттиришга имкони йўқ ёшлар бўлиши мумкин. Биз уларга иш ва икки йиллик тренинг курсларини таклиф қиламиз.

Ҳозир қарийб 200га яқин ўқувчимиз бор. Икки йил ичида улар Австралиянинг махсус сертификатига эга бўлишади ва 4-5 юлдузли меҳмонхоналарда ишлашлари мумкин», – дейди Нгуен.

KOTO ресторанида биз буюрган таомларнинг барчаси жуда ҳам мазали эди. Шунга яраша, уларнинг нархи ҳам арзон эмас. Лекин нарх ресторанда кўрсатилаётган хизмат даражасининг сифати ва таомлар таъми билан ўзини оқлайди.

Қолаверса, сиз бу ерда қандайдир бренд фаст-фуд компанияси ёки таниқли бренд учун эмас, балки оддий, ёрдамга муҳтож ёш йигит-қизларнинг меҳнати учун ҳақ тўлайсиз. Шу сабабли, ресторандан тун-у кун меҳмон аримайди.

Айтишларича, бу ерга нафақат оддий сайёҳлар, балки дунёнинг нуфузли шахслари ҳам келиб туришади. Масалан, АҚШнинг собиқ президенти Билл Клинтон ва Дания маликаси Маргрет II ҳам КОТО меҳмони бўлган.

АҚШнинг собиқ президенти Билл Клинтон КОТО ресторани ўқувчилари билан

Мободо Вьетнамнинг Ханой ёки Хо Ши Мин шаҳарларига йўлингиз тушса, сиз ҳам KOTO ресторанига кириб ўтинг!

Феруза Авазова,
Kun.uz мухбири.

Буюртма қилган таомингиз келгунига қадар, меню китобчасидан бу ерда таҳсил олган йигит-қизларнинг ҳаётий ҳикоялари билан танишишингиз мумкин.
Кўпроқ янгиликлар