Ўзбекистонда крипто-активлар ёрдамида бойиб кетишни таклиф қилаётган «молиявий пирамидалар» пайдо бўлди

Ўзбекистон 14:44 / 14.01.2020 37043

Сўнгги пайтларда бутун дунёда бўлганлиги каби Ўзбекистонда ҳам "молиявий пирамидалар" кўринишидаги турли фирибгарлик схемаларидан, шу жумладан, крипто-активлардан фойдаланиш ҳолатлари тез-тез учрамоқда, дейилади Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги (ЛБМА) билдиришида.

Қайд этилишича, одатда келиб чиқиши чет элларда бўлган жиноий гуруҳлар ҳар хил электрон платформалар, сайтлар ва ахборот тизимларини ташкил қилиш орқали ноқонуний бойлик орттириш мақсадида аҳолининг бўш пул маблағларини жалб қилиш учун Ўзбекистон бозорига кирмоқда. Бунда республика аҳолиси молиявий саводхонлигининг паст даражада эканлиги, шунингдек, унда крипто-активларнинг мазмуни ва ишлаш механизмлари тўғрисида асосий билимларнинг йўқлиги ёвуз ниятли одамларга қўл келмоқда.

Бундай лойиҳаларнинг жозибадорлигини ошириш ва кўп сонли иштирокчиларни жалб қилиш учун тармоқ маркетинги деб номланувчи усул ва "Понци схемаси" элементларидан фойдаланилади.

“Понци схемаси” молиявий пирамидани ташкил этишнинг жиноий схемаси бўлиб, у аввалги инвесторларнинг даромадларини янги инвесторлардан олинган маблағлар ҳисобидан тўлашни назарда тутади. Аввалига бу жуда фойда келтирувчи схема бўлиб кўриниши мумкин, аммо у одатда янги инвесторларнинг маблағлари оқими эскиларига тўловларни амалга ошириш учун етарли бўлмай қолгандан сўнг бузилади.

Жиноят кодексининг 188-1-моддасига биноан (пул маблағларини ва (ёки) бошқа мол-мулкни жалб қилиш бўйича ноқонуний фаолият) мулкий манфаат бериш бўйича зиммага мажбурият олиш йўли билан жисмоний ва юридик шахсларнинг пул маблағларини ва (ёки) бошқа мол-мулкини жалб этишга доир ноқонуний фаолиятни амалга ошириш ва бунда илгари олинган мажбуриятни жисмоний ва юридик шахсларнинг янги жалб этилган пул маблағлари ва (ёки) бошқа мол-мулки ҳисобидан бажариш, шунингдек бундай фаолиятга раҳбарлик қилиш ҳамда шундай фаолият кўрсатилишини таъминлаш, худди шунингдек мазкур фаолиятда иштирок этишга жалб қилиш мақсадида ушбу фаолиятни реклама қилиш, шу жумладан оммавий ахборот воситаларидан ёхуд телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда реклама қилиш учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

Чакана савдо қоидаларида тармоқ маркетинги орқали чакана савдони амалга ошириш хусусиятлари белгилаб берилган. Ушбу Қоидаларнинг 187-8-бандига мувофиқ тармоқ маркетингини амалга оширишда қуйидагилар тақиқланади:

савдо агенти шартнома тузиш учун сотиб олиши керак бўлган товарларнинг минимал миқдорини белгилаш;

аъзолик бадали кўринишидаги йиғимни олиш;

шартнома тузилгандан кейин савдо агентига бошқа савдо агентларини жалб қилиш талабини қўйиш.

"Молиявий пирамидалар" жуда катта миқдордаги иштирокчиларни жалб қилишга қаратилганлигини ҳисобга олсак, бундай лойиҳаларни ташкил этувчиларнинг даромади бир неча миллион АҚШ долларига етиши мумкин, минглаб одамлар эса жабрланувчи бўлиб қолади, бу эса жамоатчиликнинг кучли норозилигига сабаб бўлади.

ЛБМА халқаро тажрибани таҳлил қилган ҳолда, қуйида шубҳали лойиҳаларнинг асосий белгиларини ҳавола қилди:

1. Компаниянинг келиб чиқиш жойи номаълум.

Одатда, бундай компаниялар ўзларининг рўйхатдан ўтиш маълумотларини ошкор қилмайдилар ёки оффшор ёки назорати кучсизроқ ва молия тизими камроқ ривожланган бошқа юрисдикцияларда рўйхатдан ўтадилар.

Ўзбекистон Республикасида ҳудудида чет эл юрисдикциясида рўйхатдан ўтган бош ташкилотнинг вакили сифатида филиаллар ташкил этилиши мумкин.

Бундан ташқари, молиявий фаолиятни, шу жумладан крипто-активларнинг айланмаси соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш лицензияси ниқоби остида хорижий давлатнинг рўйхатдан ўтиш ҳужжатларининг нусхалари ёки фотосуратлари ва бошқа ҳужжатлар тақдим этилади (савдо реестридан кўчирмалар, турли хил сертификатлар ва бошқалар).

2. Ҳар қандай молиявий жавобгарликни рад этиш ва иштирокчидан битим ёки шартномада барча хатарларни қабул қилишга рози эканлигини талаб қилиш.

Реклама, сайт ва тадбирларда юқори даромад олиш ҳақида бериладиган ваъдаларга қарамай, ташкилотчилар ва иштирокчилар (инвесторлар) ўртасида тузиладиган расмий ҳужжатларга ҳар қандай молиявий хавфлар ёки инвесторлар маблағларининг йўқотилиши учун ташкилотчиларнинг жавобгар бўлмаслиги ҳақидаги нормалар киритилади.

Намунавий битимни (контракт, шартнома, оммавий оферта) имзолар экан, иштирокчи барча хавфларни (молиявий ва бошқа) ўз зиммасига олади ва компания фаолияти тугатилган тақдирда ўзини ёмон аҳволга қўяди.

 3. Шубҳали ёки оддий фойдаланувчи учун тушунарсиз хизматлар/маҳсулотлар.

Одатда, бундай компаниялар ўз хизматлари ёки маҳсулотларини мақсадли равишда оддий фойдаланувчи учун тушунарсиз ҳолда тақдим этадилар, асосан, ушбу хизматлар ёки маҳсулотларнинг эълон қилинган хусусиятларининг тўғрилигини текширишнинг имкони бўлмайди.

Қуйида бундай хизматлар ёки маҳсулотлардан баъзи мисоллар келтирилган:

ўзига тегишли виртуал (рақамли) актив, унга бўлган талаб доимий равишда ошиб бориши муносабати билан унинг қиймати доимий равишда ўсиб боради, бунда бундай актив ҳеч қандай расмий молиявий ёки крипто-майдончаларда муомалада бўлмайди, балки фақат ўзининг ёпиқ тизимида муомалада бўлади ва унинг қиймати сунъий равишда оширилади;

инвесторларнинг маблағлари билан ишлайдиган фонд, крипто ва валюта биржаларида, платформаларда савдо қилувчи автоматлаштирилган ботлар;

тадбиркорлик асослари ёки бошқа мавзулар бўйича ўқув курслари (видеоматериаллар);

таклиф этилаётган активларни сотиб олиш ҳисобига турли хил хизматларга (молиявий, сайёҳлик, ва ҳоказо) юқори чегирмалар;

шартноманинг мазмуни таклиф қилинаётган маҳсулот (актив, хизмат) га мос келмайди. Масалан, юқори даромадли активларга маблағларни киритишни таклиф этганда фуқаролар билан фақат консалтинг хизматларини кўрсатишга шартнома тузилади.

4. Муайян платформада келгусида ишлаш учун маблағларни мажбурий инвестициялаш бўйича талабларнинг мавжудлиги.

Бундай лойиҳалар иштирокчилар маблағларини жалб қилишга қаратилган, шу муносабат билан, лойиҳа/компанияга қўшилишнинг биринчи шарти мажбурий равишда инвестиция киритиш ёки маълум хизматларни сотиб олишдир. Бунда, Сиз қанча кўпроқ пул киритсангиз, улар таклиф қилаётган даромаднинг фоизи шунча юқорироқ бўлади.

5. Янги иштирокчиларни жалб қилиш орқали даромад олишнинг кўп босқичли дастурининг мавжудлиги.

Бундай лойиҳаларда, одатда, иштирокчининг даромади ўз инвестициясининг ҳажми, шунингдек, жалб этилган иштирокчиларнинг сонига қараб белгиланади. Яъни, Сизга Сиз жалб қилган иштирокчилар айланмасидан, шунингдек, қуйи даражалардаги иштирокчилар айланмасидан даромад олиш таклиф этилади.

Қуйидагига эътибор беришингизни сўраймиз: агар компания ҳақидаги маълумотлар иштирокчилар айланмасидан даромад олиш учун кўп босқичли дастурни ўз ичига олган бўлса, шунингдек, Сиз активларни чиқариб олишга ҳаракат қилсангиз, ташкилотчилар Сизнинг активингизни бошқа ёки янги инвесторларга сотиш орқали пулингизни қайтаришга ваъда беришади, бу эса "Понци схемаси", яъни молиявий пирамиданинг асосий белгиларидан биридир.

6. Ушбу лойиҳага маблағ киритган бошқа иштирокчиларнинг юқори даромадларини намойиш этиш орқали жозибадорликни ошириш.

Кўпинча, бундай компаниялар лойиҳага қўшилгандан сўнг ҳаётларини яхши томонга ўзгартирган оддий касблардаги одамларнинг муваффақиятли тарихи ҳақида гапириб беришади. Агар бу воқеа рост бўлса ҳам, уларнинг бойишига дастлабки босқичда бошқа иштирокчилар, яъни фирибгарликнинг потенциал қурбонларининг пулларини жалб қилиш орқали эришилади.

7. Потенциал иштирокчиларнинг зарур билимлари йўқлигини ҳисобга олган ҳолда “криптовалюталарнинг юқори истиқболлари” билан манипуляция қилиш.

Масалан, компания яқин истиқболда крипто-активлар ёки у таклиф қилаётган бошқа активлар курсининг ўсиши тўғрисидаги маълумотлар билан манипуляция қилиши мумкин ва бунда ўз имкониятларини қўлдан бой бермасликка ишонтиришга ҳаракат қилган ҳолда фуқароларни жамғарилган пулларини уларга киритишга босим билан ташвиқот қилиши мумкин.

8. Компаниянинг гўёки кенг кўламли фаолиятини кўрсатиш ва лойиҳага кенг аудиторияни жалб қилиш мақсадида йирик тадбирларни ташкил қилиш.

Одатда компаниялар ўзларининг юқори имижларини намойиш этишга ҳаракат қилиб, хизматларига пул тўланган махсус шахслар ва шоу-бизнес юлдузлари иштирокида йирик тадбирларни катта залларда ўтказадилар, Бундай тадбирларнинг асосий мақсади янги иштирокчилардан инвестицияларни жалб қилиш учун лойиҳа аудиториясини кенгайтиришдан иборатдир.

Бундан ташқари, иштирокчиларни жалб қилиш ва бундай тадбирларда лойиҳада қатнашишнинг муваффақиятли эканлигига кўриниш бериш учун, лойиҳа иштирокчилари орасида одатда гўёки совринни ютган олдиндан келишилган шахсларнинг мулки бўлган қимматбаҳо совринлар (автомашиналар, маиший техника) лотереяларини ташкил қилишлари мумкин.

9. Иштирокчиларга маълум малака ёки бошқа талаблар қўйилмаслиги.

Молиявий пирамидаларга кўп сонли фуқароларни жалб қилш имкониятини берадиган асосий элемент молиявий ва ҳуқуқий саводхонлик даражасининг пастлиги бўлгани учун ташкилотчилар томонидан инвестициялар киритиш учун махсус билим ва малаканинг зарур эмаслиги кенг равишда таъкидланади.

Фуқароларга эслатилишича, бундай лойиҳаларнинг иштирокчиси бўлар экансиз:

киритилган маблағларингизни йўқотиш хавфини туғдирасиз, чунки бундай турдаги компаниялар эртами-кечми ўз фаолиятларини якунлайдилар (компаниялар ўз молиявий мажбуриятларини бажаришга қодир бўлмай қолганларида ёки масъул органларнинг талабларига мувофиқ);

барча хавфлар учун жавобгарликни ўз зиммангизга олишга рози бўлганингиз сабабли ташкилотчиларга даъво қилиш учун ҳеч қандай қонуний асосингиз бўлмайди;

танишларингиз, дўстларингиз ёки қариндошларингизни фирибгар ташкилотга жалб қилганингиз учун уларнинг ишончини йўқотишингиз мумкин.

Жорий йилда президент ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қалбаки "крипто" активларни рекламаси ва савдоси бўйича бир қатор шубҳали лойиҳаларни аниқлади ва тегишли маълумотлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилди.

Шу муносабат билан, фуқароларни ноқонуний фаолиятга жалб қилишдан ҳимоя қилиш мақсадида, Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги имкон қадар ҳушёр бўлишга, эҳтиёт бўлишга ва бундай компаниялар, платформалар, сайтлар ёки тизимлар фаолиятида иштирок этмасликка, танишлар, дўстлар ёки қариндошлардан қарз олмасликка, айниқса қисқа вақт ичида киритган маблағларни икки ёки уч баравар кўпайтиришга чорлайдиган шубҳали схемаларга инвестиция қилиш ва аъзо бўлиш учун кредит ва қарз мажбуриятларини олмасликка чақиради.

Агар шубҳали молиявий схемалар асосида иш юритаётган айрим компанияларнинг фаолияти тўғрисида бирон бир маълумот бўлса, қонунда белгиланган тартибда Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига хабар бериш сўралган.

Шунингдек, агар крипто-активларни ноқонуний мақсадларда ёки фирибгарлик учун ишлатаётган компаниялар ҳақида маълумот бўлса, тегишли маълумотларни Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигига (fraud@napm.uz электрон манзилига) кейинги ўрганиш ва тегишли чораларни кўриш учун юбориш сўралган.

Кўпроқ янгиликлар