Абдулазиз Комилов Ҳиндистон ташқи ишлар вазири билан учрашди

Ўзбекистон 16:12 / 14.01.2020 2907

2020 йилнинг 14 январь куни Деҳли шаҳрига амалий ташриф билан келган Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ҳиндистон Республикаси ташқи ишлар вазири Субраҳманям Жаишанкар билан учрашди.

Учрашувда президент Шавкат Мирзиёев ва бош вазир Нарендра Моди ўртасидаги муҳим келишувларга асосланган Ўзбекистон-Ҳиндистон ҳамкорлигининг ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.

Вазирлар 2020 йилда бўлиб ўтадиган олий ва бошқа даражалардаги учрашувлар жадвали, қўшма тадбирлар ўтказиш муддатлари бўйича таклифларни кўриб чиқдилар, дейилади ТИВ хабарида.

Ўзбекистон ва Ҳиндистон иқтисодий соҳадаги ҳамкорликни кенгайтиришга устувор аҳамият бериши таъкидланган.

Афғонистон масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон ва Ҳиндистоннинг Афғонистондаги вазиятни тезроқ барқарорлаштиришдан манфаатдорлиги тасдиқланди, бу эса минтақадаги ҳамкорликни фаоллаштириш ва кенгайтириш учун кенг имкониятларни очиб бериши қайд этилди. Ушбу мақсадларга эришишга 2019 йил январь ойида Самарқанд шаҳрида илк бор ўтказилган ташқи ишлар вазирлари даражасида Афғонистон иштирокидаги «Ҳиндистон – Марказий Осиё» мулоқоти мажлисларининг мунтазам ўтказилиши ҳам кўмаклашади.

Учрашувда маданий-гуманитар, айниқса, таълим ва фан соҳаларидаги алоқаларни мустаҳкамлаш истиқболлари муҳокама қилинди.

Кўпроқ янгиликлар