Эрон Украина самолёти тасодифан уриб туширилганини тан олди

Жаҳон 09:27 / 11.01.2020 115425

Эрон расмийлари Теҳрон яқинида «Украина халқаро авиайўналишлари»нинг самолёти «тасодифан» уриб туширилганини хабар беришди.

Бу ҳақда шанба куни Associated Press ва Reuters ахборот агентликлари Эрон расмийларининг маҳаллий телевидение орқали тарқатилган расмий баёнотига асосланиб маълум қилди.

Таъкидланишича, фожиага «инсон омили» сабаб бўлган.

Хабарда айтилишича, содир бўлган воқеа учун айбдорлар жавобгарликка тортилади.

Эрон қуролли кучлари раҳбарияти авиаҳалокатда ҳалок бўлганларнинг оилаларига ҳамдардлик билдирди.

Кейинчалик ISNA агентлиги томонидан тарқатилган баёнотда билдирилишича, Теҳрон осмонидаги фожиа АҚШ томонидан ракета ҳужумлари таҳдиди ва Эрон чегаралари яқинида АҚШ ҳарбий авиациясининг парвозлари ортиши фонида содир бўлган.

8 январь куни эрталаб, Украина авиайўналишларининг самолёти Теҳрон аэропортидан парвозга кўтарилганидан кейин бир мунча вақт ўтиб ҳалокатга учради. Самолёт бортида жами 176 йўловчи бўлган, улардан тўққиз нафари экипаж аъзолари эди. Ҳалокат натижасида барча инсонлар ҳалок бўлди.

Самолёт Эрон АҚШнинг Ироқдаги ҳарбий базаларига ракета зарбалари берган оқшомда қулаган эди. 

Фото:  EPA-EFE/RUHOLLAH VAHDATI

Бир қатор Европа мамлакатлари, шу жумладан, Украина ҳам самолётга ракета зарбаси берилгани ҳақидаги версия мавжудлигини инкор этмади. Шу билан бирга, Канада бош вазири Жастин Трюдо ва Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон, шунингдек, АҚШнинг қатор оммавий ахборот воситалари разведка хизмати ва Оқ уйдаги манбаларга таяниб, Эрон ракетаси самолётни тасодифан уриб туширган бўлиши мумкинлигини истисно этишмади.

Теҳрон дастлаб бундай тахминларни рад этиб, двигатель аварияга сабаб бўлганини таъкидлади.

Кўпроқ янгиликлар