АҚШ Кубанинг даромадларини камайтириш мақсадида у ерга чартер рейсларни тўхтатди

Жаҳон 22:06 / 10.01.2020 6218

АҚШ Кубанинг туризм соҳасидан оладиган даромадларини камайтириш учун у ерга чартер рейсларни тўхтатди. Бу ҳақда АҚШ давлат котиби Майк Помпео маълум қилди. Унинг айтишича, фақатгина Гавана халқаро аэропортига учишга рухсат берилади. 

“Бу чора Кубадаги тузумнинг туризмдан бойишини янада кўпроқ чеклайди. Ушбу тузум туризмдан олинадиган маблағлардан Куба халқига қарши давом этаётган репрессияларни молиялаштириш ва Венесуэлада диктатор Николас Мадурони қўллаб-қувватлаш учун фойдаланади”, дейилган баёнотда. 

Ушбу қарор АҚШдан рейсларни қабул қилувчи Кубадаги 9 та аэропортни қамраб қолади. АҚШ авиакомпанияларида Кубага рейсларни секин-аста бекор қилиш учун 60 кунлик муҳлат бўлади. Шунингдек, Вашингтон Кубага рейслар сонини чекламоқчи.

АҚШ ва Куба ўртасидаги дипломатик муносабатлар 1961 йил январда Озодлик оролида ҳокимият тепасига Фидел Кастро келгандан кейин узилган. Барак Обама президентлиги вақтида ушбу муносабатлар яхшиланган, бироқ Оқ уйга Дональд Трамп келиши билан яна ёмонлашган.

Кўпроқ янгиликлар