Америкалик аёл бир йил ичида икки марта эгизак фарзанд дунёга келтирди

Жаҳон 23:45 / 10.01.2020 18420

АҚШнинг Уэст-Палм-Бич шаҳрида (Флорида штати) яшовчи аёл бир йил ичида икки марта эгизак фарзанд дунёга келтирди. Бу ҳақда WPTV-TV телестанцияси хабар берди. 

Александрия Уоллистон исмли бу аёл 2019 йил мартида эгизак ўғилларни дунёга келтириб, уларга Марк ва Малахий деб исм қўйган. Аёл кўп ўтмай, яъни май ойида яна ҳомиладор бўлгани ва эгизак фарзанд кутаётгани маълум бўлган. Александрия 27 декабрда Кайлен ва Калеб исмли эгизакларни дунёга келтирган. “Мен ҳеч қачон эгизак фарзанд туғаман, деб ўйламагандим”, деб тан олган она.

Аёл яқинда унинг икки бувиси ҳам эгизакларга ҳомиладор бўлганлари, бироқ уларни туғруқ вақтида йўқотганларидан хабар топди. “Улар гўёки бу болаларни менга осмондан жўнатишган”, деб айтган Александрия. Аёлнинг эгизак фарзандларидан ташқари, 3 ёшли қизи ҳам бор. “Тан олиш керак, қизимнинг феъли оғир, мен гўёки бир эмас, икки фарзанд тарбиялаётгандекман”, деб қўшимча қилган аёл.

6 январда чақалоқлардан бири – Калеб туғруқхонадан чиқарилган. Унинг укаси Кайлен эса ҳозирча шифокорлар кузатуви остида қолмоқда. Аёл “янги меҳмонлар” шарафига базм уюштириш учун бутун оила жам бўлишини интиқлик билан кутмоқда. “Мен гўёки икки марта жекпот ютиб олгандекман”, деб айтган бахтиёр она. 

 

Кўпроқ янгиликлар