Тадқиқот: кўп ухлаш инсультга учраш хавфини оширади

Lifestyle 23:21 / 13.12.2019 9028

Кам ухлаш кўплаб касалликлар, ошқозондан тортиб инфаркт ва Альцгеймер хасталигигача олиб келиши мумкин. Аммо меъёридан ортиқ ухлаш ҳам зарарли. Хуачжун фан ва технология институти олимларининг аниқлашича, кўп ухлаш кексаларда инсультга учраш хавфини оширади.

Мутахассислар гуруҳи ўртача ёши 62да бўлган 31 750 нафар хитойликнинг соғлиги ва уйқуси ўртасидаги боғлиқликни ўрганди. Уларни олти йил давомида кузатиб боришди. Дастлаб барча қатнашчилар соғлом бўлган бўлса, тадқиқот давомида 1557та инсульт ҳолати қайд этилди.

Тадқиқот давомида ўтказилган сўровда иштирокчиларнинг 24 фоизи кечаси 9 соатдан кўп ухлашини маълум қилди. 

Таҳлилда аниқланишича, 9 соатдан ортиқ давом этадиган тунги уйқу инсультга учраш хавфини 23 фоизга оширар экан.

Кундузи узоқ ухлаш ҳам инсульт эҳтимолини 25 фоизга оширади.

Шуни ҳам қайд этиш керакки, тадқиқот фақат кексалар орасида ўтказилган, уйқунинг давомийлиги тўғрисидаги маълумотлар эса сўров натижаларидан олинган. Бу эса натижа янглиш бўлиши ҳам мумкинлигини билдиради.

Кўпроқ янгиликлар