Украина бош вазири Россия билан "газ уруши" бўлиши эҳтимолини билдирди

Жаҳон 15:50 / 10.12.2019 12838

Украина бош вазири Алексей Гончарук "нормандча шакл"даги учрашув натижаларига изоҳ бераркан, Киев бундан буён ҳам Москва билан газ бўйича келишишини, аммо бу "газ уруши" фонида бўлиши мумкинлигини айтди.

Сешанба куни Парижда "норманд тўртлиги" (Франция, Германия, Россия ва Украина) раҳбарларининг саммити якунланди. Саммит доирасида Россия ва Украина ўртасида газ етказиб бериш бўйича музокаралар бўлиб ўтди. Шундан сўнг "Нафтогаз Украини" компанияси раҳбари Андрей Коболев Москва ва Киев ҳеч қандай келишувга эришмаганини, компания ижрочи директори Юрий Витренко эса "томонлар келишишга келишиб олишганини" маълум қилди.

"Украина бундан буён ҳам газ бўйича келишишда давом этади, фақат "газ уруши" эҳтимоли билан. Аммо биз бунга буткул тайёрмиз: омборларимиз тўла, бизнинг мантиғимизни ЕИ ва Стокгольм арбитражи қарори қўллаб-қувватлайди, "Шимолий оқим- 2" эса қуриб битказилмаган", - деб ёзди Гончарук Facebook саҳифасида.

У шунингдек, Украинага узоқ муддатли газ шартномаси керак эмаслигини қайд этди.

Кўпроқ янгиликлар