ЎзХДП: Ҳурматли жиззахлик сайловчилар, буни ўқишингиз керак!

Ўзбекистон 16:21 / 10.12.2019 8820

Инсон манфаатларини ҳимоя қилиш ижтимоий тараққиётнинг муҳим омили ҳисобланади. Аҳоли турмуш шароитини яхшилашга ҳисса қўшиш Халқ демократик партияси олдида турган энг асосий вазифалардандир.

Ҳаётнинг ўзи кўрсатаяптики, бозор иқтисодиёти шароитида аҳолининг айрим қатламлари давлат ва жамиятнинг аниқ манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлашига эҳтиёж сезади. ЎзХДП айнан ана шу қатлам манфаатларини ҳимоя қилишга бел боғлаган. Жиззах вилоятидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига Халқ демократик партиясидан кўрсатилган номзодлар бу борадаги келгуси режа ва мақсадлари ҳақида тўхталиб ўтишди.

Улуғбек Қосимов, тарих, давлат ва ҳуқуқ асослари, банк иши, “Микрокредитбанк” акциядорлик-тижорат банки Жиззах вилояти филиали бошлиғи, 32-Жиззах сайлов округидан номзод:

– Ўзбекистон Халқ демократик партияси ижтимоий аҳамиятга молик товар ва хизматлар нархлари ва тарифлари норматив ҳужжатларда белгиланган меъёрлардан ошиб кетмаслиги учун ушбу нархларни шакллантириш устидан қатъий давлат ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш тарафдори. Шундан келиб чиқиб, импорт ўрнини босувчи ижтимоий аҳамиятга эга маҳсулот ишлаб чиқарувчиларга импорт товарларидан олинадиган даромадларнинг бир қисмини имтиёзли кредит беришга йўналтириш тартибини жорий этиш зарур.

Зулайҳо Акрамова, педагог, халқаро муносабатлар магистри, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, 33-Дўстлик сайлов округидан номзод:

– Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати сифатида аҳоли билан кўп учрашувлар, мулоқотлар ўтказдим. Ўрганишлар ҳамда тегишли ижтимоий гуруҳлар билан ўтказилган мулоқот натижаларидан келиб чиқиб, амалдаги қонунчиликка давлат-хусусий шериклиги ҳамда ижтимоий тадбиркорлик асосида аҳолига ижтимоий хизматлар кўрсатишнинг аниқ процессуал механизмларини киритишни назарда тутувчи таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда уларни партиянинг парламентдаги фракцияси орқали қонунчилик ташаббуси сифатида илгари суришни мақсад қилганман.

Мукадас Уразалиева, шифокор, Зомин тиббиёт коллежи директори, 34-Зомин сайлов округидан номзод:

Таълим-тарбия мамлакат келажагини белгиловчи асосий омиллардан биридир. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Халқ демократик партияси таълим соҳасида ижтимоий аҳамиятга эга бир қатор вазифаларни ўз олдига мақсад қилган. Сайловолди дастуримни шунга ҳамоҳанг тарзда ишлаб чиқдим.

Фикримча, давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этиладиган нодавлат таълим муассасаларида фақат ўзига тўқ оилалар фарзандлари ўқий олишига йўл қўймаслик мақсадида ушбу таълим муассасаларидаги тўлов-контрактнинг ижтимоий мақбул миқдорини қонунчиликда белгилаб қўйиш керак.

Жасур Тожибоев, қурилишда менежмент, бухгалтерия  ҳисоби ва аудит, Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Жиззах вилояти бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, 35-Ғаллаорол сайлов округидан номзод:

– Ишли, турмуш даражаси юқори бўлган одам оиласидан, эртасидан кўнгли тўқ яшайди. Шундан келиб чиқиб, биз бу борада долзарб масалаларни илгари сурдик.

Хусусан, уй меҳнатини ташкил этишнинг янги самарали шаклларини ривожлантиришга эътиборни қаратиш керак, деб ўйлаймиз. Хусусан, мактабгача ёшдаги бола тарбияси билан машғул бўлгани боис ишламайдиган аёллар учун уй меҳнати ҳамда уларнинг давлат-хусусий шериклигининг тегишли шаклларидаги иштирокини ошириш бўйича эҳтиёжларини аниқлаш ва ишлаб чиқилган таклифларни халқ депутатлари Кенгашларида кўриб чиқишни режалаштирганмиз.

Соҳибжон Содиқов, иқтисодчи, молия, Жиззах вилояти бўйича Ғазначилик бошқармаси бошлиғи, 36-Пахтакор сайлов округидан номзод:

– Бизнинг энг асосий ғоямиз — аҳолининг давлат ва жамият томонидан қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд қатламлари манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат. Бунда уларнинг бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Фикримча, олис қишлоқ ҳудудларидаги мактаблар, қишлоқ врачлик пунктлари ва бошқа ижтимоий соҳа объектларига малакали ва тажрибали мутахассисларни жалб этиш мақсадида партия бундай ходимларни моддий ва маънавий рағбатлантириш механизмини қонунчиликда мустаҳкамлаш лозим.

Ўрол Ўразбоев, педагог, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Жиззах вилоят кенгаши раиси, 37-Шароф Рашидов сайлов округидан номзод:

Меҳнат қилиш ҳуқуқи — инсон учун энг ҳаё­тий ва ишончли ижтимоий ҳимоя, орзу-истаклари, фарзандлари камолоти йўлидаги тенги йўқ таянч воситасидир. Бу масала кечиктириб бўлмайдиган ва ҳал этилиши керак бўлган энг муҳим масалалардан биридир. Партиямиз фикрича, бандлик ва ишсизликка қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини амалга оширишга доир илғор хорижий тажрибани ўрганиш керак.

Ўрганишлар натижаси асосида аҳоли бандлигини таъминлаш тўғрисидаги қонун ҳамда бошқа тегишли қонун ҳужжатларига зарур ўзгартиришларни киритиш бўйича таклифлар тайёрлаш ва парламентдаги фракцияси орқали қонунчилик ташаббуси сифатида олиб чиқишни кўзда тутган.

Ишончимиз комилки, номзодларимиз Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланса, депутат сифатида ҳам самарали фаолият кўрсатади, ҳаётий таклифлар қонунларда акс этиши учун курашади ва бунинг уддасидан чиқа олишади.

Бизнинг номзодлар учун овоз беринг!

ЎзХДП Марказий Кенгаши
Ахборот хизмати

Кўпроқ янгиликлар