9 ёшли вундеркинд ўзи ўқишга кирган университетдан кетди 

Жаҳон 22:43 / 10.12.2019 22224

Лоран Бельгиянинг Остенд шаҳрида туғилган бўлиб, 6 ёшида юқори синфларга ўқишга қабул қилиниб, бир йилдан кейин ўқиш билан параллел равишда Амстердам университети тиббиёт марказида ишлай бошлаган. У 8 ёшида математика фанлари ихтисослиги бўйича ўрта таълимни битирганлик тўғрисидаги дипломни олган.

2019 йил мартида болакай 9 ёшида Эйндховен университетининг электр техника факультетига ўқишга қабул қилинган ва одатдаги 3 йил ўрнига ярим йил ичида бакалавр ишини ёзишга муваффақ бўлган.

Ёш вундеркинд бакалавр дипломини 26 декабргача, яъни 10 ёшга тўлгунга қадар ҳимоя қилиши режалаштирилганди. Бу вазиятда у 10 ёшида Алабама университетининг битирувчиси бўлишга муваффақ бўлган Майкл Карнидан олий таълим муассасаси дипломининг энг ёш соҳиби номини тортиб оларди.

Бироқ охирги паллада университет раҳбарияти Лоран зўриқиши мумкинлиги сабабли туғилган кунигача ўқишни битириши нореал деган қарорга келиб, боланинг ота-онаси билан бу борада келишолмай қолган. “Лораннинг ота-онаси биз таклиф қилган ўқиш жадвалига рози бўлмади ва биз бундан афсусдамиз”, деб маълум қилган университет раҳбарияти.

Натижада Лораннинг ота-онаси унинг ҳужжатларини университетдан олишга қарор қилган.

Лораннинг ўзи эса инстаграмда университет раҳбарияти жамоатчиликни чалғитишга уринаётганини ёзган. “Университет матбуотда йил охиригача ўқишни битиришимни айтганди. Энди бўлса, бу 2020 йил ўрталарида юз беришини таъкидламоқда! Наҳотки Эйндховен университети барчани алдамоқчи бўлса?”, деб ёзган ёш вундеркинд.  

Кўпроқ янгиликлар