Акмал Умрзоқов: «Матндан юлиб олинган маълумотлар билан ўзимизга маҳлиё бўлиб юрардик»

Ўзбекистон 23:56 / 09.12.2019 15210

9 декабрь куни Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида сўз олган «Миллий тикланиш» демократик партияси вакили Акмал Умрзоқов Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ўрнига эътибор қаратди.

«Ўзбекистонда инвестицион муҳит ҳақида гапирганда энг аввало эркинликни таъкидлаган бўлардим. 

Шу билан бирга яна айрим жиҳатларни айтишни истаган бўлардим. Тўғри, биз Ўзбекистон суверен рейтинг олдик, турли рейтинг агентликлари бизни эътироф этяпти, дейишимиз мумкин, лекин бу рейтинг биз кутган даражадами, деган савол туғилади.

Тан олайлик, бизни рейтинглардаги ўрнимиз ҳали «A+» ёки «A» даражасида эмас, энг ўрта «B» даражаларда турибмиз.

Ўзбекистон бошлаган очиқлик сиёсатини давом эттириши, ўзи иштирок этадиган ва «Doing Business»дан бошқа, инвесторлар кузатадиган рейтингларга ҳам эътибор қаратиши керак. Бу рейтинглар эътибор қаратадиган жиҳатларни, талабларни яхшироқ ўрганайлик!

Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти томонидан юритиладиган иқтисодий эркинлик индексида Ўзбекистон 140-ўринда туради.

«World justice project» томонидан олиб бориладиган ҳуқуқ устуворлиги индексида Ўзбекистон 2019 йил натижаларига кўра, 94-ўринда қолмоқда.

Коррупция бўйича Transparency International индексида биз ҳаттоки жуда ачинарли ўриндамиз. Буни айтишга ҳам уяламан.

Нега буларни айтаяпман? Ҳар қандай инвестор шу каби рейтингларни кўриб турганда биз илгарилари ўзимизни алдаб келардик.

«World justice project»ни ҳуқуқ устуворлиги жиҳатида хавфсизликни таъминлаш бўйича Сингапурдан кейин иккинчи ўринда турамиз, деб текстдан юлиб олинган маълумотларни олиб, ўзимизга ўзимиз маҳлиё бўлиб юрардик. Умумий рейтингда эса айтганимдек, 90-91-ўринларда турардик. Бугун камчиликларимизни тан ола биляпмиз.

Яна бир нарсани қайд этиш керакки, президент Шавкат Мирзиёев 2018 йилда «Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади. Шунингдек, бу фармон билан тасдиқланган Инвестицияни рағбатлантиришга оид Давлат дастури қабул қилинди. Агар мана шу фармон ва дастурларга оғишмай амал қилинса, ўйлайманки, бизга кириб келадиган инвестиция оқими ошишда давом этади.

Агар соҳага қарашимиз ўзгарса, Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлиги янада ошади», – дея Умрзоқовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Кўпроқ янгиликлар