Россия жанубининг «кўк-сариқ пойтахти». Дон бўйидаги кўркам Ростов Kun.uz объективида

Lifestyle 18:30 / 26.11.2019 15263

Россия қанчалик улкан мамлакат эканини у ерга боргандан сўнг яхшироқ англайди киши. Ҳа, Россия чиндан охири кўринмайдиган даражада катта. Бу давлатда ҳар нарсани топишингиз мумкин, баланд бинолар ҳам, битмас-туганмас ер ости бойликлари, миллион хил машиналар, ҳар хил миллат одамлари, аммо улар орасида энг ўзига тортадигани Россия табиати. Бу қадар гўзал табиатни бошқа ерда учратиш қийин бўлса керак. Ундан чиройлироқлари ҳам бордир, лекин рус табиати такрорланмас гўзаллиги билан одамни ром қилади.

Ростовга яқинлашар эканмиз учоқдаёқ рус ўрмонларининг бепоёнлигини кўрдик. Ростовга сафаримиз Платов номидаги халқаро аэропортдан бошланди. ЖЧ-2018 олдидан очилган аэропорт жуда чиройли қурилган. Аэропорт Дон казакларидан таркиб топган аскарларнинг машҳур вакили бўлган Матвей Платов шарафига шундай номланган. Аэропорт ичкарисида Лев Толстойнинг «Бутун Россия казаклар томонидан қурилган» деган гапи катта қилиб ёзиб ҳам қўйилган.

Платов аэропортини унинг кираверишида терилган мармардан ҳам бошқалардан осонгина ажратиб олиш мумкин. Унчалик гавжум бўлмаган аэропортда халқаро рейслар унчалик кўп эмас. Аммо Тошкентга ҳафтада икки марта тўғридан-тўғри рейс бор. Бу бежизга эмас, шаҳарда ўзбекистонлик муҳожирлар талайгина. Аэропортдан керакли манзилга етиб олиш учун Yandex taxi хизматидан фойдаландик. Шаҳар марказидан 50 киломерт узоқликда жойлашган аэропортдан шаҳарга бориш арзон эмаслиги аниқ эди. Биз «Ростов» иштирокидаги ўйинни кўришга келганимиз учун «Ростов Арена» атрофида меҳмонхона қидиришга қарор қилдик.

Yandex бизни 1 250 рублга (тахминан 20 АҚШ доллар) Левобережная кўчасига олиб борди. Шундоққина Дон дарёси ва ўрмонлар олдида жойлашган «Ростов Арена» яқинидаги меҳмонхонага жойлашдик. Оддий, аммо барча шароитларга эга меҳмонхонани сафаримиз давомида алмаштирмадик. У ерда кунига 3 500 рублдан тўлаб 10 кун турдик (умумий 550 АҚШ доллари). Бир кун Краснодарга, бир кун Москвага бориб келганимизни ҳисобга олмасак, бутун сафаримиз Ростовда ўтди. Тезроқ шаҳарни айлангимиз келгани учун чарчаган бўлсак-да, меҳмонхонага жойлашибоқ Ростовни айлангани чиқдик.

Шеригим Муҳаммаджон қайси шаҳарга бормасин биринчи навбатда қаерда Макдоналдс борлигини суриштиради. Ростовдаги бизга энг яқин Макдоналдс қаердалигини аниқлагач, у ерга қараб йўл олдик. Мегамаг деган савдо марказида одамнинг жонидан бошқа ҳамма нарсани топиш мумкин. Дўкон эмас, бутун бошли шаҳарга ўхшарди у. Боргунча йўлдаги ўрмонлар, дарё ва ЖЧ-2018 арафасида тайёрланган ажойиб деталларни суратга олдик. Қуйида келтирилган расмларни кўриб, улар бир кунда олинмаганини сезгандирсиз. Ҳа, суратларни бутун сафаримиз давомида тайёрладик.

Ростовнинг асосий гўзаллиги, шубҳасиз, Дон дарёси. Унинг улканлигидан дарё эмас, денгиз деб ўйлаш ҳам ҳеч гап эмас. Дарё атрофи доим одамлар билан гавжум. Ундаги кўприкдан пастга тушадиган лифт ҳам қўйилган. Дарё бўйида хиёбон бор. Кузда айниқса чиройли бўладиган хиёбон одамлар билан гавжум. Дарёнинг нариги соҳилида эса «Ростов арена» жойлашган. Тунда чироқлари ёқилган стадион шунчалик чиройли кўринадики...

Сарлавҳада Ростовни Россия жанубининг кўк-сариқ пойтахти деб атадик. Биласиз, «Ростов» клубининг байроғи айнан кўк-сариқ рангда. Бу бежизга эмас. Азалдан Дон байроғи кўк, сариқ, қизил рангда бўлган ва Ростов областининг байроғида бу анъана сақлаб қолинган. «Ростов» мухлислари ҳам клубни қўллаб қувватлаётганда «жануб пойтахти», «кўк-сариқлар энг кучли» деб олқишлайдилар. Дарвоқе, сариқ-кўк ранг бугун Россия билан унчалик яхши алоқада бўлмаган Украина байроғида ҳам тасвирланганини биласиз. Ростовликлар худди украиналиклар каби «ғ», «ҳ» ҳарфларини кўп ишлатиши (рус тилида бундай товушлар йўқ)Россиянинг бу ҳудуди Украинага яқин эканини эслатиб туради.

Минг марта эшитгандан бир марта кўрган афзал. Эътиборингизга Ростов манзаралари тасвирланган фотогалереяни ҳавола қиламиз.

 

Муҳаммаджон Ғаниев, Ўткир Жалолхонов. Kun.uz мухбирлари

Кўпроқ янгиликлар