Дорини нима билан ичиш тақиқланади?

Kun.uz light 20:50 / 26.11.2019 67597

Нималар мумкин эмас?

Грейпфрут шарбати
Канаданинг Лоусон соғлиқни сақлаш институти олимлари маълум қилишича, цитрус меваларда, айниқса грейпфрут таркибида фуранокумаринлар, яъни, даволовчи восита таъсирини бир неча марта оширувчи моддалар мавжуд. Грейпфрут юрак касалликларига оид, аллергияга қарши, вируслар билан курашувчи воситалар, юқори қон босимида қўлланувчи препаратлар, антидепрессант ва антибиотиклар билан бирга ичилганда алоҳида хавфлидир — чигал аҳволни янада оғирлаштириши мумкин.

Чой
Чой ўзида танин сақлайди — дори сўрилиши тезлигига таъсир қилувчи фаол модда. Баъзи ҳолатларда у ортиқча қўзғалишни келтириб чиқаради, масалан, антидепрессантлар билан даволаш фонида. Бошқаларида эса препарат самарасини камайтиради (орал контрацептивлар қабулида). «Юрак», «ошқозон» таблеткалари ва антибиотикларни чой билан ичманг.

Кофе
У тетиклаштиради ва кучли сийдик ҳайдовчи таъсир кўрсатади. Агар дори-дармонни кофе билан ичсангиз, препарат танадан жуда тез чиқиб кетишига ёки унинг таъсири кучайишига йўл очишингиз мумкин (масалан, оғриқ қолдирувчи воситалар шу жумладан). 

Сут
Баъзи ҳолларда сут билан дори-дармонларни, масалан, калий препаратлари ва витаминларни ичиш алоҳида тавсия этилади. Аммо тетрациклин гуруҳига кирувчи антибиотиклар ва «юрак» дорилари сут билан ҳамкорлик қилишни ёқтирмайди. 

Алкоголь 
Дориларнинг спиртли ичимликлар фонида сўрилиш тезлигини кўриш учун олимлар ингичка ичакка ўхшаш сунъий муҳит яратишди. Тажрибалар шуни кўрсатдики, синовдан ўтказилган дориларнинг деярли 60 фоизи алкоголли суюқликда тезроқ эрийди. Айниқса антидепрессантлар, антибиотиклар, анальгетиклар ва иссиқни туширувчиларни қабул қилишда алкоголь қатъиян тақиқланади.

Ҳатто зарарсиз ҳисобланувчи парацетамол ҳам спирт билан қўшилиб жигарни заҳарлай олади.

Газланган ичимликлар
Шакарли вижиллайдиган ичимликларнинг фойдасизлиги — ошқозон шиллиқ қаватини тирнаши, кўнгил айнишини чақириши, шишириши етмагандек, дори билан биргаликда ошқозон-ичак тракти учун ҳақиқий «бомба» бўлади. Бу, айниқса овқат ҳазм қилинишини яхшиловчи, сийдик ҳайдовчи, антибиотиклар учун алоқадор.

Компотлар ва киселлар
Шифокорлар ушбу охирги вариантни гастрит ва ошқозон ярасидан азият чекувчи беморларга тавсия қилишлари мумкин: кисел ошқозон деворларини ўраб олади ва шу билан препаратнинг тирнаш хусусиятини камайтиради. Бироқ препаратнинг даволовчи таъсири ҳам камаяди ва буни эътиборга олиш муҳим. Таблеткани компот билан ичиш ярамайди — мевали кислоталар баъзи дориларнинг, шу жумладан меъда қайнаши ва гипертонияга қарши воситаларнинг фармакологик таъсирини ўзгартириши мумкин. 

Фойдали маслаҳатлар

Овқат ҳам дориларнинг самарадорлигини пасайтириши мумкин. Шифокорлар қуйидаги маҳсулотларни биргаликда қабул қилишдан қайтаришади: 
— тетрациклин гуруҳига кирувчи воситаларни творог, дуккаклилар ва пишлоқ билан; 
— темир сақловчилар ва ёнғоқлар;
— антитромботик воситалар исмалоқ ва карам билан; 
— антибиотиклар нордон мевалар ва сирка қўшилган овқат билан;
— ацетилсалицил кислотаси цитрус мевалари билан қабул қилинганда зарарлидир. 

Нима билан ичиш керак?

Энг яхшиси хона ҳароратидаги оддий қайнатилган ёки сотувдаги газсиз сув. Бундан ташқари, сувни тежамаслик керак: битта таблеткани ичиш учун камида ярим стакан сув кетади (аксарият ҳолатлардаги каби бир ёки икки қултум эмас).

Кўпроқ янгиликлар