Boeing 737 дунёдаги энг кўп сотилувчи самолёт номини асосий рақобатчисига бой берди

Жаҳон 03:12 / 20.11.2019 11946

Boeing 737 самолёти дунёдаги энг кўп сотилувчи самолёт номини рақобатчи компания Airbus’нинг A320 самолётига бой берди. Бу ҳақда АҚШ компанияси ҳисоботига асосланиб Business Insider нашри хабар берди. 

Таъкидланишича, октябрь охирига келиб турли модификациядаги Boeing 737’га 15 минг 136 та буюртма, Airbus A320 қаторидаги моделларга 15 минг 193 та буюртма олинган. Airbus охирги йиллар давомида рақобатчисига етиб олишга уринган ва тавофут A320 neo модели тақдимотидан кейин айниқса қисқарган. Шунга қарамай, 2018 йил охирида A320 самолётлари Boeing 737’дан 400 та буюртма ортда қолган.

Маълум қилинишича, Boeing учун бундай салбий вазият Boeing 737 MAX 8 самолётлари учраган икки ҳалокат билан боғланган. 2019 йил 10 март куни Эфиопияда Ethiopian Airlines авиакомпаниясининг ва 2018 йил 29 октябрда Индонезияда Lion Air авиакомпаниясининг Boeing 737 MAX 8  самолётлари қулаганди. Иккала авиаҳалокатда умумий ҳисобда 346 киши ҳалок бўлган. Шундай кейин кўплаб давлатлар хавфсизлик нуқтаи назаридан ушбу сериядаги самолётлардан фойдаланишни тўхтатган. 

Шу билан бирга, Business Insider’нинг таъкидлашича, Boeing 737 моделларига буюртмалар сони янги йилдан ошиши кутилмоқда, чунки январгача ушбу самолётлар парвозига рухсат берадиган сертификат олиниши мумкин.

Кўпроқ янгиликлар