Тошкентнинг тоғли ҳудудидан Турк хоқонлиги даври кўчманчиларининг қабристони топилди

Ўзбекистон 13:10 / 19.11.2019 32252

Тошкент шаҳридан 100 км шимоли-шарқда, Ғарбий Тяншан тоғларининг денгиз сатҳидан 1000 метр юксакликдаги этакларида ўзбек археологлари томонидан милоддан кейинги VI-VII асрларга оид Турк хоқонлиги даври кўчманчиларининг қабристони топилди.

Фото: Фанлар академияси

Фанлар академияси хабарига кўра, ушбу қадимий қабристон сел, қор ва ёмғирлар юзидан емирилиши натижасида очилиб қолган бўлиб, бу ҳақда археологларга Тошкент халқаро мактаби ўқитувчиси Скот Бекер хабар берган. 

Ўзбекистон Фанлар академияси Миллий археология маркази ходимлари бу ерга бир кунлик тезкор дала изланиши сафари уюштириб, қабристоннинг географик ўрни, умумий майдони, қабрларнинг шаклини ўргандилар, айрим юзага чиқиб қолган топилмаларни, шу жумладан, бир неча бош чаноқ суяги, сопол идишлар, темирдан ясалган ханжар, пичоқ, узанги, сўлиқ, бир неча тўқа, ёрғучоқ тош ва темир эритилган ўчоқнинг девор парчасини қўлга киритдилар.

Фото: Фанлар академияси

Қадимий ёзма манбалардан маълумки, VI асрда Қора денгиздан Тинч океанига қадар бўлган кенг майдонда Турк хоқонлиги деб аталган улкан империя ташкил этилган бўлиб, бу давлат Марказий Осиёдаги барча туркий халқларни марказлашган бир сиёсий уюшмага бириктирган эди. Тошкент вилояти эса у даврда Чоч деб аталиб, бу улкан сиёсий уюшманинг маъмурий марказларидан бири бўлган. Шарқни Ғарб билан улаб турган тижорий карвон йўллари ёқасидан ўрин олган қадимий Чоч, ўзининг қулай юмшоқ иқлими, юзлаб чучук сувли сойлари, унумдор тупроқлари, кенг дашт ва тоғ яйловлари ҳамда ерости бойликлари билан кўплаб халқларни ўзига жалб қилган эди.

Фото: Фанлар академияси

“Ўзбек халқининг келиб чиқишида асосий ўрин тутган Турк хоқонлиги қолдиқларининг топилиши археологлар ўртасида доим ҳаяжон билан қарши олинади. Тошкент вилояти ҳудудида бундай топилмаларнинг оз учраши эса ушбу янги археологик ёдгорликнинг аҳамиятини янада орттиради. Шунинг учун ҳам, йилдан йилга емирилиб бораётган бу қабристондаги очилиб қолган қабрлар тезлик билан қазиб ўрганилиши керак. Бу мақсадда Миллий археология марказида Ғарбий Тяншан ҳудудидаги кўчманчи маданиятни ўрганиш гуруҳи тузилган бўлиб, ушбу ҳудудда кенг археологик изланишлар олиб бориш режалаштирилмоқда”, - дейилади ФА хабарида.

Кўпроқ янгиликлар