Давлат тест маркази қошида «Илмий-ўқув амалий марказ» ташкил этилади

Ўзбекистон 15:18 / 09.11.2019 2396

Ўзбекистонда тест тизимини такомиллаштиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинади. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Тестология ва педагогик ўлчовлар, чет тилидан малака ошириш курсларини ташкил этиш ҳамда соҳада етакчи халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, Марказий Осиёда тестология бўйича минтақавий илмий мактаб яратиш мақсадида Давлат тест маркази қошида “Илмий-ўқув амалий марказ” давлат унитар корхонаси ташкил этилади.

Қуйидагилар Илмий-ўқув амалий марказининг асосий вазифалари этиб белгиланади:

тест материалларини ишлаб чиқиш ва уларнинг сифатини аниқлаш, тестология ва педагогик ўлчовлар соҳасидаги илмий тадқиқот натижаларини нашр этиш;

тест материалларини ишлаб чиқиш ва уларнинг сифатини аниқлаш бўйича мутахассислар – тестологларни тайёрлаш, шунингдек, бу борада маҳаллий ва халқаро олий таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш;

шартнома асосида қисқа ва узоқ муддатли тестология, педагогик ўлчовлар, чет тиллари бўйича тингловчиларнинг малакасини ошириш, диагностик тест синовларини ташкил этиш;

тестология ва педагогик ўлчовлар соҳасида илмий изланиш олиб борувчи шахслар учун зарур шарт-шароитлар яратиш, хориж тажрибаларни ўрганиш асосида миллий тизимни яратишга таклифлар бериш;

халқаро имтиҳон олувчи ташкилотлар билан ҳамкорликда имтиҳонларни ташкил этиш ва ўтказиш.

Илмий-ўқув амалий марказ фаолияти шартнома бўйича жисмоний ва юридик шахсларга хизматлар кўрсатишдан тушган маблағлар ҳисобига ҳамда зарурат бўлганда Давлат тест марказининг ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Республика ҳудудларида тест синовларини ўтказишга мўлжалланган катта сиғимли бино ва иншоотларни қуриш учун Давлат тест маркази ҳузурида “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси ташкил этилади.

Инжиниринг компаниясининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланади:

тест синовлари ўтказилиши белгиланган катта сиғимли бино ва иншоотларнинг намунавий эскиз лойиҳасини белгиланган тартибда тайёрлаш;

қурилиш-пудрат ташкилотини танлаш бўйича тендер (танлов) савдоларини ташкил этиш ва ўтказиш;

қурилиш-монтаж ишларини назорат қилиш ва объектларни қабул қилиб олиш.

Давлат тест маркази ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг 2020 йил 1 январдан бошлаб ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига кўра Давлат тест маркази бошқарув ходимлари лавозим маошларини аниқлашда тариф коэффициентларини икки ярим баравар миқдорида қўллаш ҳамда бу билан боғлиқ қўшимча харажатларни Давлат тест маркази ҳузуридаги Давлат тест маркази фаолиятини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаш тўғрисидаги таклифига розилик берилиши мумкин.

Кўпроқ янгиликлар