Masdar Ўзбекистонда қуёш электр станцияси қуриш бўйича инвестиция битимини имзолади

Ўзбекистон 12:24 / 08.11.2019 4338

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ва Masdar компанияси (БАА) ўртасида инвестиция битимини имзоланиши бўлиб ўтди.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизматига кўра, Masdar компанияси Ўзбекистон Республикаси Навоий вилоятида умумий қуввати 100 МВт бўлган фотоэлектр станциясини қуришга 100 миллион долларгача сармоя киритади.

2019 йил 4 октябрь куни Амирликнинг Masdar компанияси Ўзбекистон Республикаси тарихида қуёш энергиясига давлат-хусусий шериклик (ДХШ) асосида инвестицияларини жалб қилиш бўйича биринчи очиқ тендер ғолиби деб эълон қилинган эди.

Masdar қуёш энергиясини ривожланаётган бозорлардаги энг паст тарифларда – хар бир киловатт-соат учун атиги 2,679 АҚШ цент ҳисобига етказиб бериш таклифини билдирди.

Компания лойиҳани амалга оширишнинг тўлиқ даври (25 йил) мобайнида электр станциясини лойиҳалаштириш, молиялаштириш, қуриш ва эксплуатация қилиш ишларини амалга оширади. Қурилиш ишлари 2020 йилнинг биринчи чорагида бошланиши ва фотоэлектр станциясини фойдаланишга топширилиши 2021 йилнинг биринчи чорагида амалга оширилиши кутилмоқда.

Келишув бўйича консультант сифатида Халқаро Молия Корпорацияси (ХМК) жалб қилиниб, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига тегишли ҳужжатларни ишлаб чиқишда ва хорижий мамлакатларнинг 40 дан ортиқ компаниялари иштирокида тендер савдоларини ўтказишда кўмаклашди.

Эслатиб ўтиш жоизки, Ўзбекистон ҳукумати 18 октябрь куни Вашингтонда ХМК билан давлат-хусусий шериклик (ДХШ) лойиҳалари орқали 900 МВтгача қуёш энергиясини ишлаб чиқариш бўйича тегишли мандатни имзолаган эди.

Маълумот учун: Masdar компанияси - Абу Даби ҳукумати "Mubadala Investment Company" инвестиция холдингининг шўъба корхонаси бўлиб, дунёдаги қайта тикланадиган энергия соҳасида етакчи компаниялардан биридир. Компаниянинг амалга оширилган инвестиция лойиҳалари портфели қайта тикланадиган манбалардан электр энергиясини ишлаб чиқариш бўйича  4000 МВт.дан ортиқ ўрнатилган қувватни ўз ичига олади.

Кўпроқ янгиликлар