«70 ёшимда ҳам ўзимни 25 яшар йигитдек ҳис этяпман» – Бокс афсонаси Руфат Рисқиев билан суҳбат

Спорт 17:35 / 08.11.2019 23138

Руфат Рисқиев – ўзбек боксининг чинакам афсонаси. «Тошкент йўлбарси» номи билан танилган боксчининг мухлислари орасида бир неча авлод вакилларининг борлиги шубҳасиз.

Бугунги қаҳрамонимиз спортдаги фаолияти давомида жаҳон ва Олимпиада ўйинларида Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилиб, АҚШ, Куба, Австрия, Испания каби давлатларда ўтказилган халқаро турнирларда рақиблари устидан оламшумул ғалабаларга эришган.

Уч йил аввал веналар тромбози оғирлашгани туфайли ўнг оёғидан айрилган Руфат Рисқиев 2 октябрь куни ўзининг муборак 70 ёшини қаршилади. Kun.uz мухбири ўзбек боксидаги илк жаҳон чемпиони саналувчи таниқли чарм қўлқоп устаси билан суҳбатлашиш мақсадида унинг хонадонида бўлди.

– Руфат ака, муборак 70 ёшингиз билан самимий табриклаймиз. Кўнглингиздан қандай ҳислар кечмоқда?

– Қутлов учун катта раҳмат. Биласизми, 70 ёшга кирган бўлсам ҳам, ҳалигача ўзимни 25 ёшли йигитдек ҳис қиламан. Кўрганлар ўзгарганимни сезишади. Аммо ҳамон кўнглим ёш, назаримда ўзгармаганман.

– Бир неча йил аввал ўнг оёғингизни операция орқали кестириб ташлаганингиз ҳақида гап-сўзлар тарқалганди. Ҳозир эса ўша миш-мишлар ростлигига ишонч ҳосил қилдик.

– Бир пайтлар девордан асфальтга сакраганимда оёғим жароҳатланганди. Оғриғига аҳамият бермай, тезда тузалади, деган фикрда юраверганман. Йиллар давомида лат еган жойи йиринглаб кетибди. Шифокорга учрасам, оёғимни кесиб ташлаш кераклигини айтди. Шундан сўнг ўша ҳолатда ҳам яна ярим йил юрдим. Кейин охири ўнг оёғимни кестириб ташлашга мажбур бўлдим.

 – Кун бўйи бир жойда ўтириб зерикмайсизми?

– Йўқ, асло зерикмайман. 16 ёшдан 27 ёшгача шунақа кўп юрганманки, самолётма-самолёт, мусобақама-мусобақа, машғулотма-машғулот юриб, ўн йилдан ортиқ умрим ўтди.

Бир сафар Болгариядан Россияга учиб келдим. Ўша заҳоти Москвадан тўғри Германияга жўнашим керак эди. Аммо масъуллар Германияга эмас, Тошкентга учиб кетишим зарурлиги ва бир неча кун ҳордиқ олиб, сўнг Германия томон учишимни айтишди. Шунда қувонганимдан «Ураа уйга бораман!» дея роса сакраганман. Ўзим истаган дунёнинг кўп давлатларида бўлдим. Фақат Италия ва Францияга боролмаганман.

Боксдаги фаолиятимни тўхтатганимга 43 йил бўлди. Лекин ҳалигача бокс ҳақида гапиришади. Кўчада, ҳаммомда, тўйда, тадбирларда турли саволлар беришади. Уларга «Бошқа гапларинг йўқми?» дейман. Олдин жуда чарчаган эдим. Ҳозир эса аста-секин гаплашяпман.

 – Ўтган вақт давомида нималар билан банд бўлдингиз?

 – Ҳеч нарса билан шуғулланмадим деярли. Юқорида айтганимдек, мен боксдан жуда чарчаган эдим. 1976 йилдан бери интервьюлар ҳам бермаганман. Охирги йилларда яна суҳбатлашиб, аввалги одатларимга қайтяпман.

 – Нима сабабдан айнан боксни танлагансиз?

– Тошкентнинг Навоий кўчасида турардик. Ўртоқларимга қўшилишиб дарсдан кейин акробатика машғулотларига қатнаганман. Менга умуман ёқмаган бўлса-да, бир муддат шу спорт тури билан шуғулланганман. Кейин улар боксга боришни бошлашди. Мен ҳам улар билан бирга қатнадим. Кўп ўтмай, ўртоқларим машғулотларни ташлашди негадир. Менинг ҳаётим эса бокс билан боғланди.

Бокс алифбосини ўргатган илк мураббийим Жаксон касал бўлгач, Алексей Баранов  машғулотларига қатнашни бошладим. У менга бокс мактабини берган. 1966 йили Баранов хорижга кетганидан сўнг Борис Гранаткин билан ишладим. Бокс Олий мактабидан сабоқ берган у инсон билан фаолиятимнинг охиригача, яъни 1976 йилга қадар бирга бўлганмиз.

 – Бокс оламига неча ёшингизда кириб келгансиз?

– 12 ёшимда. Жаксоннинг олдига борганимда 12 ёшда эдим.

 – Иштирокингиздаги қайси мусобақа эсда қоларли кечган?

– Жанглар ва ғалабалар жуда кўп бўлган. Аммо 1976 йил Монреалда ўтказилган XXI ёзги олимпиадада ютқазганим ҳеч эсимдан чиқмайди. Менда айб бўлмаган. Секундомеримга шу-шу гапларни айт, деганман. У эса ҳамма сўзларимни тескарисини гапирган. Ўшанда ҳам барибир унга ишонганман. 4 раунд қўлим баланд келган, 5-раундда эса мағлубиятга учраганман. Бу борада секундомер билан кўп уришиб, жаҳл қилганман. Лекин жуда кеч эди.

 – Юлдузли онларингизни қандай хотирлайсиз?

 – СССР терма жамоасига 1968 йилдан борганман. 1971 йили СССР биринчилигида ғалаба қозонганман. 3та учрашувга 36 дақиқа ажратилганди. Мен эса 7 дақиқадаёқ ютганман.

Ҳар хил мураббийлар билан ишлаш яхши эмас. Фақат бир мураббийни ушлаб олиш керак. Гранаткин билан юриб, қатор натижаларга эришганман ва юлдузли онларим ҳам ўша кезларга тўғри келган.

– Бир пайтлар умрингизни спортга бағишлагангингиздан афсусланган экансиз. Ҳозир ҳам пушаймонмисиз?

– Йўғе, мени шунчалик танишади, Ўзбекистон обрўсини кўтарганман. Жаҳон чемпионати ўтказилганида СССРдан икки нафар чемпион чиққан. Биттаси мен эдим. Ўзбекистон шарафини оширганман, ҳаммаси билади ва ҳурмат қилишади. Бу – жуда катта нарса.

 – Руслан Чагаевга мураббийлик қилганингиз ростми?

– Ҳа. Бир куни унинг собиқ менежери Таймас ёнимга келди. «Русланнинг зарбаси кучли эмас. У билан машғулот ўтказа оласизми?» деди. Чагаевда профессионалликни кўролганим учун рози бўлдим.

«Динамо»даги спорт залида машғулотлар ўтишни бошладик. Икки ҳафта бирга ишладим. Ўн кун мен айтганларимни чиқарди, тўрт кун эса яна тозалаб, зарбаларини кучайтирдик, техникасини мустаҳкамладик.

Унга ўшанда: «Менга ҳозир пул керакмас. Биринчи йиқитганингни бағишлаб, жаҳон чемпиони бўлганингни совға қиласан», дедим. Бир ойдан кейин Америкада рингга чиқди. Жангни Тошкентда жонли эфир орқали кўрсатишди. Рақибини бешинчи раундда мағлуб этди. Мен ўргатган усуллар қўллаганини кўриб, жуда қувондим. АҚШда берган интервьюсида «Руфат акамга раҳмат», деган экан. Шунисига ҳам шукр. Аммо унинг хатолари кўп эди.

Таймасга «Берадиган пули керак эмас. Бироқ хатолари кўп, уларни устида ишлаш лозим. Олдимга келсин, ўргатаман», деганман. Лекин у уялиб, хижолат бўлганми, қайтиб ёнимга келмади.

 – Демак ўшандан буён Чагаев билан кўришмадингиз?

– Йўқ, кўришмадим. Пулдан қочган (кулади). Майли, мен унга очиқ кўнгилдан ёрдамлашганман, пулини нима кераги бор? Ўзбекистон шарафини оширяпти-ку!

 – Болалигингиз ҳақида ҳам гапириб ўтсангиз.

– Дадам 1954 йили оламдан ўтган. Оилада акам, опам, мен ва онам яшардик. Бизларни қорнимиз оч бўлган. Отам 35 ёшида вафот этган бўлса, волидам эрталаб бозорга кетиб, кечқурун қўлида иккита сумка билан келарди. Кўча бошига чопқиллаб бориб, қўлидаги нарсаларини уйимизга кўтариб қайтардик.

Онамга «Оқават пишдими?» дердим овқат сўзини тўғри айтолмай. Кейин «оқават»ни ош дейишни ўргандим. Эрталаб бозорга кетаётиб, уйда нон қолдирарди. Келгунча кўчада ўйнаб, ўша нонларни еб, кун ўтказардик. Бу ҳолат узоқ давом этган.

 – Одатда санъаткорлар ва спортчилар шон-шуҳратга ўч бўлишади. Бу ҳолат сизда қандай кечган?

– Хаёлим фақат спортда бўлган. Ютишни ўйлардим кўпроқ. Боксда маҳаллийчилик қилиб бўлмайди. Озгина манманликка берилсанг, ўз устингда ҳам кам ишлайсан. Охири жангда ютказиб, калтак ейсан.

Бу менинг ҳам бошимдан ўтган. Кейин ўзимга нисбатан талабим ортиб, машғулотларга кўп вақт ажратганман. Футбол ва бошқа спорт турларида бу билинмаслиги мумкин. Лекин боксда калтак еганингдан сўнг албатта, сезилади.

 – Руфат Рисқиевнинг ҳозирги даромади қандай?

– Пенсиям 850 минг сўм. Яна қўшамиз дейишган. Аммо қачондан беришларини билмайман.

 – Ҳаваскор боксчилар сиздан маслаҳат сўраб туришадими?

– Йўқ, улар бокс алфавитини билишади. Мен эса олий таълимни беришим мумкин: техника, тактика... Уларда боксга оид юқори билим бўлса, сира қийналишмайди. Ўзим Европа чемпионатида сира қатнашмаган бўлсам-да, аммо тўрт нафар Европа чемпионини мағлуб этганман.

Бир куни хорижлик мураббийлардан бирига шуларни гапириб бердим. Аммо у ишонмай, мийиғида кулиб қўйди. Анатолий Климанов, Вячеслав Лемешев, Владимир Тарасенков, Майкл Спинкс... Бу номдор спортчилар номини айтганимдан сўнг, қилган муомаласидан хижолат бўлди.

 – Кунингиз қанақа ўтади?

 – Аҳволимни кўриб турибсиз, уйда ўтирибман. Ўртоқларим келса, ўғлим ёки қизим дастурхон тузаб, ёрдамлашади, гаплашиб вақтимни ўтказаман. Баъзан дўстларим кўмагида тадбирларга қатнашаман. Лекин бирор жойларга борди-келдилар жуда кўп эмас.

 – Бугунги ёш номдор боксчилар йўқлаб туришадими?

– Раҳмат, гуллар билан келиб, ҳурмат қилишади. Бундан қувонаман.

 – Охирги пайтларда айнан кимлар келди?

– Кўп боксчилар, терма жамоа келди. Мен уларнинг ҳаммасини исмини билмайман.

 – Нега фарзандларингиз изингиздан боришмади?

– Бошида боксга боришган. Бир-икки ойдан сўнг тўхтатишган. Табиат болада дам олади, деган гап бор русларда. Мен бокс кучини олиб қўйганман ўғилларимдан. Невараларимда ҳам катта хоҳишни кўрмаяпман.

Миролим ИСАЖОНОВ суҳбатлашди.

Кўпроқ янгиликлар