Тошкент метрополитени 42 ёшини қаршилади

Ўзбекистон 21:22 / 06.11.2019 3099

1960-йилларда шахсан Ўзбекистон раҳбари Шароф Рашидов собиқ иттифоқ раҳбари Леонид Брежневни Тошкентда метро қуришга кўндирган ва жадал қурилиш ишларидан кейин 1977 йилда Чилонзор йўналишининг биринчи станциялари очилган.

Тошкент метросининг биринчи линияси – Чилонзор йўналиши 1977 йил 6 ноябрда ўз фаолиятини бошлаган. Дастлаб йўналиш узунлиги 12,2 кмни ташкил қилган ва унда 9 станция бўлган. 1980 йил 18 августда ушбу йўналишнинг яна 3 та янги станцияси ишга туширилиб, йўналишнинг умумий узунлиги 16,8 кмгача узайтирилган. 

Пойтахт метроси кенгайишда давом этиб, 1984 йилда унинг иккинчи – “Ўзбекистон” йўналиши, 2001 йилда эса учинчи – Юнусобод йўналиши очилган. Ҳозирда Юнусобод йўналишида қурилиш ишлари давом эттирилмоқда.

Бугунги кунда метронинг умумий узунлиги 36,2 кмни, станциялари сони 29 тани ташкил қилади. Юнусобод йўналишида яна иккита янги станцияни қуриш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, Сергели туманида ер усти метроси қурилиши ишлари жадал олиб борилмоқда, у 6 та станциядан иборат бўлади. Сергели йўналишини Наврўз байрамига фойдаланишга топшириш режалаштирилган.   

Тошкент метроси қурилиши бошланганда, уни ядро уруши ҳолатида паноҳгоҳ сифатида қўллаш ҳам режалаштирилганди. Метро стратегик муҳим объект ҳисоблангани сабабли, унда фото ва видеотасвир олиб бориш тақиқланган эди. Бироқ 2018 йил ёзида Тошкент метроси сайёҳларни жалб қилиши ҳисобга олиниб, Ўзбекистон ҳукумати метродан ҳарбий объект мақомини олиб ташлаган ҳамда унда фото ва видеотасвирга 41 йил амал қилган тақиқни бекор қилган.

Таъкидланишича, собиқ иттифоқ вақтида аҳолиси сони миллион кишидан ошган шаҳарга метро қуриш ҳуқуқи берилган. Собиқ иттифоқда қурилган метролардан фарқли равишда, Тошкентда чуқур бўлмаган қуриш тизими қўлланган. Тошкент метроси минтақанинг юқори сейсмиклиги ҳисобга олинган ҳолда қурилган. Таъкидланишича, пойтахт метроси конструкциялари MSK-64 шкаласи бўйича 9 баллик зилзилаларга бардош бера олади.

Яқинда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ Тошкент метросини 2025 йилгача ривожлантириш лойиҳасини тақдим қилди. Унга кўра, 2025 йилда метро узунлиги 4 мартага ортиб, 157 кмни ташкил қилади. Унда 74 та янги станция пайдо бўлади.  

Кўпроқ янгиликлар