«Инвестиция – гравитацион майдон демакдир». Норвегия суверен фонди раҳбари карьера чўққисида нега истеъфо берди?

Lifestyle 16:00 / 03.11.2019 16807

1969 йилнинг декабрь ойи – Норвегия тарихидаги муҳим саналардан бири. Ўшанда янги йил олдидан «Phillips Petroleum» компанияси Шимолий денгизда Экофиск нефть конини топгани ҳақида давлат расмийларига маълум қилган эди. Орадан бир ярим йил ўтиб, кондан нефть қазиб олина бошланган.

Шу билан бирга, 1970 йиллардан бошлаб Норвегия бошқа нефть конларини ҳам фаол ўрганишга киришган. 1990 йилга келиб, мамлакатда илк суверен фонд очилган. Фонд углеводород сотувидан тушган даромадларни норвегларнинг келгуси авлодлари учун йиғиб бориш мақсадида ташкил қилинган.

2017 йил сентябрига келиб, фонд активларининг жами қиймати 1 триллион доллардан ошди. Яъни, ҳар бир норвегияликка деярли 200 минг доллардан тўғри келади. Аммо бу пуллар қандай тақсимланиши номаълум. Шуниси аниқки, фонднинг фуқаролар олдида ҳеч қандай мажбурияти йўқ. Жамғарма Норвегиянинг ўзида инфляцияга йўл қўймаслик учун фақат хориждаги лойиҳаларга пул тикади.

Расман The Government Pension Fund Global (Глобал давлат пенсия фонди) деб аталувчи фонд Норвегия Марказий банки бўлинмаси – Norges Bank Investment Management томонидан бошқарилади. 2008 йилдан буён бўлинмага Ингве Слингстад раҳбарлик қилиб келмоқда. У бир неча кун олдин истеъфога чиқишини эълон қилди.

57 ёшли раҳбар фонд капитализацияси 10 триллион норвег крони (1,1 трлн доллар)га етганини маълум қилганидан сўнг лавозимидан кетишини билдирди.

Фонд расмий сайтида жами капитал ҳажми реал вақт режимида кўрсатиб турилади

«Жума – мен тўла хотиржам бўладиган ягона кун. Шунинг учун ҳам [ўтган ҳафта] истеъфо ҳақида хабар бериш учун яхши пайт эди», деди Слингстад чоршанба куни Ослода бўлиб ўтган матбуот анжуманида. У мазкур лавозимнинг янги эгаси топилгунига қадар, камида 2020 йилгача вазифасини бажаришда давом этади.

Ингве Слингстад Norges Bank Investment Management раҳбарлигига юқорида таъкидланганидек 12 йил олдин келган, бироқ у бундан олдин ҳам бевосита фонд тизимида 1998 йилдан бери ишлаб келган. У – иқтисод, ҳуқуқ, бизнес, политология ва фалсафа фанларидан илмий даражага эга.

Слингстад халқаро миқёсдаги инвестициялар соҳасида ишлашни ёқтириши сабабига бир неча бор изоҳ берган. Унинг сўзларига кўра, халқаро инвестиция иши – «геополитикадан тортиб, иқтисодий фаолиятдаги кичик технологияларгача – жамиятда рўй бераётган барча-барча ҳодисалар учун гравитацион майдон» саналади.

Слингстад Forbes`нинг жаҳондаги энг қудратли шахслар рўйхатида 2013 ва 2014 йилларда 70- ва 72-ўринларда қайд этилган.

2008 йилда, Ингве фонд раҳбарлигига келган пайтда жаҳон молиявий инқирози туфайли жамғармада ҳам жиддий зарар кузатилаётганди. Фонд рецессиядан кейин нархи тушиб кетган акцияларни катта ҳажмда солиб олди. Охирги 10 йил мобайнида фонднинг йиллик даромади 7,63 фоизни ташкил этди, акциялар нархи ошиб бораётгани фонида даромадлар бу йил рекорд миқдорга етиши кутиляпти.

Фонд 70/30 стратегияси асосида иш олиб боради. Яъни унинг 70 фоиз активлари – акциялар, қолган 30 фоизи – облигациялар (шунингдек, активларнинг бир қисми кўчмас мулк шаклида). Жамғарманинг 10 фоиздан ошмайдиган акциялари – жаҳоннинг 73та давлатида жойлашган 9 мингта хориж компаниялари қўлида.

Фонднинг энг йирик активлари – Apple, Microsoft, Alphabet, Amazon ва Nestle компаниялари акцияларидир. Умуман олганда эса, акциялари фонд бозорида эркин сотиладиган компаниялар (public companies)нинг 1,4 фоизида мазкур фонднинг ҳиссаси бор.

Охирги вақтларда фонд «масъулиятли инвестициялаш»га ҳам эътибор қарата бошлади, жумладан, кўмир компанияларига инвестиция киритмайдиган бўлди (кўмир – иқлим ўзгаришининг энг асосий сабабчиларидан). Қолаверса, жамғарма компаниялар раҳбарларидан тўловларнинг очиқ ва шаффоф бўлиши талаб қилмоқда.

Триллион доллар турадиган фонд раҳбари олаётган ойлиги жиҳатдан анча камтаргина эканини ҳам таъкидлаш керак. Ўтган йили унинг йиллик маоши 726 минг долларни ташкил қилди холос. Таққослаш учун, Forbes маълумотига кўра, Россиянинг энг йирик нефть компанияси – «Роснефть» раҳбари, 2016 йилда 13 млн доллар даромад олган.

Financial Times газетасининг ёзишича, Слингстаднинг котибаси ҳам йўқ – барча хизмат сафарлари ва учрашувларни унинг ўзи режалаштиради.

Ингве Слингстад фонд раҳбари сифатида ишлаган йиллари давомида Норвегия амалдорлари билан бир неча марта қарама-қарши келиб қолди. 2017 йилда мамлакат парламенти нефть-газ секторига инвестиция киритишни тўхтатиб, барча активларни сотиб юбориш таклифини рад этди. Ўша йили Слингстад 23та валютадаги фонд портфелини учта пул бирлиги – доллар, евро ва фунт стерлингга қисқартириш таклифига ҳам Молия вазирлигидан рад жавобини олди. Қолаверса, Слингстад хусусий акционерлик капиталига ўхшаш активларнинг янги классларига ҳам пул тикиш кераклигини айтиб, яна Норвегия ҳокимияти томонидан қаршиликка учради.

Баъзилар жамғарманинг фаолиятини танқид қилишади. Норвегия давлат маслаҳатчиси, академик Эспен Ҳенриксеннинг фикрича, Слингстад ўзига кўпроқ эркинлик берилишига эришмоқчи бўлган, шу билан бирга ўз қарорлари учун жавобгарлиги даражасини камайтиришни истаган, лекин бу ниятларига эриша олмаган экан. «Кетгани рост бўлсин», деб ёзди Ҳенриксен твиттер саҳифасида.

Аммо Ингве Слингстад ўз лавозимини ижобий нотада тарк этиши ҳақиқатга яқин.

«Мен раҳбар бўлиб келганимдан кейин фонднинг ҳажми 100 баравардан ҳам кўпроққа ортди. Мендан олдин жамғарма бор-йўғи давлат валюта захираларининг бир қисми эди холос. Шундай экан, иккита ўн йиллик давомида фонд қай тариқа ривожланиб борганини бевосита кузатиб борганимдан фахрланаман», – дейди Слингстад.

Дарвоқе, бугун – 3 ноябрь куни Ингве 57 ёшга тўлди.

У мансабини топширгач, Лондонга кўчиб ўтмоқчи. Слингстад Англия пойтахтида фонднинг қайта тикланувчи энергетика соҳасидаги фаолиятини кенгайтириш устида иш олиб бориш ниятида.

Кўпроқ янгиликлар