Тиш шифокори бемордан дунёдаги энг узун тишни олиб ташлади

Lifestyle 23:38 / 31.10.2019 17654

Германиянинг Оффенбахе шаҳрида тиш шифокори бемордан олиб ташлаган тиш дунёдаги энг узун инсон тиши деб топилди. Бу ҳақда Deutsche Welle нашри хабар берди. 

Айтиш жоиз, тишни олиб ташлаш бўйича операция 2018 йил сентябрда Макс Лукас исмли шифокор томонидан ўтказилган. Унинг ёнига хорват миллатига мансуб 63 ёшли эркак ўткир тиш оғриғидан шикоят қилиб келган. Мутахассис беморни кўздан кечириб, унда чорак қисмигина милкдан чиқиб турган ғайриоддий узун тишни аниқлаган.

Суғуриб олинган тиш ўлчанганда, унинг узунлиги 37,2 ммни (деяли 4 смни) ташкил қилган. Стоматолог барча зарурий ҳужжатларни тўплаб, рекорд узунликдаги тишнинг қайд қилиниши учун Гиннесс рекордлар китобига ариза жўнатган. Ҳозирда тегишли текширувдан кейин тиш дунёдаги энг узун инсон тиши деб топилган.   

29 октябрда шифокорга рекордлар китобининг бу ҳақидаги сертификати топширилган. Шифокор ушбу сертификатни ишчи хонасининг кўринарли жойига осиб қўйишини айтган. “Токи бу рекорддан бутун дунёдаги дантистлар хабар топсин”, деб таъкидлаб ўтган шифокор.

Кўпроқ янгиликлар