Нукусда «Оролбўйи - экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди» деб номланган халқаро конференция бўлиб ўтади 

Ўзбекистон 16:00 / 23.10.2019 1797

Анжуман сессиялари ва йиғилишлари давомида Ўзбекистоннинг Оролбўйи ҳудудини инновацион ривожлантириш бўйича лойиҳавий таклифлари алоҳида тақдим этилади.

24-25 октябрь кунлари Нукус шаҳрида БМТ шафеълигида "Оролбўйи - экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди" деб номланган халқаро конференция бўлиб ўтади.

Халқаро конференция Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 августда Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари саммитида эълон қилинган ташаббуслари ва таклифлари доирасида ташкил этилмоқда. 

Анжуманнинг очилиш маросимида БМТ Бош котиби А. Гутерришнинг видеомурожаати намойиши, ялпи мажлис, 4 та тематик сессия, шунингдек, Орол денгизининг қуриган тубига ташриф ("Кемалар қабристони", Мўйноқ туманидаги маданият маркази ва музей) режалаштирилган.

Анжуман доирасида Барқарор ривожланиш бўйича давлатлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ҳам режалаштирилган бўлиб, йиғилишда комиссия раислиги Туркманистондан Ўзбекистонга ўтади.

Тадбирда 230дан ортиқ, жумладан 200дан ортиқ хорижлик меҳмонлар иштирок этиши кутилмоқда.

Улар орасида БМТ Бош котибининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Наталья Герман, Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Питер Буриан, БМТ Бош котибининг ёрдамчиси, БМТ Тараққиёт дастури администраторининг махсус маслаҳатчиси Абдулайе Дьейеу, БМТнинг доимий координатори Хелена Фрейзер, БМТEИК Ижроия котибияти офисининг директори Кире Илиоски каби меҳмонлар бор.

Конференцияда Президентнинг учта ташаббусини илгари суриш: Оролбўйида экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудини ташкил этиш концепцияси лойиҳаси; Оролбўйи минтақасини "Экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди" деб эълон қилиш тўғрисидаги БМТ Бош ассамблеясининг махсус резолюцияси; Марказий Осиёда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича минтақавий дастур тақдимоти ва муҳокамаси ўтказилади.
Анжуман сессиялари ва йиғилишлари давомида Ўзбекистоннинг Оролбўйи ҳудудини инновацион ривожлантириш бўйича лойиҳавий таклифлари алоҳида тақдим этилади (умумий қиймати 33 миллион долларлик 24 лойиҳа).

Кўпроқ янгиликлар