Нарпайда 12 йилдан буён ишламай турган масжид: маҳалла оқсоқоллари уни очиш учун қай идорага бош уришни билмай сарсон

Жамият 13:30 / 20.10.2019 14475

Самарқанд вилояти Нарпай тумани Чақар қишлоғидаги «Наврўз» маҳалласи оқсоқоллари узоқ йиллардан буён ўзларини сарсон қилиб келаётган масала бўйича Kun.uz таҳририятига мурожаат йўллашди.

Маълум бўлишича, маҳаллада 12 йилдан буён «Болта бобо» жомеъ масжиди аҳолининг ўз маблағлари ҳисобига, ҳашар йўли билан мукаммал таъмирдан чиқарилган. Бироқ ҳануз у ерда бугунги кунда маҳалланинг аҳлига жамоат ва жума намозларини ўқиш учун рухсат берилмаяпти.

Сабаби — масжид давлат рўйхатидан ўтказилмаган. Қишлоқнинг қария оқсоқоллари жума намозни ўқиш учун 7-10 километр йўл босиб, қўшни қишлоқлардаги ёки туман маркази Оқтош шаҳарчасидаги жомеъ масжидларга қатнашаётганини маълум қилишди.

Шунингдек, масжидга рухсат бериб очилса, уни янада обод ва кўркам қилиш учун тайёр эканликларини айтишди.

Масжидда имомлик қилиш учун шу қишлоқ ёшларидан бири Бухородаги «Мир Араб» мадрасасида ўқиб келган экан. Демак, диний билими етарли кадр бор. Лекин жаноза ва маъракаларга ҳам қўшни қишлоқлардан имом чақириб, овора бўлишмоқда.

Барпо этилган масжиднинг таҳоратхонаси ҳам барча санитария-гигиена талабларига мувофиқ жиҳозланган. Масжидга хавфсизликни таъминлаш мақсадида кузатув камералари ҳам ўрнатиб чиқилган. Атрофи ўралган.

Масжид Самарқанд ва Бухорони боғловчи М-37 халқаро йўлидан бор-йўғи 150 метр ичкарида жойлашган. Қуббаси йўлдан кўриниб туради. Бу масжид фаолият кўрсатиши зиёрат туризми учун ҳам муҳим ҳисобланади.

Сўнгги икки йил давомидада қариялар бу борада мурожаат қилмаган жой қолмаган. Масжид ҳадеганда очилмаётганидан у ердаги ишлар тўхтаб қолган. Улар ҳашар йўли билан масжид ҳовлисига плитка ётқизишни, янги қубба ўрнатишни, мусофирлар учун меҳмонхона ва дам олиш маскани қуришни режалаштиришганди. Бунинг учун фақат рухсат керак.

«Умримизнинг катта қисмини яшаб бўлдик. Энди қўлимиздан келадигани фақат охират тадоригини кўриш ва эзгу ишларга отланганларни дуо қилиш. Шу масжидда ибодатимизни қилиб, юртимиз тинчлиги, фаровонлигини Аллоҳдан сўраб, раҳбарларимизни дуо қиламиз. Бизга раҳбарларимиз бу борада ёрдам беришини ўтиниб сўраймиз», дейишди отахонлар.

Биз мутасадди ташкилотларни чақарлик отахонларнинг мурожаатига қулоқ тутишни, уларга белгиланган қонун-қоидалар ва талаблар ҳамда ўз ваколатлари доирасида ёрдам беришни сўраб қоламиз.

Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ, Kun.uz мухбири,
Фахриддин ҲОТАМОВ, тасвирчи

Кўпроқ янгиликлар