Нон нархини энди бозор белгилайди: ижтимоий ҳимояга муҳтожлар учун компенсация миқдори оширилади

Ўзбекистон 00:58 / 15.10.2019 31814

Нон нархининг ошиши ҳар қандай сабаб рўкач қилинмасин, оғриқли қабул қилинаверади. Аммо бозор механизмига ўтиларкан, эртами кечми бу ислоҳот ҳам ўтказилиши керак эди.

Маълумотларга кўра, нон ва ун маҳсулотлари нархлари устидан давлат назорати ўрнатиш амалиёти қўшни давлатлар орасида фақат Ўзбекистонда сақланиб қолган. Аммо сабзовот, мева ёки дуккакли экинлар сингари буғдой ҳам қишлоқ хўжалигининг бир маҳсулоти. Ҳар қанча аҳамиятли бўлмасин, уни етиштирган деҳқон зарарига сотмаслиги, янчган завод қинғирлик билан ишламаслиги, ёпган нонвой кимгадир қарам бўлиб қолмаслиги керак. Мана шундай оддий, аммо жўяли сабаблар туфайли Вазирлар Маҳкамасининг «Дон, ун ва нон етказиб бериш тизимига бозор механизмларини тўлиқ жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Мазкур қарорга кўра, ҳукумат дон тизимини тўлиқ бозор механизмига ўтказиш билан бирга кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга махсус компенсация маблағларини ажратишда давом этади. Бу эса кўпчиликда туғилган саволларга жавоб топишга асос бўлади.

Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси ижрочи директори ўринбосари Шуҳрат Давроновга мурожаат қилганимизда компенсациялар ажратиш механизмини шундай тушунтириб берди:

— Шу кунга қадар ижтимоий ҳимояга муҳтожлар сифатида компенсация олаётганлар сони 1,7 миллион кишини ташкил этган бўлса, ҳозирги кунда улар сони 2 миллиондан ошди. Бу янги тоифа шахслар ҳам рўйхатга киритилиши билан боғлиқ. Назарда тутилган пул компенсациялари пенсия ва нафақалар тўланиши учун масъул бўлган органлар томонидан ҳисобланади ва пенсия ҳамда нафақалар билан бир вақтда тўланади. Яъни улар алоҳида бўлиши, тўланмай қолиб кетиши мумкин эмас.

Қуйидаги тоифадаги шахслар бу компенсацияни олишлари мумкин:

·       ёшга доир ва ногиронлиги бўйича нафақа, боқувчисини йўқотганлик пенсияси ва нафақаси (ҳар бир боқимандага), болаликдан ногирон бўлган 16 ёшдан катта шахсларга нафақа, 16 ёшгача бўлган ногирон болалар ва 18 ёшга тўлмаган ОИВ инфекциясига чалинган шахсларга нафақа, шунингдек, белгиланган энг кам ёшга доир пенсиянинг миқдоридан кам пенсия олувчи ҳар бир пенсия олувчига бериладиган ҳар ойлик пул компенсацияси — 50 минг сўм;

·       фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан икки ёшгача бўлган болалар парвариши учун тайинланган нафақа ёки моддий ёрдам олувчи оилага бериладиган ҳар ойлик пул компенсацияси — 50 минг сўм.

2019 йил 1 октябрдан бошлаб 14 ёшгача бўлган болалари учун тайинланган нафақани олувчи оилаларга ҳамда белгиланган энг кам ёшга доир пенсия миқдорида пенсия олувчиларга ҳам 50 минг сўм миқдорида ҳар ойлик пул компенсацияси жорий этилади ҳамда уларнинг нафақа ва пенсиялари миқдори 50 минг сўмга кўпаяди.

Таъкидлашимиз жоиз, гарчи ун маҳсулотлари бўйича ислоҳотлар 15 октябрдан кучга киришига қарамай, компенсация тўловлари 1 октябрдан ҳисобланади ва қўшимчалар тўлаб берилади, — дея сўзларини якунлади Ш. Давронов.

Аброр ЗОҲИДОВ,
журналист

Кўпроқ янгиликлар