Рекорд 63 йил. Панжара ортидаги бегуноҳлар

Жаҳон 09:20 / 13.10.2019 111793

Адолат рамзининг кўзлари боғланган, фақат қонунчилик ва қўлидаги тарози палласига кўра иш кўради. Аммо ҳаёт ҳар доим ҳам китоблардагидек кечмайди. Инсоният тарихида миллионлаб беайб инсонлар жазога тортилганлар, қамалганлар, қатл этилганлар. Бугун эътиборингизга 30-40 йиллаб қамоқда ўтиргач, ниҳоят айбсизлиги исботланган ҳамда озодликка чиққан одамлар ҳақида ҳикоя қиламиз.

Қамоқдаги 18 йиллик умр

1996 йилнинг 31 декабрида Польшадаги Милошице шаҳрида 15 яшар қизнинг жасади зўравонлик аломатлари билан топилади. Қўзғатилган жиноий иш доирасида Томаш Коменда қўлга олинади. Аниқ дадиллар йўқлигига қарамай суд 23 ёшли йигитни 25 йил қамоқ жазосига ҳукм қилади.

2017 йилнинг июнь ойида айнан шу қизнинг ўлимида айбланиб бошқа гумондор ҳам қўлга олинади ва 2018 йилнинг 14 мартида суд Томашни оқлайди. Бу пайтга келиб белгиланган 25 йилнинг 18 йилини панжара ортида ўтказган Коменда жуда машҳур бўлиб кетади.

Польша бош вазири Матеуш Моравецкий «ҳеч нарса Томашнинг изтиробларини сўндира олмайди. Аммо давлат ўз адолатини намойиш қилиши лозим. Шу боис мен Комендага махсус компенсация белгиладим» – дея баёнот беради.

Хато туфайли 23 йил

2013 йилда АҚШда Дэвид Ранта 23 йиллик қамоқдан кейин озод қилинди. Уни 1991 йилда қотилликда айблашганди. Ўшанда қимматбаҳо тошларни олиб кетаётган курьерни ўмариш чоғида тасодифий гувоҳ бўлиб қолган руҳоний Хаскел Верцбергер отиб ташланади. Бу ишда айбдор қилинган ва қамалган, шунча йил ўзининг беайблигини таъкидлаб келган Дэвид Ранта ДНК тестлари ёрдамида бегуноҳлигини исботлашга эришади.

27 йиллик панжара орти

Америкалик Валентино Диксон 27 йиллик қамоқдан кейин озодликка чиқишга муваффақ бўлди. Ўша машъум кечада Валентино ҳам иштирок этган, аммо жанжал бошланишидан олдинроқ кетганди. Можаро ортидан 17 яшар ўсмир отиб ташланди ва бунда Диксон айбланди. Валентино муқаддам наркотик моддалар сақлагани учун судлангани, қолаверса, жиноят қуроли бўлган пистолет айнан унга тегишли бўлгани ўз ишини қилди. Суд Диксонни 39 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этди.

Ишга қизиққан ҳуқуқшунос талабалар ўз суриштирувларини ўтказишади ва ўша кеча аслида Ламар Скотт исмли шахс ўқ узганини аниқлашади. Бу пайтга келиб Скотт ҳам бошқа жиноят учун қамоқда эди. У 27 йил аввалги жиноятни зиммасига олди ва Диксон озодликка чиқди. Озодликка чиққанида унинг қизи улғайган ва икки набираси туғилганди.

Бировнинг айби учун 33 йил...

Ҳарбий денгиз кучлари зобити Кит Аллен Гарвард 1982 йилда Жесси Перроннинг ўлими ва унинг хотини зўрланишига оид жиноятда айбдор деб топилиб, умрбод қамоққа ҳукм қилинади. Аммо 2016 йилда ўтказилган қайта судловда Китнинг бегуноҳлиги, асл жиноятчи бошқа шахс эканлиги исботланади. Фақат орадан 33 йилдан кўпроқ вақт ўтганди...

38 йилдан кейин ўтказилган ДНК тести

Калифорниялик 70 ёшли Крэйг Коули 38 йиллик қамоқ жазосидан кейин озодликка чиқди. У ўзининг маҳбубасини ўғли билан бирга ўлдирганликда айбланиб, қамалиб кетганди.

1978 йилда 24 ёшли Ронда Вихт ва унинг 4 яшар ўғли Дональднинг жасадлари топилади. Дарҳол бундан бир муддат олдинроқ ушбу аёл билан ажрашган эркак Ричард Коули асосий гумондорга айланади. 1980 йилда суд Колини умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Аммо орадан 38 йил ўтганидан кейин ДНК тестлари унинг беайблигини кўрсатди. Клифорниянинг Сими-Вэлли шаҳри маъмурияти Коулига 21 млн. доллар миқдорида компенсация тўлади.

46 йиллик бегуноҳлик. Аммо бу ҳам рекорд эмас

Мичиган штати Ричард Филлипсга 1,5 млн. доллар тўлаб берди. Бунга сабаб унинг деярли ярим аср – 46 йил давомида қамоқда бегуноҳ сақлангани бўлди.

1971 йилда Филлипсни қотилликда айблашган ва умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилишган. Кейинчалик, йиллар ўтиб у қотиллик қилмагани, асосий гувоҳ унга қарши ёлғон кўрсатма бергани маълум бўлади. Бу бўйича иш олиб борган ҳуқуқшунослар ишни қайта судга олиб чиқишга муваффақ бўлишади ва Ричард оқланади. Қамоқдалигида тасвирий санъатга қизиққан Филлипс «менга компенсация тўлаш тўламасликларидан қатъи назар бахтиёрман» дея баёнот берган. Таъкидлаш керакки, унинг суратлари минглаб долларга сотилган.

48 йилдан кейинги озодлик

Япониянинг Сидзуока префектураси Ивао Хакамадани 48 йиллик қамоқдан сўнг озод қилди. У бу муддатнинг 34 йилини қатл қилинувчилар камерасида ўтказган ва 2011 йилда ўз қатлини энг узоқ кутган маҳкум сифатида Гиннесс рекордлар китобига кирганди.

1936 йилнинг 10 мартида туғилган Ивао боксчи бўлган ва рингда тузуккина натижаларга эришган. Боксчиликни тугатганидан сўнг у маҳаллий корхонада ишлай бошлаган. 1966 йилнинг 30 июнида у фабрика раҳбарларининг уйи ёнганида ёнғинни ўчиришда иштирок этади. Ёнғин ўчирилганида эса уйда уй эгаси, аёли ва икки фарзандининг жасади топилган, шунингдек 200 минг иен пул ўғирланган.

Хакамада 1968 йилнинг сентябрида осиш орқали қатл этилишга ҳукм қилинади. 1980 йилда ишни қайта кўрган Олий суд ҳам ҳукмни ўз кучида қолдиради.

2007 йилда ҳукм чиқарган уч судьянинг бири Норимити Кумамото унинг айбсизлигини билдириб, бу борада ўз ҳамкасбларини ишонтира олмаганини айтган. 2012 йилда Сидзуока суди ДНК тестлари натижасида воқеа жойида топилган ва асосий далил бўлган кийимлардаги қон доғлари Хакамадага тегишли эмаслигини эътироф этиб, 78 ёшли маҳкумни озод этган.

63 йиллик маҳкум озодликдан воз кечди

79 ёшли маҳкум Жозеф Лигон эса қамоқда ўтказилган 63 йилдан сўнг муддатдан аввал озодликка чиқиш бўйича таклифни рад этди. 16 ёшлигида у Филадельфияда икки эркак ўлдирилишида иштирок этгани туфайли умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинганди. АҚШ олий суди 16 ёшли ўсмир учун бу жазо жуда шафқатсиз ва конституцияга зид эканлигини таъкидлаб, муддатидан олдин озодликка чиқиш таклифини берган. Аммо Лигон ҳеч қандай шартларсиз, тўғридан-тўғри озод қилишларини талаб қилган. Кўпчилик бу талабни маҳкумнинг ўз ҳаётини озодликда тасаввур қила олмаслиги билан изоҳлаган.

Аброр Зоҳидов тайёрлади.

Кўпроқ янгиликлар