Тиббиёт соҳасида ишлаётган хусусий сектор уч йилга божхона тўловларидан озод этилиши кутиляпти

Ўзбекистон 14:10 / 10.10.2019 2387

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Ўзбекистон Республикаси президентининг 2018 йил 16 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида тез тиббий ёрдам хизматини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3973-сон қарорига қўшимча киритиш тўғрисидаги президент қарори лойиҳаси эълон қилинди

Қайд этилишича, ҳужжат соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни ривожлантиришга ҳар томонлама кўмаклашишни кучайтириш, хусусий тиббиёт муассасаларининг аҳолига юқори технологияли сифатли тиббий хизматлар кўрсатиши учун зарур шароитлар яратиш, хусусий тиббиёт соҳасига хориждан инвестициялар ва юқори малакали мутахассислар жалб этишни кенгайтириш, шунингдек, тиббий туризм ва тиббий хизматлар экспортини ривожлантириш мақсадида қабул қилинади.

Қарорга киритилиши режалаштирилган қўшимча билан тиббиёт соҳасида фаолият юритаётган хусусий сектор (Соғлиқни сақлаш вазирлиги хулосасига асосан) белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича махсус автотранспорт воситалари ва уларнинг эҳтиёт қисмлари, тиббиёт ускуналари ва сарфланадиган материаллар, компьютер техникаси, алоқа воситалари, техник ўқитиш воситалари, адабиётлар ва тез тиббий ёрдам хизмати учун зарур бошқа моддий-техника ресурслар учун 2022 йил 1 январгача бўлган муддатда божхона тўловларидан озод этилиши мумкин (божхона йиғимлари бундан мустасно).

Таъкидлаб ўтиш лозимки, ҳозирги пайтда фақатгина Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ўзи божхона тўловларидан озод этилган.

Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг бош вазири Абдулла Арипов ва Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов зиммасига юкланади.

Кўпроқ янгиликлар