Президент қарори лойиҳаси: озиқ-овқат хавфсизлигини тўлиқ таъминлашга қатор муаммолар тўсиқ бўлмоқда

Ўзбекистон 11:56 / 10.10.2019 6229

Ўзбекистон Республикаси президентининг “Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қайд этилишича, органик қишлоқ хўжалигини ташкил этиш ва унинг ривожланиши ҳамда экологик тоза ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришдаги ҳолат республикада озиқ-овқат хавфсизлигини тўлиқ таъминлашга қуйидаги муаммолар тўсқинлик қилмоқда:

биринчидан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, сақлаш ва қайта ишлаш жараёнларида кимёвий пестицидлар қўлланилишини кескин камайтириш, ички ва ташқи бозор учун рақобатбардош сифатли органик маҳсулотлар ишлаб чиқариш талаб даражада ташкил этилмаган;

иккинчидан, органик қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш ва ишлаб чиқариш ҳамда назорат қилиш субъектлари ўртасидаги муносабатларини тартибга солувчи қонун ҳужжати қабул қилинмаган, стандартлар ва меъёрий ҳужжатлар такомиллаштирилмаган;

учинчидан, қишлоқ хўжалиги субъектларида инновацион техника ва технологиялар асосида органик маҳсулот етиштириш талаблари бўйича етарли маълумот, тажриба ва кўникма мавжуд эмас;

тўртинчидан, ресурстежамкор техника ва технологияларни жорий этишни тарғиб этадиган, унинг самарадорлигини ифодаловчи тажриба майдончалари мавжуд эмас.

Шунингдек, соҳада лойиҳаларни молиялаштириш, хўжаликлар моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ахборот алмашинуви ва кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ишларида сезиларли оқсоқликлар мавжуд.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Фанлар академияси ва “Ўзбекозиқовқатхолдинг” ХКнинг Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тузилмасида давлат-хусусий шериклик асосида Органик қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган агрокластер ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилиши мумкин.

Органик агрокластернинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланади:

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини органик усулда етиштиришни ташкил этиш;

органик сифатга эга бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш;

органик маҳсулотларни ишлаб чиқишда илм-фан ютуқлари ва замонавий технологиялардан кенг фойдаланиш;

органик маҳсулотлар ишлаб чиқариш (етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш)да ер майдонлари сув ресурсларида оқилона фойдаланишда автоматлаштирилган ва интеллектуал технологияларни кенг қўллаш;

органик маҳсулотлар учун самарали технологияларни қўллаш бўйича меъёрий ва услубий қўлланмалар ишлаб чиқиш ва оммалаштириш;

органик маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва илғор техника ва технологиялардан самарали фойдаланиш йўналишида кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;

қишлоқ хўжалигининг ресурстежамкор хорижий техника ва технологияларни келтириш, дала тажрибалари ва лаборатория синовлари ўтказиш ҳамда унинг ижобий натижаларини кенг жорий этишга тавсия этиш;

анъанавий, ноанъанавий экин турларини ва уларни қайта ишланган маҳсулотларини ўрганиш, уларни етиштиришни ва қайта ишлашни йўлга қўйиш.

Органик маҳсулотлар етиштириш ва маҳсулот ишлаб чиқариш масалаларини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги зиммасига юклатилади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб Тошкент давлат аграр университетида “Органик қишлоқ хўжалиги ва органик маҳсулот етиштириш” бўйича бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини ташкил этади.

Органик агрокластер молиявий-хўжалик фаолиятининг молиявий манбалари бўлиб:

органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш  ва сотишдан тушадиган маблағлар;

деҳқончилик хўжаликлари ва ташкилотларга консалтинг хизмат, шу жумладан қисқа ўқув курслари ташкил этишдан тушадиган маблағлар;

органик агрокластер қошида ташкил этиладиган доимий фаолият кўрсатувчи кўргазма ва ярмаркаларда иштирокчилар тўловлари ҳамда қонунчиликда таъқиқланмаган бошқа манбалар ҳисобланади.

Кўпроқ янгиликлар