Олий суд Kun.uz’да эълон қилинган мақолага муносабат билдирди

Ўзбекистон 19:20 / 10.10.2019 10712

Олий суд матбуот хизмати Kun.uz нашрида эълон қилинган «Айбим бор, лекин 9 йил қамоққа ҳукм қилинадиган даражада эмас». Маҳкума аёл суд ҳукми ўзгартирилишидан умидвор» сарлавҳали мақолага муносабат билдирди.

«Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг 2017 йил 24 августдаги ҳукмига кўра, Сайёра Элтазарова (1964 йилда Хоразм вилоятида туғилган, миллати - ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти - олий, муқаддам судланган) Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «в» банди, 28,211-моддаси 3-қисми «б» банди, 228-моддаси 2-қисми «а», «б» бандлари, 25,168-моддаси 3-қисми «в» банди, 25,28,211-моддаси 3-қисми «б» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган.

Унга 2 йил 2 ой 29 кун муддатга раҳбарлик ва моддий жавобгарлик юклатилган вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда, 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Тайинланган жазо умумий тартибли колонияларда ўтаттириш белгиланган.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди апелляция инстанциясининг 2017 йил 29 сентябрдаги ажримига кўра, жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг 2017 йил 24 августдаги ҳукми ўзгартирилиб, С.Элтазаровага 2 йил 2 ой 29 кун муддатга раҳбарлик ва моддий жавобгарлик юклатилган вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда, 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

С.Элтазарованинг адвокати томонидан келтирилган назорат тартибида дастлабки шикояти Ўзбекистон Республикаси Олий суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьясининг 2019 йил 7 августдаги суд қарорларини назорат тартибида қайта кўриб чиқиш учун асослар мавжуд эмаслиги тўғрисидаги ажримига кўра рад этилган бўлиб, бу ҳақида тегишли жавоб хати билан маълум қилинган.

Айни пайтда С. Элтазарованинг ҳимоячиси томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий судига такроран берилган шикояти кўриб чиқилаётгани маълум қилинади», дейилади Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати томонидан Kun.uz’га билдирилган муносабатда.

Кўпроқ янгиликлар