Бош прокуратура «Камолон» маҳалласида содир бўлган қотиллик ҳақида расмий маълумот берди

Жамият 16:40 / 10.10.2019 60357

Бош прокуратура Тошкент шаҳрининг “Камолон” маҳалласида содир этилган қасддан одам ўлдириш жинояти юзасидан баёнот берди. Бу ҳақда маҳкама жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.

Қайд этилишича, 2019 йил 5 октябрь куни соат тахминан 04:30ларда Шайхонтоҳур тумани, Киркий кўчасида жойлашган уйнинг ётоқхонасидан, шу хонадонда истиқомат қилиб келган А.А.нинг (1993 й.т., ХАТБ “Универсал банк” Тошкент филиали бўлим бошлиғи лавозимида ишлаган) мурдаси бўйин соҳасидан дазмол шнури билан бўғилган ҳолатда топилган.   

Суд тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, А.А.нинг ўлими бўйин аъзоларининг сиртмоқ билан бўғилишидан келиб чиққан механик асфикция натижасида юз берганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан 2019 йил 5 октябрь куни Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Тезкор-тергов ҳаракатларида аниқланишича, К.А. турмуш ўртоғи А.А. билан ўрталарида келиб чиққан ўзаро низо сабабли уни қасддан ўлдириш ҳақида қариндоши О.Х. билан жиноий тил бириктирган.

О.Х. 2019 йил 4 октябрь куни соат 19:00ларда А.А.нинг яшаш уйига келиб, хонадон меҳмонхонасидаги стол остига беркиниб, К.А. билан унинг турмуш ўртоғи А.А.ни ўлдириш учун қулай фурсат кутиб, 2019 йил 5 октябрга ўтар кечаси соат 00:30ларда ётоқхонага кириб, А.А. уйғоқ бўлганлиги сабабли унинг устига чиқиб, юз қисмига чап қўли мушти билан бир неча зарбалар бериб, сўнгра олдиндан тайёрлаб қўйилган дазмол электр сими билан бўйин соҳасидан бўға бошлаган. 

Натижада, А.А. ўзига нисбатан бўлаётган тажовуздан ҳимояланиб, яқин қариндошларини ёрдамга чақира бошлаган вақтида К.А. ўз турмуш ўртоғининг юз қисмига ёстиқ билан босиб, унинг нафас йўлларини беркитиб, А.А.ни қасддан ўлдиришган. 

Сўнгра, О.Х. хонадонда бўлган марҳум А.А.га тегишли 2 та уяли телефон аппаратлари, 500 АҚШ доллари ва 110.000 сўм пулларини ҳамда жиноят изларини яшириш мақсадида шериги К.А.га тегишли 1 дона уяли телефон аппарати ва тилла тақинчоқларини қўлга киритиб, воқеа жойидан яширинган. К.А. эса жинояти фош этилишини олдини олиш ва жавобгарликдан қутилиб қолиш мақсадида шу кеча унга ва турмуш ўртоғига нисбатан номаълум шахслар томонидан босқинчилик содир этилганлигини айтиб, марҳумнинг ота-онасини уйғотган. 

Тергов давомида О.Х.нинг яшаш хонадонида ўтказилган тинтув давомида А.А.нинг уйидан олиб кетилган тилла буюмлар ертўлага яшириб қўйилганлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинган.

Иш бўйича 2019 йил 7 октябрь куни О.Х. ва К.А.лар жиноят ишида айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниб, уларга нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “п” банди билан айблов эълон қилинган ва эҳтиёт чораси сифатида “қамоқ” қўлланилган. 

Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Кўпроқ янгиликлар