«Ёғингарчиликлар бошлангунича уйларимизни тиклаб олишимиз керак». Уйи ёнган хонадон эгаларига ёрдам зарур

Жамият 13:09 / 09.10.2019 7524

Ҳаётимиз турли воқеа-ҳодисаларга тўла. Халқимиз бежиз «ўт ва сув балосидан асра» деб дуо қилишмайди. Бу офат ҳеч кимнинг бошига тушмасин.

Бир неча кун олдин Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани Оқлон маҳалласи Шерозий кўчасидаги 49, 51, 51а уйларда эҳтиётсизлик оқибатида ёнғин келиб чиққан, бир хонадондан чиққан олов қўшни хонадонларга ҳам тарқалиб, натижада 3 та хонадон ёниб кетганди. Айни ёғингарчиликлар мавсуми бошланиши арафасида эса ёнган уйини тиклаш оддий инсонларга қийинчилик туғдирмоқда.

Биз ҳам ёнғин содир бўлган хонадонларга бориб, ҳолатни кўздан кечирдик. Уй соҳиблари билан суҳбатлашдик.

Маълум бўлишича, ёнғин ёш боланинг гугурт ўйнаши оқибатида келиб чиққан экан. Бундан хабар топган барча ёрдамга шошилган. Аммо ёнғин кучлилиги сабаб анчагина жой ёниб кетган. Уйи ёнган хонадон эгаларининг таъкидлашича, ёнғин хабарини эшитганлар қўлидан келгунича ўз ёрдамларини беришмоқда. Ҳозирда эрта-ю кеч тозалаш ишлари олиб борилмоқда.

«Қўшнилар уйи ёнган хонадон эгалари билан келишиб, штаб ташкил этишган экан. Штабда ёзув-чизув ва ҳисоб-китобларни олиб бораётган Мукамбар опа Қудратхўжаеванинг сўзларига кўра, кимдур озиқ-овқат, кимдур пул, кимдур цемент ва қурилиш ашёлари олиб келишаётган экан. Эшитган борки, ҳаммаси имконияти борича нима топса олиб келиб, ўз ҳиссасини қўшишяпти. Йиғилган нарсалар ҳаммаси ёзиб бориляпти. Тўпланган пул ва хом ашёлар тенг тақсимланиб, хонадон эгалари билан биргаликда маслаҳат қилиниб, таъмирлаш ишлари олиб бориляпти», дейди Мукамбар опа.

Шу ўринда биз ҳам сиз азизларни ушбу хайрли ишга чорлаб қоламиз. Буёғи куз-қиш мавсуми. Ёғингарчиликлар бошланмасдан хонадон эгаларининг ёнган уйларини қайта тиклаб, таъмирлашларига қўлимиздан келгунича, имкониятимиз етгунича ўз ҳиссамизни қўшайлик. Уларга далда бўлиб, ёнида бўлайлик. Қилган яхшиликларингиз, хайр-эҳсонларингиз ўз даргоҳида қабул бўлсин.

Эслатма!

Яна шуни эслатиб ўтмоқчимиз: ёш болаларингизни ёлғиз, назоратсиз қолдирманг.  Уларни ёнғин келтириб чиқарувчи воситалар билан ўйнашига йўл қўйманг. Ёнғин хавфсизлигига риоя қилинг!

Хайрия қилмоқчи бўлганлар учун зарурий маълумотлар:

Турғунов Тахирбек номига очилган карта:

Click/PayMe Xalq Banki - 8600 0602 2265 5251

Фотима Аҳунова номига очилган карта:

Click/PayMe Ipoteka Bank - 8600 3329 7915 8692

Умида Аҳунова номига очилган карта:

Click/PayMe Asaka Bank - 8600 1309 8249 1484

Мурожаат учун телефон: Қудратхўжаев Нуриддин +99890 186 27 77

Кўпроқ янгиликлар