Вадим Абрамов: «Йигитлар миллий жамоа учун жонини бериб ўйнайди, бунга шубҳа қилманг»

Спорт 18:40 / 09.10.2019 28700

ЖЧ-2022 саралашидан ўрин олган Ўзбекистон — Яман ўйинидан олдин ҳар икки жамоа мураббийлари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Унда қатнашган Ўзбекистон миллий жамоаси мураббийи Вадим Абрамов жамоа яхши кайфиятда эканини маълум қилди.

«Ким билан ўйнаётганимизни ҳамма билади. Йигитлар қандай ҳолатда турганимизни билишади, очко йўқотишга ҳаққимиз йўқ. Жанговор тайёргарликдамиз десак бўлади.

Билишимча, рақибнинг 10-рақамли футболчиси ўйнамас экан. Бу борада омадимиз келганми ёки йўқ бир нима дея олмайман. Тушунишимча, уларда олдинда ўйнайдиган битта ҳужумчи қоляпти. Яман хотиржам ўйнайди ва олдинги ўтишга шошмай, ўз имкониятини кутади. Аммо шундай ўйин билан улар Саудияга иккита гол уришди, Сингапурга ҳам. Рақибнинг қарши ҳужумлари ҳақида йигитларни огоҳлантирдик. Улар замонавий тил билан айтганда автобус қўйиб ўйнайди, аммо бунга алданмаслик керак.

Ямандаги ҳолат сабаб уларда чемпионат ўйинлари бўлмаса-да, миллий жамоа футболчилари доим бирга бўлишади. Уларнинг ўйинларидан бир-бирларини яхши тушунишлари кўриниб турибди. Биз ўз имкониятимизни билган ҳолда ўйнашимиз керак, биз Ўзбекистонмиз! Қоғоздаги гапларнинг барчасини майдонда исботлашимиз керак.

Бу менинг биринчи ўйиним экани рақибга қийинчилик туғдиришига умид қиламан. Олдингидан бошқачароқ ўйин кўрсатишимизни хоҳлайман, аммо очиғи қандай ўйнашимизни ҳали ўзим ҳам билмайман. Олимпия жамоасига қарши ўйин ҳам биз учун фойдали бўлди, чунки олимпиячиларимизни яхши жамоа деб айтишимиз мумкин.

Уйда деворлар ҳам ёрдам беради дейишади, аммо баъзан деворлар ортиқча босим ҳам юклайди. Умид қиламан, мухлисларнинг ташрифи йигитларга куч беради. Одил учун охирги жаҳон чемпионати саралаши? Менимча, бундай эмас. Одил эртага асосий таркибда майдонга туша оладими йўқми бир нарса дея олмайман, чунки у жароҳатидан тикланмоқда.

Бизда ҳозир аниқ вазифа қўйилган — мана шу гуруҳдан чиқиш. Кейинги босқичда бошқа рақиблар ҳақида ўйлашимиз мумкин. Биз фақат натижа ҳақида ўйлаб ўйинни ўйламасликка ҳам ҳаққимиз йўқ. Баъзан ўйинсиз ҳам натижа келиши мумкин, аммо мен чиройли ўйин кўрсатишимизни ҳам хоҳлайман. Мен ҳозир фақат Яман ҳақида ўйлаяпман.

Мен ҳозир Купернинг услуби ҳақида гаплашмоқчи эмасман, мен ўз ўйиним ҳақида гапираман. Йигитларнинг барчаси профессионал, улар менинг услубини тўғри тушунишади деб ўйлайман. Кўрамиз, майдонда нималар бўларкин.

Футболчига битта хато ёки битта ўйин билан баҳо бериб бўлмайди. Ўзбекистон миллий жамоасига келаётган ҳар бир футболчи миллий жамоа учун жонини бериб ўйнайди, бунга шубҳа қилмасангиз ҳам бўлади. Олдин Максимни танқид қилишарди клубда яхши ўйнайди, миллий жамоада яхши эмас деб, ҳозир Одил ҳақида шандай гапиришади, аммо ишонинг, уларнинг асосий мақсади жамоанинг натижаси учун ўйнаш.

Биз кенгайтирилган рўйхатга кўп футболчиларни киритганмиз, жуда кўп. Ўйин услубига тушадиган футболчиларни таркибга жалб қилаверамиз. Олимпия жамоасида ҳам миллий жамоа учун даъвогарлар бор.

«Пахтакор» стадионида ўйнаётганимиз яхши бўлди, чунки бу майдоннинг ҳолати жуда яхши. «Бунёдкор» стадиони ҳимояланаётган жамоалар учун қулайроқ. Олдинги сафар келганимдаги жамоани ҳозиргиси билан солиштириш қийин, бир ойдан кейин сизга жамоанинг имкониятлари ҳақида аниқроқ гапиришим мумкин»,— деб мураббийнинг сўзларини келтирмоқда Tribuna.uz мухбири.

Кўпроқ янгиликлар