Ўзбекистонда эфирга узатилаётган чет эл телеканаллари ҳам қонунларимизга риоя қилсин – МТРК раҳбари

Ўзбекистон 21:25 / 09.10.2019 16451

Жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган «Телерадиоузатиш тўғрисида»ги қонунда хорижий телеканалларнинг Ўзбекистондаги фаолияти қай тарзда амалга оширилиши аниқ белгиланиши лозим, деб ҳисоблайди ЎзМТРК раиси вазифасини бажарувчи Алишер Хўжаев.

«Масалан, бирон хорижий телеканал бу ерда ўз ишини олиб бормоқчи бўлса, унинг номидан Ўзбекистонда иш кўриш истагида бўлган субъект эмас, ўша телеканал раҳбариятининг ўз вакили келиб, керакли идора билан гаплашиши лозим. Токи Ўзбекистонда амал қилаётган қонунларга риоя қилиш мажбуриятини ўз бўйнига олсин», ─ деди Хўжаев 9 октябрь кунги давра суҳбатида.

Ўзбекистонда телерадиоэшиттириш соҳасининг ҳуқуқий асосларини янада ривожлантириш мавзусида ташкил этилган давра суҳбатида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда Ўзбекистонда фаолият юритаётган теле ва радиоканаллар вакиллари иштирок этди. Унда медиа соҳаси вакиллари «Телерадиоузатиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси юзасидан ўз таклифларини билдирди.

Жумладан, UzReport телеканали бош директори Равшанхон Жўраевнинг фикрича, «Телерадиоузатиш тўғрисида»ги қонун муаллифлик ҳуқуқи, медианинг технологик ҳолати, юридик асос, контент масаласини тўла қамраб олиши лозим.

Равшанхон Жўраев

«Ҳозир рақобат жуда кучайган. Телерейтинг масаласини ҳам қонун доирасида кўриб чиқиш лозим. Шу билан бирга, бутун дунё ўтиб бораётган тенденция ─ PayТV, пуллик телевидение тизими тартиби ҳам қонунда кўрсатилиши керак», ─ дея таъкидлади Равшанхон Жўраев.

«Ориат-доно» ва «Ориат-FM» радиоканаллари бош директори Бахтиёр Усмонов эса теле ва радиоканалларни ривожлантиришнинг иқтисодий томонини ҳам эътиборга олиш керак, деган фикрда. Унинг сўзларига кўра, ОАВ бўйнидаги тўловларнинг кўплиги медиаконтентни миллий маҳсулот билан тўлдиришга имкон қолдирмайди.

Бахтиёр Усмонов

«Радиоканал сифатида биз ҳозир йилига қарийб 300 млн сўм солиқ тўлаймиз. Даромад солиғи, қўшилган қиймат солиғи, ҳаммаси шунинг ичида. Лицензия тўлови бор. Илгари ягона солиқ асосида йилига 150 млн сўм тўланарди.

Тўловлар ошиб бораётган бир пайтда медиаканал раҳбари қандай қилиб миллий контентни яратиш, сифатли контент ҳақида бош қотириши мумкин Мен журналист 1-1,5 соатли дастур тайёрлаши учун камида 300 минг сўм беришим керак. Лекин бу ерда шунча тўлов бор... Журналист битта жойда яхши даромад олмаса, пул илинжида бошқа жойга ҳам «сакрашни» бошлайди. Натижада сифат тушиб кетади.

Шу боис теле ва радиоканалларни ривожлантиришнинг иқтисодий томонини ҳам кўриб чиқиш керак. ОАВ тўлаши керак бўлган тўловлар турлари ва муддати ҳақида қонун лойиҳасида аниқ маълумот мавжуд эмас», ─ дейди Усмонов.

«Мен журналистларга пул тўлаб, фаолиятим учун солиқ ҳам тўлаяпман. Маълумотни узатишим керак. Менинг қандай ишлашим кераклиги қонун билан кўрсатиляпти. Лекин кўп нарса бу ёқдан ижтимоий тармоқларга чиқиб кетяпти. Блогерлар фаоллашган. Улар истаганини гапиради, уларга ҳеч қандай тўлов йўқ. Интернетда мана шундай эркин муҳит бўлганлиги учун ҳам одамлар онлайн платформага ўтиб кетяпти», ─ дея қўшимча қилди Бахтиёр Усмонов.

Маълумот учун, «Телерадиоузатиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси 6та боб, 38та моддадан иборат. Лойиҳа телерадиоэшиттириш соҳасини давлат-жамоатчилик томонидан тартибга солиш, уни молиялаштириш, миллий телерадиоэшиттириш тизими, телерадиоэшиттириш масалалари кенгаши, хорижий телерадиоташкилотлар билан боғлиқ масалаларни қамраб олади.

Regulation.gov.uz порталига фақат рус тилида муҳокамага қўйилган қонун лойиҳаси юзасидан фуқаролар 18 октябрга қадар фикр ва таклифлар билдиришлари мумкин.

Кўпроқ янгиликлар