Ҳабиб Нурмагомедов: «Ўзбекистонда MMA академиясини очмоқчимиз» (видео)

Спорт 18:06 / 07.10.2019 17193

MMA жангчиси, енгил вазнда UFC чемпиони Ҳабиб Нурмагомедов Ўзбекистонда жанг санъати академиясини очишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда у Санкт-Петербургда ўтган Синергия глобал форуми доирасидаги матбуот анжуманида маълум қилди.

«Ўзбекистонда келгусида MMAни ривожлантириб, академиямни очиш ниятидамиз.

Ўзбекистонда дўстларимиз кўп. Нафақат дўстларим, мухлисларим ҳам жуда кўп. Адашмасам, у ерда 35 миллион аҳоли бор. Дунёнинг қаерига борсам ҳам, ўзбеклар олдимга келиб, омад тилашади», – деди Нурмагомедов.

Ҳабиб, шунингдек, 23 ноябрь куни Тошкентда амакиваччаси Умар Нурмагомедов иштирокида ўтадиган GFC-21 мусобақаси «Ҳумо» аренасида ўтказилишини маълум қилди.

«Биз у ерда GFC-21 турнирини ўтказамиз. Бу – Ўзбекистон тарихидаги илк MMA мусобақаси бўлади. Адашмаётган бўлсам, турнирни «Ҳумо» аренасида ўтказамиз.

[Бу ғояни] ҳукумат қўллаб-қувватлаяпти. Мусобақада ўзбекистонлик 7 нафар, бизнинг залимиздан эса 6 нафар жангчи қатнашади», – деди доғистонлик жангчи.

Ҳабиб Нурмагомедовнинг айтишича, у навбатдаги жангини келаси йил март ёки апрель ойида ўтказишни режалаштирган.

Кўпроқ янгиликлар