Ўзбекистонлик тўрт спортчига Миллий гвардия томонидан навбатдаги офицерлик унвонлари берилди

Спорт 11:44 / 29.09.2019 34528

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳарбий хизматчилари ҳисобланувчи беш нафар спортчи ва мураббий спортдаги янги ютуқлари ортидан навбатдаги офицерлик унвонларини қабул қилиб олди.

Жумладан, боксчилар Баҳодир Жалолов, Бобо-Усмон Батуров ва Муроджон Аҳмадалиев, бокс мураббийи Элшод Расулов ва юнон-рум курашчиси Элмурат Тасмурадов спортдаги фаолиятида эришган навбатдаги муваффақиятлари учун Миллий гвардия қўмондонлиги томонидан муносиб тақдирланди. Бу ҳақда Kun.uz`га идора матбуот хизмати маълум қилди.

Қайд этиш жоиз, бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси шу ой Екатеринбургда ўтган жаҳон чемпионатида умумжамоа ҳисобида ғолиб чиқди. Унда Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари – Бобо-Усмон Батуров бронза, Баҳодир Жалолов олтин медаль соҳиби бўлди. Энг оғир вазн тоифаси вакили Жалолов мусобақанинг энг яхши боксчиси деб тан олинди.

Бу икки спортчи куни кеча президент томонидан ҳам эътироф этилган, давлат раҳбарининг фармони билан Бобо-Усмон Батуров «Келажак бунёдкори» медали, Баҳодир Жалолов «Ўзбекистон ифтихори» фахрий унвони билан тақдирланган эди.

Миллий гвардиянинг профессионал боксда фаолият юритаётган ҳарбий хизматчиси Муроджон Ахмадалиев эса сентябрда ҳам ғалабали сериясини давом эттириб, колумбиялик боксчи Уилнер Сотони техник нокаут билан мағлуб этди.

Шунингдек, юнон-рум курашчиси Элмурат Тасмурадов Нур-султон шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида Токио-2020 Олимпиадаси йўлланмасини қўлга киритди.

Кўпроқ янгиликлар