«Қолипга солинган фикрлар ёшларга қизиқ эмас» — Ёшлар иттифоқини ўзгартиришга интилаётган Алишер Саъдуллаев билан суҳбат

Ўзбекистон 17:48 / 28.09.2019 35927

Шу йилнинг 29 август куни Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкилотида раҳбар ўзгариши кузатилди. Унга кўра, Қаҳрамон Қуронбоев Ёшлар Иттифоқи раислигидан кетди ва унинг ўрнини ташкилот раисининг биринчи ўринбосари сифатида ишлаб келаётган Алишер Саъдуллаев эгаллади.

Kun.uz Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг ўтган даврдаги фаолияти таҳлили ва келгуси режалари ҳақида фикрлашиш мақсадида Алишер Саъдуллаев билан суҳбат ташкил қилди. Ташкилот раҳбари билан қилган мазкур суҳбатимиз Ўзбекистонда ёшлар масалалари ва бу борада уларни қийнаётган муаммолар, янги режалар ҳамда ёш раҳбарнинг шахсий каръерасидаги ўсиш сирлари ҳақида кечди.

- Камолот ёшлар ижтимоий ҳаракатининг Қурултойидаги чиқиш, Халқ таълими вазири ўринбосари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқига келиш ва ушбу ташкилотда раҳбарлик...

 Алишер, Ўзбекистонда деярли барча сизни мана шу босқичлардан бошлаб билади, танийди. Айтинг-чи, Алишер Саъдуллаев ундан аввал ким эди?

- Яхши эслайман, мактаб давридан бошлаб яхши ўқишга, бошқалардан ажралиб туриш ва лидерликка ҳаракат қилардим. Кейинчалик Жиззахдаги умумтаълим мактабини тамомлаб лицейда таҳсил олдим.

Лицейда ўқиётган пайтда инглиз тилини ўрганишга бўлган қизиқишим бошланган ва ўша пайтларда бу тилнинг жаҳонни ўрганиш учун калит эканлигини тушунгандим.

Шу сабабли, лицей давримда кўп вақтимни хорижий тилдаги адабиётларни мутолаа қилишга сарфлардим.

Ўша пайтда яна бир воқеа яхши эсимда қолган, дадам менга маҳалламизда ҳали кўпчиликда бўлмаган янги ноутбукни олиб берган эди.  Ўша пайтда бу ноутбукнинг нархи 725 доллар эди. Кейин Тошкентга келиб 107 долларга принтер қурилмаси ва 7 долларга модем олиб кетганмиз. Менимча, дадам бу ишларни ўғлим илм олсин, илм олиб келажакда яхши касбларни эгалласин, деб қилган. Чунки, биз бадавлат эмасдик, оиламиз ўртаҳол эди.

Бу ота-онани, улар фарзанди учун қилган меҳнатларни қадрлайдиган бола учун жуда катта қарз.   

Лицейни тамомлаб, Тошкентдаги Сингапур менежментни ривожлантириш институтига ўқишга кирдим. Ўша пайтда оиламизда чет эл олий таълим муассасалари ҳақида тўла тасаввур бўлмагани учун бироз иккиланишлар ҳам бўлган, қайсики, кейинчалик Ўзбекистондаги давлат ишларига жойлашиб кета оладими, деган хавотирлар бор эди. Бундай хавотирлар ҳозир ҳам кўпчилик ёшларда бор. Шу ўринда уларга қарата айтмоқчи эдимки, сизда етарли салоҳият, билим ва ўз касбини яхши кўриш хислатлари бўлса ҳар қандай ишга жойлаша оласиз.

Университетда ўқиш даврида нафақат мен балки оиламиз ҳам кўплаб қийинчиликларга дуч келди, масалан, ўқиш шартнома пулимни тўлаш учун оиламизга қадрли бўлган кўп нарсаларни сотишга мажбур бўлдик. Лекин ота-онам таслим бўлишмади, мени қўллаб-қувватлашди.

Ўқишимни иккинчи курсидан бошлаб мен абитуриентларга инглиз тилидан дарс бера бошладим. Учинчи курсга келиб эса энди шартнома пулимни тўлиқ ўзим тўлай оладиган ҳолатга келдим.

Тўртинчи курсга келиб эса Тошкентда орттирган яқин дўстларим билан биргаликда ўз ўқув марказимизни очишга эришдик. Энди биз олдимизга каттароқ мақсадларни қўйиб, ҳаракат қила бошладик.

Озгина вақт ўтгач, менга “Камолот” ЁИҲнинг Қурултойи бўлишини айтиб қолишди. Тўғрисини айтсам, бу хабар Қурултойга жуда кам вақт қолганда менга айтилди. Яъни, Президентга зеҳни ўткир, кучли фикрга эга ёшларни керак эканлиги айтилганда биз ҳам руҳланиб, “Камолот”га мурожаат қилганмиз. Ўша мурожаатдан кейин бизни ҳам Қурултойга таклиф қилишди. Қурултойда ҳаммаси табиий кечган, Президент ёшлар билан жуда очиқ гаплашди, ҳар ким ўз фикрини эркин айтди. Йиғилишда мен ҳам иккинчи бўлиб сўзга чиқдим ва таклифим  хориждаги IDP IELTS ташкилотини Австралия билан ҳамкорликда Ўзбекистонга олиб кириш ва бу йўлдаги баъзи муаммоларни Президент орқали ечиш эди.

- Ўзбекистонда шу пайтга қадар ёшлар ташкилотлари бир неча бор қайта ташкил этилган. Қизиқ жиҳати, бу ташкилотлар ҳар сафар ишончни оқламайди ёки бошқа бир сабаб билан қайта ташкил этилади. Нима деб ўйлайсиз, ўзи Ўзбекистонда ёшлар билан ишлаш соҳасида танланган аниқ манзилли йўл борми ва у нималарни мақсад қилади?

Саволнинг давоми сифатида аслида тили, дунёқараши, қизиқишлари турлича бўлган ёшларни бир ташкилотга қамраб олишга интилиш қанчалик тўғри?

- Менимча, бу табиий ҳолат, чунки, вақт ўтган сари ёшларни дунёқараши, фикрлаши ривожланиб боради. Буни эса эскича ишлаш тизими ва эскича қолиплар билан ҳеч канақасига қондириб бўлмайди.

Ёшлар доимий ривожланувчи, улар ҳар соатда ўз устида, лойиҳалар устида ишлайди, янгиликларни кутишади.

Яна бир нарсани айтишим керак, Ёшлар иттифоқи ҳам “Камолот”нинг вориси сифатида ташкил қилинган. Лекин бу тизимдаги асосий қатлам тўлиғича олиб ташлангани йўқ. Бу йўналишдаги ташкилотларнинг иши барибир ёшлар билан ишлаш.

У қандай ном билан аталишидан қатъи назар ёшларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилади, уларга ёрдам беради, кўмаклашади. Мен буни табиий ҳолат деб ҳисоблайман.

- Алишер , ташкилот раҳбарлигига сайланганингиздан кейин Ёшлар иттифоқида аъзолик деган нарса бўлмайди, ёшлар эндиликда аъзолар ва аъзо бўлмаганга  ажратилмайди, дедингиз. Бундан албатта кўпчилик хурсанд бўлди, лекин мени масаланинг бошқа бир тарафи ўйлантириб қўйди. Яъни, ташкилот уставида унинг низоми, дастури, ва бошқа ҳужжатларига ўзгартириш киритиш фақат Қурултой қарори билан амалга оширилиши белгилаб қўйилган. Яъни ташкилотни катта жамоа бошқариши белгиланган. Хўш, сизнинг бу фикрларингиз ушбу қоидаларга зид эмасми?

- Илёс ака, ростини айтаман, устав нуқтайи назаридан олинса, менинг баъзи бир фикрларим зид бўлиши мумкин, лекин бир нарсани тўғри тушуниш керак, ёшларга бизнинг уставларимиз, бизнинг қонун қоидаларимиз ёки қолипга солинган ғояларимиз ҳар доим ҳам ёқавермайди.

Гап бу ерда мақсадларда. Масалан, Республикадаги ёшлар томонидан Ёшлар иттифоқининг барча ёшлар билан тенг ишлаши кераклиги борасида таклифлар бўлади. Ваҳоланки, ташкилот уставида унинг асосий вазифаси ўз аъзолари билан ишлаш эканлиги кўрсатилган. Бу ерда қўйилаётган талаб ва асл ҳолат бир-бирига мос бўлмай қолади. Шу нуқтайи назардан биз айтдикки, майли у бизга аъзоми, аъзо эмасми, муҳими, Ўзбекистон фуқароси бўлсин ва шу асос бизга у билан ишлай олишимизга етарли факт бўлсин.

Агар Қурултой йўқ, бу уставга зид, буни қабул қила олмаймиз деган тақдирда ҳам биз ёшлар билан ишлайверамиз. Чунки бизнинг мақсадимиз ёшлар ташкилот озгина бўлса ҳам кўмак ҳис қилсин.

Ҳозирги кунда ёшлардаги фикрлар хилма-хиллигини, таклиф ва ғояларини уларнинг ўзисиз ва уларнинг иштирокисиз ҳал қилишнинг иложи йўқ.

- 2017 йил 5 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев «Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб–қувватлаш тўғрисида»ги фармонни имзолаганди. Мазкур фармонда хорижда таҳсил олаётган ва меҳнат қилаётган ёшларнинг ҳуқуқ манфаатларини ҳимоя қилиш ташкилот зиммасидаги вазифа сифатида белгиланган. Хўш, бу борада Ўзбекистон ёшлар иттифоқи нима ишларни амалга оширди ва эндиликда қандай режалари бор?

Нега бу саволни беряпман, афсуски, чет давлатларда ишлаётган, ўқиётган ёшлар билан кўпгина ҳолатда кўнгилсиз хабарларни эшитяпмиз, лекин уларнинг бирортасида ташкилот муносабатини кузатмадик. Шахсан сизда бу борада қандай режалар бор?

- Бу биз учун ҳақиқатда оғир савол. Назаримда, бу вазиятни жамиятда ҳамма кўриб, ҳис қилиб турибди.

Хорижга мигрант сифатида кетаётган ёшлар ҳам яхши шароит, пул топиш ва шу орқали оиласини қўллаб-қувватлаш ва ҳаётидаги бошқа муҳим қарорларга ёрдам бўлишни мақсад қилган бўлади.

Биз мана шундай ёшларга кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистон ёшлар умумжаҳон ассоциациясини ташкил қилдик. Ҳозирда бу ассоциациянинг бир қанча давлатларда бўлимлари бор. Лекин тан олиб айтиш керак, хорижда мигрант сифатида ишлаётган ёшларни ҳимоя қилишга бизнинг ваколатимиз ҳам салоҳиятимиз ҳам етмаслиги мумкин.

Биз яқинда хориждаги ёшларимизни қўллаб-қувватлаш учун «Ёш ватандошлар» форумини ўтказдик. Бу форум якунида хориждаги кўпчилик ёшларимиз Ўзбекистондаги имкониятларни кўриб шу ерда қолганлари ҳам бўлди, баъзи бирлари кейинчалик тажриба тўплаб юртга қайтадиган бўлди.

 Албатта, хорижда мигрант сифатида ишлаш давомида кўнгилсиз ҳолатларга дуч келаётган ёшларни ҳимоя қилиш учун хориждаги ходимларимиз сонини оширишга ҳаракат қиляпмиз, аммо уларнинг ҳам ваколатлари жуда кенг эмас.

Лекин шундай бўлса-да бизга турли муаммолар билан мурожаат қилган ёшларга қўлимиздан келганича кўмак берамиз.

- Биласизми, бу ерда энг катта муаммони нимада кўраман, чет элга ишлаш учун чиқиб кетаётган ёшларнинг аксарияти бораётган давлатидаги қонун-қоидалар билан етарлича танишмайди, ҳуқуқлари билан яхши таниш эмас. Муаммонинг илдизларидан бири шу ерда эмасмикан?

- Тўғри, бу жойда мен иккита асосий масалани айтган бўлардим. Яъни, чет элга кетаётган ёшлар у ерда нима иш учун боришяпти ва ўша касбнинг мутахассисими?

Чунки ҳозир ёшларнинг кўпчилиги бирор касбсиз, тил билмасдан ва ўз ҳуқуқларидан яхши хабардор бўлмаган ҳолатда хорижга кетишяпти. Муаммоларнинг асосий қисми ҳам шу сабаблардан келиб чиқади.

Шу сабабли ҳам биз жойлардаги бўлимларимизда, Ёшлар марказларида ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга алоҳида эътибор қаратамиз.

Суҳбат давомида Алишер Саъдуллаев Ёшлар уйлари масаласида келиб чиққан муаммоларнинг асосий сабаблари, ёшлар орасида «иттифоқчи» ва «уюшмаган» сифатида иккига бўлиниш сабаблари, Ёшлар телеканали ва Ёшлар радиоси фаолиятида кутилаётган ўзгаришлар, Ёшлар пресс клуби фаолиятидаги самарасизлик сабаблари ва бошқа мавзуларда қизиқарли фикрларини билдирди.

Суҳбатни тўлиқ шаклда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Кўпроқ янгиликлар