Коммунал хизматлар учун тўловларни қисқартириш бўйича 18 маслаҳат

Lifestyle 14:14 / 19.09.2019 22487

Тарифлар ошишини тўхтатиб қололмаймиз, аммо квитанцияларда қайд этиладиган рақамларни камайтириш қўлимиздан келади. Коммунал хизматларга камроқ пул сарфлашнинг бир неча чоралари билан таништириб ўтамиз.

1. Термоизоляция тизимларини текширинг

Ҳозирги кунда аксарият хонадонларда эски ёғоч деразалар ўрнини пластик ромлар эгалламоқда. Улар ишончлироқ, аммо вақт ўтиши билан монтаж ишларида фойдаланилган кўпик қурийди, резина-зичлагичлар дағаллашади. Деразадан шамол кирмаётганига аминмисиз? Жавоб қониқарсиз бўлса, тирқичларни беркитинг, акс ҳолда қишда кўчани иситасиз. Шунингдек, кириш эшиклари термоизоляциясини ҳам кўздан кечиринг.

2. Хона ҳароратини назорат қилинг

Ушбу тавсия мустақил иситиш тизимига эга хонадонлар учун амал қилади. 

Ишга кетишдан ёки кичик сафар олдидан радиаторларни пасайтиринг. Бўш хоналарни иситишдан нима фойда? Қайтишингиз билан батарея вентилини буриб хонани қулай ҳароратгача иситиб оласиз. Таймерли термостат ёрдамида иссиқликни назорат қилиш энг қулайидир.

Уй исиб кетса, деразани очиш ўрнига батарея ҳароратини пасайтириш мақбулроқ иш.

3. Чўғланма лампалар ўрнини LED эгалласин

Бу маблағ талаб қилади, аммо чиқимни оқлайди. LED туридаги чироқлар оддий лампаларга нисбатан 8-10 баробар кам энергия сарф қилади.

4. Чиқаётганда чироқларни ўчиринг

Сийқаси чиққан тавсия, аммо биз бу қоидани тез-тез бузиб турамиз. Буни болаларга ўргатиш айниқса муҳим. Уйда бўлмаган вақтингизда ҳамма хонани ёритишмасин.

5. Ҳаракат датчикларини ўрнатинг

Бу қурилмалар нафақат кўп қаватли уйлар йўлаклари учун қулай, балки ҳовлилардаги террас (пешайвон) ва чердак, йўлаклар, балкон, омборча ва бошқа кам ташриф буюрилувчи ва чироғи кўп ёниқ қолувчи жойлар учун ҳам фойдали.

6. Маиший техникадаги қувват тежаш самарадорлигини текширинг

Замонавий маиший техника воситалари қувват унумдорлиги синфларига бўлинади.

У қанча юқорилаган сари (А++, А+, А) ускуна соатига шунча кам қувват сарфлайди. Агар сиздаги музлатгич ва кир ювиш машинаси С’дан паст белгига эга бўлса, уларни алмаштириш ҳақида ўйлаб кўришингиз керак. Ҳа, бу ҳам пулга бориб тақалади, аммо узоқ йиллик муддатни инобатга олсангиз, фойда анчагина миқдорни ташкил этишини сезасиз.

7. Музлатгични тафтиш қилинг

Эшикчалардаги резина қопламаси ва музхонани текширинг. Синтетик қистирмалар чала ёпилса, совутиш бесамар кетади. Маҳсулотлар сархиллиги йўқолади ва электр энергияси исроф бўлади.
Муз қатламлари ҳам музхонадаги, ҳам совутиш бўлимидаги самарадорликни пасайтиради. Музлатгични мунтазам эритиб туришга ҳаракат қилинг, жараён гигиенадан бошқа мақсадлар учун ҳам ўтказилади.

8. Музлатилган маҳсулотларни эртароқ олиб қўйинг

Биринчидан, табиий муздан эритиш фойдалироқ. Иккинчидан, маҳсулот бир неча соатда ўзи эриши мумкин бўлганда микротўлқинли печни ёқишга на ҳожат?

9. Электр-плитани эртароқ ўчиринг

Электроплитанинг устки қисми, одатда, керамик материаллардан ишлаб чиқарилиши сабабли иссиқликни анча узоқ вақт сақлаб туради. Шунинг учун тайёрланаётган таом рецептининг охирида «яна 5-10 дақиқа паст оловда димланг» деб ёзилган бўлса, плитани қўрқмасдан ўчираверишингиз мумкин. Қоплама совигунча, овқат пишишга улгуради.

10. Тез қизувчи материалдан тайёрланган идиш ишлатинг

Керамика, шиша ва мис буюмлар қуйма темир ва пўлатга нисбатан тез қизийди. Физика қонуни. Товангиз қанча тез исиса, шунча кам газ кетади. Иқтисод қонуни.

11. Электрочойнакни ҳозир керак бўлган миқдордан ортиқ сув билан тўлдирманг

Электрочойнак қувватни кўп сарфлайди. Тўла 2 литрли чойнакни қайнатиш учун 5 дақиқа атрофида вақт кетади. Аммо доим ҳам қайноқ сувнинг ҳаммасини бирданига ишлатасизми?

12. Чангютгични тозаланг

Чангютгич ҳам кўп электр сарфлайди. Чанг ва чиқинди халтаси тўлган вақтда эса яна икки баробар кўп қувват талаб қилади, самарадорлик эса аксинча нолга тушиб кетади. Битта жойда ўн марталаб қайта-қайта тозалашга уринасиз. Бу нафақат қўшимча вақт, балки қўшимча киловаттни ҳам совуради.

13. Кир ювиш машинасини кам қувватли режимда ишга туширинг

Биз кўпинча кир ювиш машинасини ёрлиқларига бефарқ ҳолда ишга туширамиз.

Сувни 60 °С’га иситиш 30 °С’га қараганда 4 баробар кўп электр токини талаб қилади.

Кирни кетказиш учун қайноқ сув (60 °С ва ундан юқори) доим ҳам зарурат эмас. Кейинги сафар шу ҳақида ўйлаб кўринг.

Яна бир тежамкорлик усули — камроқ айланишлар сони билан сиқиш (1200 ўрнига 600 ёки 800). Ҳа, кийимлар нисбатан намроқ бўлади, лекин камроқ пулингиз кетади.

14. Сантехник чақиринг

Жўмрак томчилаётган ёки сув сизиб чиқаётган вақтда қувурдан сув эмас сизнинг маблағингиз оқяпти. Муаммоларни мустақил ёки ўз устаси кўмагида кечиктирмасдан бажаринг.

15. Сувни тежаб ишлатинг

Эшик тақиллаб қолганда ёки телефон жиринглаганда шошилиб югурманг, аввал жўмракни беркитинг.

17. Фақат рўйхатда турувчилар учун тўланг

Кўпинча, лифтдан фойдаланиш, йўлакларни тозалаш, маиший чиқиндилар ва «капремонт» учун хонадонда рўйхатда турувчилар сонига қараб тўлов суммаси белгиланади. Акангиз ёки қайнонангиз ёхуд ўғлингиз аллақачон бошқа шаҳарга кўчиб кетган бўлса ҳам рўйхатдан ўчирилмаган бўлса, улар учун ҳам тўлашга тўғри келади.

Шу каби расмиятчилик ишларини вақтида бажаринг ва маҳалла фаолларини бундан хабардор қилинг.

18. Коммунал ҳисоб-китоб дафтари тутинг

Аксарият истеъмолчилар коммунал хизматлари сифатидан эмас, унинг юқори тўловидан азият чекишади.

Доимо тўлов қоғозидаги рақамларни ускуна кўрсаткичлари ва амалдаги тариф бўйича таққосланг. 

Энергия таъминоти компанияларидан қайта ҳисоб-китоб қилиб беришни сўрашдан тортинманг. Энг асосийси коммунал тўловларни пенясиз тўлашга одатланинг.

Кўпроқ янгиликлар