Саудия Арабистонига ҳужумлар Эрон жанубидан амалга оширилган – CBS News 

Жаҳон 00:32 / 18.09.2019 13301

Саудия Арабистонидаги нефть объектларига ҳужумлар Эрон жанубидан дронлар ва қанотли ракеталар қўлланган ҳолда амалга оширилган. Бу ҳақда Вашингтондаги манбаларга иқтибос келтирган ҳолда CBS News телеканали хабар берди. Ўз навбатида, CNN телеканалининг ҳужумнинг тергови боришидан хабардор бўлган манбаси маълумотларига кўра, ракеталар Эроннинг Ироқ билан чегарадаги базасидан амалга оширилган. 

CBS’нинг маълум қилишича, отилган ракеталардан камида биттаси Кувайтнинг ҳаво ҳудуди орқали учиб ўтган. Телеканал манбаларининг тушунтиришича, Саудия Арабистони ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимлари Яман томонга қаратилгани сабабли дронлар ва ракеталарни уриб тушира олмаган.

CNN манбасининг таъкидлашича, дронлар ва қанотли ракеталар Ироқнинг жанубий қисми орқали АҚШ ва Саудия Арабистонининг радарлари энг кўп бўлган Форс кўрфазини четлаб ўтиб паст баландликда учган. У ҳам ракеталар Кувайт ҳудудини кесиб ўтганини тасдиқлаган.  

Нефть объектларига ҳужум учун жавобгарликни яманлик ҳусийлар ўз зиммасига олганига қарамай, АҚШ ҳужумда Эронни айбламоқда. Дональд Трампнинг таъкидлашича, барчаси ҳужум ортида Эрон тургандек кўринмоқда. Ўз навбатида, Ар-Риёд ҳужум вақтида Эрон қуроли қўлланганини айтган. Россия эса АҚШни “шошқалоқ хулосалар чиқармасликка” чақирган.

РБК нашрининг Россия махсус хизматларига яқин манбасининг таъкидлашича, ҳужум Саудия Арабистонининг паст учувчи қанотли ракеталардан эмас, балки асосан жанговар самолёт ва баллистик ракеталардан ҳимояловчи ҳаво ва ракетага қарши ҳужумлари тизимини четлаб ўтиш учун “икки оқим” билан амалга оширилган. Унинг таъкидлашича, дастлаб портловчи моддаси бўлган “дронлар тўдаси” қўлланиб, Саудия Арабистонининг радарлари бошқа ерга қаратилган, сўнгра қанотли ракеталар билан ҳужумнинг “иккинчи оқими” амалга оширилган.  

Кўпроқ янгиликлар