Масофавий таълим шакли Ўзбекистонда тан олинмайди. Қўшни давлатлар университетларида ўқиётган ёшлар муаммолари

Жамият 16:20 / 15.09.2019 96493

Янги ўқув йили бошланиб, Ўзбекистон ОТМ талабалари сафига кира олмаган кўпчилик абитуриентлар чет элга, асосан, қўшни давлатларда олий таълим олиш истагида кетишган.

Асосий мурожаатлар қўшни давлатлар ОТМларини тугатган талабгорлардан келиб тушмоқда

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси маълумотларига кўра, 2019 йилнинг 8 ойи статистикалари бўйича, хорижий таълим тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш учун энг кўп мурожаатлар Қирғизистон Республикаси таълимини тугатганлардан (45,7 фоиз) келиб тушмоқда. Иккинчи ўринни эса Тожикистон (16,7 фоиз), сўнг Россия (14,3 фоиз), Қозоғистон (10,6 фоиз) эгаллаган.

Бу статистика нафақат олий таълимни тугатганларга алоқадор, балки мактаб, коллеж-лицейни тугатганлик тўғрисидаги ҳужжатларнинг тан олинишини ҳам ўз ичига олади. 

Шунингдек, хорижий таълимни тан олиш тўғрисидаги ҳужжатларнинг талабгорларини энг кўп педагоглар ташкил қилмоқда (1216та), муҳандислик, ишлов бериш, қурилиш, соғлиқни сақлаш, ҳуқуқшунослик йўналишини битирганлар ҳам кўп.

Манба: Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси

«Ўзимизда кириш имтиҳонларидан ўтишим қийин эди»

«Ўтган йили Олмаотадаги хусусий университетлардан бирининг кундузги бўлимига кириш имтиҳонларисиз ўқишга кирган эдим. Ўзбекистонда кириш имтиҳонларидан ўтиш мен учун қийинлик қилишини ўйлаб, нодавлат бўлишига қарамасдан ўша университетни танладим. Бироқ бу ОТМнинг дипломи бизда тўғридан тўғри тан олинмайди. Шунинг учун Қарағанда давлат техника университетига ўқишимни кўчирганман. Бу университет топ мингталикка киритилган», дейди талабалардан бири Бўрибой Жумақулов.

Унинг маълумот беришича, ўзи таҳсил олаётган университет шартнома пули 7 миллион (300 минг тенге) бўлиб, шартнома асосида ўқиётганларга стипендия берилмайди. Бир талабанинг харажати эса тежаб-тергаб ишлатганда ойига 100 долларни ташкил қилиши мумкин.

«Олий маълумот олиш хоҳишини тўғри қабул қилиш керак»

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бош бошқармаси бошлиғи Абдураҳим Носиров нега олий маълумот олишни хоҳловчи ёшларнинг асосий қисми хорижнинг нуфузли универститетларини эмас, балки қўшни Қозоғистон, Қирғизистон ОТМларини танлаётгани борасида ўз фикрларини билдирди.

Абдураҳим Носиров

«Олий таълим Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалдаги қонунчилик доирасида бакалавр – кундузги 4 йил, сиртқи таълим – 5 йил, шунингдек, кечки таълим шаклида олиб борилади.

Жорий йил 1 миллиондан ортиқ талабгор олий таълим муассасасаларига ҳужжат топширди. Гарчи ислоҳотлар натижасида кейинги йилларда қабул квоталари 9 фоиздан 12-13 фоизга ошган бўлишига қарамай умумий эҳтиёжни қондириш учун бу қамров ҳали кам.

Бироқ бу натижага эришиш учун анча салмоқли ишлар амалга оширилди: 30га яқин хорижий университетлар, уларнинг филиаллари, қўшма факультетлар очилиб, қабул жараёнлари ҳам бошланди. Лекин қамров фоизи ҳануз пастлигича қолмоқда», дейди Абдураҳим Носиров.

Унинг таъкидлашича, ОТМлар сонини бирдан кўпайтиришнинг ҳам иложи йўқ. Талабаларга ўқиш шароитини яратиб бериш учун моддий-техник база ва бинолар тўлиқ тайёр эмаслиги биринчи сабаб бўлса, иккинчи муаммо кадрлар масаласига бориб тақалади.   

«Лекин ҳар бир ота-она фарзандининг олий маълумотли бўлишини хоҳлайди. Ўз давлатида олий маълумот олиш чекланган пайтда хорижий давлатлардан имконият излаш эса табиий ҳол. Бу ота-онанинг ва абитуриентнинг хоҳиши эканлигини тушуниш керак.

Биз эса уларга ўрнатилган тартибда қонуний йўлларни таклиф қилсак, мақсадга мувофиқ бўлади. Шунга кўра, абитуриентлар четга таълим олиш учун бориб, адашиб қолмасликлари учун мумкин қадар маълумот беришга ҳаракат қиляпмиз», дейди бош бошқарма бошлиғи.

Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжат тўғридан-тўғри тан олиниши мумкин

2019 йил 24 июль куни Вазирлар Маҳкамасининг «Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш тартибини такомиллаштириш ҳақида»ги низомига биноан, маълум тартибда ўқиганларнинг ҳужжатлари синовларсиз тўғридан-тўғри тан олинади.

Булар:

  • хорижий давлатларда умумий ўрта, ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва малака ошириш таълими олган талабгорларнинг хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатлари;
  • Ўзбекистон Республикаси ҳудудида алоҳида бўлинмалари (филиаллари) ва қўшма таълим муассасалари фаолият юритаётган хорижий таълим муассасаларида таълим олган талабгорларнинг ҳужжатлари;
  • Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Давлат инспекциясининг қўшма қарори билан рўйхати ҳар йили тасдиқланадиган халқаро эътироф этилган ташкилотларнинг (Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Нigher Education, Academic Ranking of World Universities) рейтингида олий таълим муассасалари орасида биринчи 1 000 ўринни эгаллаган хорижий олий таълим муассасаларида таълим олган талабгорларнинг ҳужжатлари;
  • тизимида олий таълим муассасалари бўлган Ўзбекистон Республикаси вазирликлари ва идораларининг йўлланмалари асосида мутахассисларни мақсадли тайёрлаш учун хорижий давлатлар томонидан ажратилган квоталар (грантлар) ҳисобидан таълим олган талабгорларнинг ҳужжатлари; 
  • 1992 йил 1 январгача хорижий таълим муассасаларига ўқишга кирган талабгорларнинг ҳужжатлари;
  • Олий таълимда сифатни кафолатлаш Европа ассоциациясининг (European Association for Quality Assurance in Нigher Education) тўлақонли аъзолари — ваколатли ташкилотлар томонидан аккредитация қилинган таълим муассасаларида таълим олган талабгорларнинг ҳужжатлари, рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган йўналишлар, мутахассисликлар ва касблар бундан мустасно;
  • Америка Қўшма Штатлари, Австралия Иттифоқи, Исроил Давлати, Канада, Сингапур Республикаси, Корея Республикаси, Япония давлатларининг ушбу давлатлар ваколатли ташкилотлари томонидан аккредитация қилинган таълим муассасаларида таълим олган талабгорларнинг ҳужжатлари, рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган йўналишлар, мутахассисликлар ва касблар бундан мустасно;
  • хорижий олий таълим муассасаларида мутахассисларни мақсадли тайёрлаш учун Ўзбекистон Республикаси вазирликлари ва идоралари томонидан ажратилган маблағлар ҳисобига таълим олган талабгорларнинг ҳужжатлари;
  • Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида назарда тутилган ҳолларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатлар.

«Энди фақат бир босқичли тест синовларини топшириш ҳужжатни тан олиш учун кифоя»

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бош бошқармаси бошлиғи Абдураҳим Носировнинг маълумот беришича, Вазирлар Маҳкамасининг «Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш тартибини такомиллаштириш ҳақида»ги низоми жорий йил қатор хорижий давлатлар тажрибаларини ўрганиш ва мослаштириш асосида янгиланган.

Ҳужжатнинг асосий янгилиги «нострификация» атамасидан воз кечилгани билан изоҳланмоқда.  Лиссабон конвенцияси ва Токио конвенцияларига кўра, халқаро доираларда бу атамалардан олдинроқ воз кечилган. Шунинг учун Ўзбекистонда ҳам «нострификация» атамасининг ўрнига «хорижий давлатларнинг дипломларини тан олиш» сўзи муқобил вариант сифатида қабул қилинди.

«Бундан ташқари, ҳужжатда бошқа янгиликлар ҳам бор. Олдин дипломи тан олиниши учун мурожат қилган фуқаро 2 босқичда: Ўзбекистон тарихи фанидан тест топшириқларини бажариш ва ўз йўналиши бўйича суҳбатдан ўтиш билан синовдан ўтказилган бўлса, юқоридаги низом билан бу ҳолат соддалаштирилди. Янги тартиб бўйича энди фақатгина бир босқичда мутахассислик фанларидан тест имтиҳонлари топшириляпти», дея асосий янгиликларни изоҳлаб берди Абдураҳим Носиров.

«Амалдаги таълим тизимимизга мувофиқ келмайдиган шаклда таълим олган талабгорларнинг ҳужжатлари тан олинмайди»

Таълим сифатини назорат қилиш инспекциясининг маълумотларига кўра, амалдаги таълим тизимимизга мос равишда таълим олган талабгорларнинг дипломлари тан олиниши муаммасиз ҳал этилади. Бунда кундузги бакалавр таълим шакли - 4 йил, сиртқи шаклда бакалавр - 5 йил, магистратура таълими - 2 йил бўлиши лозим.

Ҳозирги кунда масофавий таълим шакли бўлмагани учун хорижий давлатда бу кўринишда олинган таълим Ўзбекистонда тан олинмайди.

«Бугун жуда кўп хорижий давлатлар бизда масофавий таълимни тарғиб қилмоқда. Кириш имтиҳонларисиз тўғридан-тўғри талаба бўлиш ва уйда ўтириб олий таълимни тугаллаш имконияти кўпчиликнинг эътиборини тортмоқда. Бунга ишонганлар маълум миқдордаги пул маблағини тўлаб, консалтинг-компаниялари орқали 3-4 йил муддатда таълимни тугатдик деб юришади. Лекин келгандан сўнг турли тушунмовчиликларга дуч келишмоқда.

Тасаввур қилинг, бу тарзда олинган таълимнинг сифати қанақа бўлади? Шунинг учун биз одамларга имкон қадар хорижда кундузги шаклда таълим олишни маслаҳат берамиз.

Бундан ташқари, жуда кўп давлатлар 3 йиллик сиртқи таълимни таклиф қилмоқда. «Бир йилда 2 марта келиб-кетиб олий маълумот эгаси бўласан», деган таклифларга учаётганлар кўп. Лекин биздаги тартиб бўйича олий маълумот олиш учун камида 4 йил ўқиш зарур.

Яқинда техникум таълимини тугатганларга 2 босқичдан ўқишни давом эттириш имконияти берилиши тўғрисида янгилик эълон қилинди. Лекин бу ўқув йилидан ушбу ўзгариш таълим тизимига жорий этилаётгани йўқ», дея турли тушунмовчиликларга изоҳ берди Абдураҳим Носиров.

«Таҳлиллар хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларнинг тан олиниши учун мурожаат қилган талабгорларнинг билим даражаси юқори эмаслигини кўрсатмоқда»

2018 йил август ҳолатига кўра, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясига хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларининг тан олиниши учун жами 1 минг 481та ариза келиб тушган бўлиб, уларнинг 543таси тан олинган.

2019 йилнинг худди шу даврига қадар эса қабул қилинган 4261та аризанинг 1984таси тан олинган бўлса, 246таси рад этилган, 724таси жараёнда.

Ҳужжатни тан олиш учун имтиҳон топшириш имкони чегараланмаган. Яъни бир мартада имтиҳонни топшира олмаган талабгор яна қайта тест топириғини бажариш учун мурожаат қилиши мумкин. 

«Ҳозир янги низом асосида бошланғич таълим йўналиши бўйича илк бора бир босқичли имтиҳон топшириш жараёни бўлиб ўтмоқда. Бунда мутахассислик бўйича 50та тест 100 дақиқа ичида ишланиши лозим бўлиб, 54 ва ундан кам балл тўплаганларга тан олинганлик сертификати берилмайди.

Агар талабгор топшириқнинг 55 фоизини бажарса ҳам, давлатга хизмат қила оладиган ва меҳнат бозорида сифатли кадр деб тан олиниши мумкин.

Лекин ҳозир ўтаётган тест жараёнларини кузатиш орқали айтиш мумкинки, талабгорларнинг таълим олганлик даражаси унчалик яхши эмас. Бугун мен кузатган бир гуруҳ тест топширувчининг 10 фоизга яқини тест топшириқларини муваффақиятли бажарди, холос», дейди Абдураҳим Носиров.  

Унинг таъкидлашича, айни пайтда ҳужжатни тан олиш учун тест топшираётганлар орасида имтиҳондан ўтаётганларга қараганда уни топшира олмаётганлари кўпроқ. Талабгор ўқишни мунтазам дарсларга қатнашиб тамомлаганми ёки фақат диплом учун ўқиганми, буни таҳлиллар кўрсатиб бермоқда. Бироқ белгиланган фоизга эриша олмаса-да, шунга яқин балл олаётганлар ҳам бор. Улардан ўз устида кўпроқ ишлаш талаб қилинади.

Бундан ташқари, амалдаги тартибга кўра, агар талабгор иккинчи марта тест топшириғини бажаришни хоҳласа, унда Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикасининг Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали қайтадан регистрациядан ўтишига тўғри келади. Қайта мурожаат қилувчилардан тўлов миқдори ҳам камайтирилган тартибда олинади (Янги низом бўйича биринчи мурожаат учун ЭКИҲ 3 бараварида, қайта мурожаат учун ЭКИҲнинг 2 бараварида).

Қайд этиш жоизки, ҳуқуқ, тарих каби йўналишларнинг ҳамма ерда ўзига хос хусусиятлари бор. Чунки ҳеч қаерда Ўзбекистон тарихи алоҳида ўргатилмайди. Шунинг учун бу йўналишлар бўйича таълим ҳужжати тан олиниши учун мурожаат қилган талабгорлар халқаро ҳуқуқ, жаҳон тарихидан ташқари, бу йўналишларга оид фарқли жиҳатларни (Ўзбекистон қонунчилиги, Ўзбекистон тарихи) ўрганиш талаб этилади.

«Хорижда таълим олиш учун ОТМ танлашдан олдин аккредитация ҳужжатини текишириб кўриш лозим»

«Хорижда таълим олишга кетишдан олдин адашмаслик учун биз ҳаммага олий таълим муассасасининг аккредитациялангани тўғрисидаги ҳужжатининг амал қилиш муддатини текширишни маслаҳат берамиз.

Масалан, Россия Федерацияси яқин йилларда 1 ярим мингдан ортиқ ОТМларининг жуда катта қисмини ёпди. Бунда давлат, асосан, аккредитациядан ўтказилмаган ёки аккредитациянинг амал қилиш муддати ўтган ОТМларга эътибор қаратган. Аккредитация қилинмаган ОТМлар эса диплом бериш ҳуқуқига эга эмас.

Лекин шунга ўхшаш ОТМлар бизга келиб, ўз муассасасини реклама қилиш билан шуғулланмоқда. Гарчи ўқув йили бошланиб кетган бўлса-да, октябрь ноябрь ва ҳатто декабрдан таълим беришни бошлаймиз, деб ишонтирувчилар ҳам талайгина. Бу каби ишончсиз университетлардан эҳтиёт бўлиш зарур», дейди Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бош бошқарма бошлиғи.

Унинг қўшимча қилишича, Қозоғистонда ҳам топ мингталикка кирган Мухтор Авезов номидаги Қозоғистон давлат университети, Ал-Фаробий номидаги қозоқ миллий универститети каби бир қанча ОТМлар мавжуд.

Лекин яна бир нарсани инобатга олиш зарурки, бу каби университетлар томонидан олинган масофавий таълим ёки 3 йиллик ситрқи таълим шакли ҳам Ўзбекистонда бу таълим шакли йўқлиги учун қабул қилинмайди.

«Ўтган йили Қозоғистонга таълим олиш учун кетиб, худди шу муаммоларга дуч келаётганлар ҳам кўп бўлган. Биз бу борада Қозоғистон давлатидан келган масъуллар билан маълум маънода муҳокамалар олиб борганмиз. Улар ўз қонунчилик ҳужжатларининг кўп жиҳатларини бизга мослаштириш ҳаракатида», дейди Абдураҳим Носиров.

Аккредитация муддати тугаган ОТМларда алданганлар ҳам бор

Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси мутасаддисининг маълумотига кўра, ташкилотга ўтган ўқув йилида консалтинг-компаниялари томонидан тарғиб қилинган университетларда таълим олиш учун кетиб алданган ёшлардан мурожаатлар келиб тушган.

Мурожаатга кўра, Мухтор Авезов номидаги Қозоғистон давлат университети биноси суратлари тарқатилиб, ёшларни бутунлай бошқа бинога ўқиш учун олиб боришган. Бир йил давомида на талабалик гувоҳномаси, на рейтинг дафтарчаси олмасдан ўқиган ёшлар кейинроқ ўзларининг Мухтор Авезов номидаги Қозоғистон давлат университетида эмас, сохта ОТМда таҳсил олаётганларини тушуниб етган.

«Бу каби ҳолатлар нафақат Қозоғистонда, балки бошқа турли давлатларда ҳам содир бўлиши мумкин. Шунинг учун ота-оналар алданиб қолмаслик учун таълим муассасасининг аккредитациядан ўтган-ўтмагани, муддати тугамагани, аккредитацияланиши ким томонидан амалга оширилган давлат ёки нодавлат бўлса ҳам, ENQA (European National for Quality Assurance in Higher Education) каби тан олинган ташкилотлар томонидан қилинганини текшириши лозим. Бундан ташқари, таълимнинг даврийлиги ва шакли ҳақида ҳам эътиборли бўлиш зарур», дея қайта-қайта таъкидлади Абдураҳим Носиров. 

Олий таълим олиш - замон талаби. Талабга жавоб берадиган ва ишончли ОТМни танлаш эса ҳар кимнинг ўзига боғлиқ. Бу борада турли сохта ОТМлар қурбонига айланмаслик учун тўғри танлов қила олиш керак, холос.

Зилола Ғайбуллаева

Кўпроқ янгиликлар