Депутатлар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири лавозимига номзодни кўриб чиқяпти

Ўзбекистон 09:45 / 12.09.2019 6614

Амалдаги қонун ҳужжатларига биноан, Вазирлар Маҳкамаси аъзолари, вазирлар лавозимга тайинланишидан аввал уларнинг номзоди аввало Олий Мажлис Қонунчилик палатасида депутатлар томонидан кўриб чиқилиб, маъқулланади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида таркиб топган янги амалиётга мувофиқ, айни дақиқаларда сиёсий партиялар фракциялари ҳамда Экоҳаракат депутатлик гуруҳида депутатлар Ҳукумат аъзолигига тайинланаётган номзодни кўриб чиқяптилар.

Бу гал Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири лавозимига номзод муҳокамаси ўтказилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати хабарига кўра, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири лавозимига айни пайтда Тошкент шаҳри Сергели тумани ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Нозим Ҳусановнинг номзоди кўрсатилган.

Фракциялар йиғилишларида Н.Ҳусанов депутатлар томондан кўтарилган саволларга атрофлича жавоб қайтарди ҳамда улар эътиборига мазкур лавозимга киришганидан сўнг фуқаролар бандлигини таъминлаш соҳасидаги ислоҳотларнинг самарадорлигини ошириш мақсадида келгусида қиладиган ишлари бўйича ўз Ҳаракатлар дастури ҳақида атрофлича ахборот берди.

Ушбу масала бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида батафсил кўриб чиқилади.

Бундан олдин, Тошкент шаҳрининг Сергели тумани ҳокими Нозим Ҳусанов Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири этиб тайинланиши хабар берилганди.

Кўпроқ янгиликлар