Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси гўшт нархи қимматлашиши сабаблари ҳақида гапирди

Ўзбекистон 20:40 / 11.09.2019 28977

Kun.uz таҳририяти Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳамда унинг фаолияти, бугунги кунда мазкур соҳада олиб борилаётган ишлар, вужудга келаётган долзарб масалалар ва уларнинг ечимларига оид бир қатор саволларга жавоб олиш мақсадида Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси Нажмиддинхўжа Шарипов билан суҳбат уюштирди.

Қўмита раиси суҳбат давомида бугунги кунда гўшт нархи ошиб кетаётганига ҳам ўз муносабатини билдириб ўтди.

«Ўзбекситонда 4 200 000 (тўрт миллион икки юз минг) бош қорамол бор. Уларнинг 95 фоизи, тасаввур қилинг, аҳоли ва кичик фермер хўжаликлари тасарруфида. Саноат ишлаб чиқариши эса деярли мавжуд эмас. Айнан ўша 5 фоизи саноат ишлаб чиқариши ҳиссасига тўғри келади. Аҳолининг эҳтиёжидан келиб чиқиб гўшт маҳсулоти асосий озиқ-овқат маҳсулоти ҳисобланади. Бозорларимизда доим гўшт бўлиши керак.

Бозорга ким гўшт етказиб беради, ким томонидан сотилади? Албатта, юқорида айтиб ўтганимдек, 95 фоизи чорва қўлида бўлган аҳоли ва фермер хўжаликлари томонидан. Саноат ишлаб чиқарувчилар эса асосан гўштни ўз эҳтиёжи учун ишлатади. Масалан, булар асосан колбаса ишлаб чиқаришга ёки гўштни қайта ишлашга йўналтирадиган корхоналар ҳисобланишади.

Биз ҳудудий бошқармаларимизга гўштнинг бозоргача етиб бориш занжирини ўрганиш мақсадида тегишли топшириқ бердик. Бу занжирни ўрганиш жараёнида хонадонларга ҳам фермер хўжаликларига ҳам ва саноат ишлаб чиқарувчиларга ҳам кирдик. Гўшт етказиб берувчиларни ҳам ўргандик. Масалан, бир хонадоннинг 10-20 бош қорамол бор, ўз томорқаси бор, томорқасида беда, маккажўхори экади. Биз айнан гўшт нархи ошган вақтда бордик. Нима учун нарх ошгани, нега қимматга сотишаётгани ҳақида сўрадик.  «Бу йил ёғингарчилик кўп бўлди. Бунинг натижасида маккажўхори етиштириш яхши бўлди. Аслида мол маълум бир оғирликка етганда сотиб юборамиз. Лекин биз бир-икки ой ушлаб шу озуқани берсак, бизга қорамол 200-300 кг қўшимча ҳажм беради. Шунинг учун ҳозир биз озуқа билан яхшилаб боқиб олсак, қимматроққа сотилади. Ҳозирча сотмай турибмиз», деб жавоб беришди», дейди қўмита раиси.

Нажмиддинхўжа Шариповнинг таъкидлашича, гўшт қимматлашишига сабаб – бизда саноат ишлаб чиқариш йўқ.

«Агар биз саноат ишлаб чиқаришни тўлиқ йўлга қўйсак, бозорни тўйинтириб гўшт маҳсулотларини чиқариш имконияти бўлади. Саноат ишлаб чиқаришни ривожлантиришимиз керак. Оддий мисол, парранда гўшти. Бу ҳам гўшт. Мол гўшти қимматлашадиган бўлса аҳоли барибир, озгина бўлса ҳам, парранда гўштига ўтади. Вақтида парранда соҳасини ривожлантириш бўйича бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Айнан парранда саноат соҳаси ривожланди. Паррандани барча истеъмолчиларга, бозорга етказиб берувчилар айнан саноат ишлаб чиқарувчилар ҳисобланишади. Парранда саноати бўйича жуда кучли рақобат вужудга келган. Бунинг натижасида парранда гўшти нархи сўнгги 5 йил давомида бир меъёрда турибди. Айнан шу механизмни гўшт бўйича ҳам жорий қилишимиз керак.

Саноат ишлаб чиқариш учун қанақа шароит керак? Мутахасиссларнинг ҳисоб-китоби бўйича 1 бош қорамол учун 30 сотих ер керак. Саноат ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун минг бош қорамол бўлиши керак. Минг бош қорамолга яраша тадбиркорларга ҳокимликлар томонидан ер берилса ана шунда бу соҳа ривожланади», дейди қўмита раиси. 

Суҳбатни тўлиқ шаклда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Кўпроқ янгиликлар