Давлат божхона қўмитаси 2019 йилда бюджетга 16,5 трлн сўм туширишни режалаштирган

Ўзбекистон 20:01 / 11.09.2019 2265

Бугун, 11 сентябрь куни Ахборот ва оммавий комуникациялар агентлигида Давлат божхона қўмитаси мутасадди вакиллари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.

Қўмита раиси ўринбосари Ғофуржон Шукуров берган маълумотларга кўра, 2018 йилда давлат бюджетига 11,5 трлн сўм, 2019 йилнинг 8 ойида 9,9 трлн сўм божхона тўловлари ундирилган. Йил якунигача бу кўрсаткич 16,5 трлн сўмга етказилиши режалаштирилган.

Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, чет эл инвестицияларини фаол жалб қилиш, ишлаб чиқаришни ривожлантириш ҳамда давлат дастурлари ижросини таъминлаш мақсадида 2018 йилда 47,5 трлн сўм, жорий йилнинг 8 ойида 39,5 трлн сўм божхона тўловларидан имтиёзлар берилган.

2018 йилда божхона органлари томонидан ўтказилган мониторинг ва таҳлил натижасида 207та хўжалик юритувчи субъектлар томонидан 185,1 млрд сўмдан ортиқ божхона тўловлари билан боғлиқ имтиёзлардан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатлари аниқланди. Жорий йилнинг 8 ойида 60та хўжалик юритувчи субъектлар томонидан 30,5 млрд сўмлик имтиёзлардан қонунга хилоф равишда фойдаланиш ҳолати фош этилиб, қонуний чоралар кўрилган.

2018 йилда 12 533та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланиб, далилий ашё сифатида 144 млрд сўмлик товар-моддий бойликлар, 46,6 кг миқдоридаги гиёвандлик воситалари, 37та қурол, 1957 дона психотроп таблеткалар, 8,6 минг дона тақиқланган диний мазмундаги материаллар, 98,5 минг дона пиротехника маҳсулотлари ушлаб қолинди.

Жорий йилнинг 8 ойида 11 205та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланиб, улар бўйича 128,4 млрд сўмлик товарлар, шу жумладан, 31,2 кг гиёвандлик воситалари, 26956 дона психотроп таблеткалар, 29 дона қурол-яроғ, 46,4 кг порох, 192,5 минг дона пиротехника маҳсулотлари тўхтатиб қолинган.

Давлат божхона қўмитаси томонидан 33та хорижий мамлакат божхона хизматлари билан божхона соҳасининг турли йўналишлари бўйича 138та халқаро шартномалари тузилган.

Тадбир давомида тизимда қайд этилган коррупция ҳолатлари бўйича аниқ рақамлар келтирилиши сўралди.

«Афсуски коррупция ҳолатлари йўқ дея олмаймиз, учраб турибди. Аммо бу иллатга қарши кескин кураш олиб бориляпти ва муросасиз муҳит шакллантириляпти. Шуни унутмаслигимиз керакки, коррупцияга инсон омили сабаб бўлади. Яъни биз нафақат олувчи билан, балки берувчи билан ҳам курашишимиз керак. Жорий этаётган янги тизимларимизга кўра, инсон омили минимал даражага туширилади, асосий тизимлар автоматлаштирилади. Масалан, экспорт қилувчи тадбиркор тизимга маълумотларни киритганидан кейин 4-5 дақиқа ичида барча ҳужжатлар электрон тарзда расмийлаштирилади», дея жавоб берди бу саволга Ғофуржон Шукуров.

Кўпроқ янгиликлар